Ўрта аср Шарқ муаррихларининг фикрига кўра, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудлари VII асрдан Мовароуннаҳр номи билан тилга олинган. Ушбу атама юртимизга ислом дининг кириб келиши билан боғлиқ. Манбаларга кўра, "Мовароуннаҳр" сўзи "дарёнинг нариги томони, икки дарё оралиғи, дарёнинг нариги соҳили" маъноларида ишлатилган. Бу ҳозирги Амударё бўлиб, қадимда Жайҳун номи билан юритилган.
Бу атама ҳақида даслабки маълумот ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Абу Бакр ат-Тамимий Аҳнаф ибн Қайс ибн Муовия ибн Ҳусайнга йўллаган мактубида учрайди. Асли исми Зоҳҳак бўлган бу шахс ўз исми билан эмас, Аҳнаф (яъни оқсоқ) лақаби билан танилган. Бу саҳобий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида мусулмон бўлиб, Умар розияллоҳу анҳунинг давлат бошқарувлари вақтида Хуросонга жўнатилган.
Аҳнаф ибн Қайс ҳижрий 22 (мил. 642) йилда Хуросоннинг Марв ва Балх шаҳарларини эгаллагач, Халифа Умар розияллоҳу анҳу унга шундай мазмундаги мактуб йўллаган: "Аммо баъд! Дарёдан ўтманглар. Унинг аввалги тарафи билан чекланинглар. Хуросонга нима мақсадда кирганингизни ёдда тутингизлар. Ўз мақсадингизда бардавом туринглар. Шунда ғалабангиз ҳам аён бўлади. Дарёнинг у тарафига ўтишдан сақланинглар". Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўз мактубини ҳамд-у сано билан бошлаб, ўз лашкарбошига дарёнинг нариги томонига ўтмасликка чақирмоқда. Мактубдаги араб тидиги "дун" (олди) ва ан-Наҳр (дарё) сўзлари дарёнинг олди тарафи мазмунини англатар эди. Бу эса ўша вақтда "Мовароуннаҳр", яъни "дарёнинг орқа тарафи" атамаси мавжуд бўлганига далалолат қилади.
Машҳур тарихчи Ёқут Ҳамавий: “Мовароуннаҳр Хуросондаги Жайҳун дарёсининг нариги томонидир” деган фикрни илгари суради. Муаррих Жайҳун дарёсининг шарқий томонини "Ҳайталлар юрти" деб атайди. Ислом кириб келганидан сўнг "Мовароуннаҳр" деб юритила бошлаганини зикр этади. Дарёнинг ғарбий томонини эса, Хуросон ва Хоразм вилоятига тегишли дейди. Шу ўринда яна Хоразмнинг Хуросон ҳудудига кирмаслигини таъкидлаб, унинг алоҳида бошқа юрт бўлганини уқтириб ўтади.
Тарихда Араблар кириб келгандан кейингина мазкур ерлар "Мовароуннаҳр" деб юритила бошланган. Араблар Мовароуннаҳр деганда Ўрта Осиёнинг Амударё ва Сирдарё оралиғидаги ҳудудларни назарда тутганлар. Аллоҳ таоло биринчи ҳижрий асрда Мовароуннаҳр диёрини Ўзининг охирги ва мукаммал дини Ислом нури билан мунаввар қилди. Бу диёр аҳлининг кўпчилиги Исломни очиқ қалб билан қабул қилди. Уларнинг Исломи гўзал бўлди. Зотан Аллоҳ таолонинг Ўзи бу диёр одамларини уларга берган ажойиб табиат ва қобилиятларга мос ва уларнинг ривожига омил бўлувчи қиёматгача боқий қолувчи дини Исломга ҳидоят қилган эди. Мовароуннаҳр аҳолисининг Ислом динига кириши уларнинг кўплаб қобилиятларининг очилишига, ҳаётнинг кўплаб жабҳаларида ўзларининг пэшқадамликларини исбот қилишга олиб келди. Тез орада Исломнинг турли соҳа ва илмлари бўйича Мовароуннаҳрлик намояндалар етишиб чиқа бошладилар. Бу ҳаракат тезлик билан ривож топди ва турли илмларда умумдунё миқёсидаги буюк алломалар етишиб чиқа бошлади. Шу тариқа Мовароуннаҳрда Ислом дини ва исломий илмлар ривожи бошланди. Бухоро, Самарқанд, Термиз, Насаф каби шаҳарларнинг номи исломий шаҳарлар сифатида бутун дунёга танилди.
Мадина Жўраева,
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси
Ироқнинг “Azzaman” газетасида “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги: Давлат барпо этишдан Учинчи Ренессанс сари” номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда.
1991 йилда қўлга киритилган мустақиллик Ўзбекистон халқи ҳаётида тарихий бурилиш ясаб, миллий давлатчилик асосларини шакллантириш, иқтисодий тараққиёт пойдеворини яратиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш жараёнини бошлаб берди.
2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда “Янги Ўзбекистон” тамойили асосида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Марказий Осиёда изчил ва мувозанатли ривожланиш йўлидан бораётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.
Муаллиф Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инфратузилмани модернизация қилиш, рақамлаштириш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилган чора-тадбирларга эътибор қаратган.
Мақолада аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини ошириш, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам алоҳида фикр юритилган.
Нашрда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Учинчи Ренессанс” ғояси Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик йўналишларидан бири сифатида баҳоланган. Унда Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан юрт бугунги кунда илм-фан, инновация, технология ва инсон капиталини ривожлантириш орқали янги уйғониш даврини яратишга интилаётгани қайд этилган.
Ироқ матбуоти Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрнига ҳам тўхталиб, мамлакатда бой илмий-маърифий меросни ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлаган. Жумладан, Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини намойиш этувчи муҳим илмий-маданий маскан сифатида қайд этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати