Ҳозирги кунда дунёда беш ярим мингдан ортиқ тил мавжуд. Араб тили энг кўп тарқалганидир. Ер юзида икки миллиардга яқин мусулмон кундалик ибодатлари ва турли диний қадрият ва расм-русумларни адо этиш учун ушбу тилга мурожаат қилади.
Бугунга келиб, тахминан 25 га яқин давлатда араб тили расмий тил сифатида тан олинган. Маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг ярим миллиардга яқини араб тилида сўзлашади. Ўз навбатида, бу тил дунёда кўп сўзлашиладиган бешинчи тил.
Инглизлар гапираётганида арабча сўз қўллашини биласизми? Араб тилидан инглизчага қандай сўзлар ўтиши мумкин?
Беихтиёр Қуръон, ҳадис, суннат, мазҳабга доир диний атамалар хаёлингизга келади. Лекин инглиз тилидаги мингга яқин сўз араб тилидан келиб чиққани тахмин қилинса-да, уларнинг аксарияти ичимликлар, тиббий ва илмий атамалар, ҳайвонлар ва ўсимликлар, шунингдек, биз фойдаланадиган кундалик ашё ва маҳсулотлар номларидан иборат.
Инглиз тилига кириб келган арабча сўзларнинг катта қисми халқаро савдо, истилолар, кашфиётлар ва миграция натижасидир. Тарихчи ва тилшуносларнинг тахминларига кўра, бир неча асрлар олдин испанлар арабча сўзларни ўзлаштирган ва ишлата бошлашган. Ушбу ўзгариш милоддан олдинги 700-йилларда бошланган бўлиши мумкин. Баъзи инглизча сўзларнинг келиб чиқиши тўғридан-тўғри бўлса, бошқалари билвосита араб тилидан лотин, турк ёки француз каби қадимги Европа тиллари орқали ўтган. Бунга “шакар” ва “адмирал” сўзлари мисол бўлади. Қуйида баъзи мисолларни келтирамиз: sugar – سُكر – шакар, salad – سلاطة – салат, earth – أرض – ер, cotton – قطن – пахта, algebra – الجبر – алгебра, story – أسطورة – ҳикоя, jasmine – ياسمين – ясмин, safari – صفر – сафар, check – صك أو شيك – чек, zero –صفر – нол, alcohol – الكحول – алкогол, soda – صودا – сода.
Манбалар асосида Имом Бухорий номидаги
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси
Дилфуза ТЎЛАГАНОВА тайёрлади.
Юртимизда аҳоли маънавиятини юксалтириш, соф эътиқод ва миллий қадриятларимизни кенг ёйиш ҳамда халқимизга тўғри ва ишончли диний-маърифий илмларни етказишда даврий матбуот нашрларининг ўрни беқиёс.
Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Қашқадарё вилоятида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Ҳидоят» ва «Мўминалар» журналлари ҳамда «Ислом нури» газетасига 2026 йилги обуна мавсумида фаол иштирок этиб, ушбу нашрлар тарғиботига муносиб ҳисса қўшган соҳа масъуллари ва имом-хатибларни тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Шамсиддинхон Бобохонов» нашриёт-матбаа ижодий уйи Даврий нашрлар бўлими бошлиғи Иброҳим Иномов ҳамда нашрлар бош муҳаррири Абдужалил Хўжамов иштирок этди.
Йиғилишда таъкидланганидек, мазкур газета ва журналлар шунчаки матбуот воситаси эмас, балки ҳар бир хонадонга илм-маърифат, соғлом эътиқод ва фазилат олиб кирувчи мўътабар маънавий манбалардир. Улар орқали халқимиз мўътадил диний илмларни ўзлаштириб, ўзларини қизиқтирган саволларга расмий ва асосли жавоблар олиш имконига эга бўлади.
Мулоқот давомида диний нашрларнинг жамиятдаги аҳамиятини ошириш, аҳолини мутолаага жалб этиш ва янги босқичдаги обуна ишларини янада самарали ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбир якунида нашрларни аҳоли орасида кенг тарғиб этишда фидойилик ва ташаббускорлик кўрсатган бир гуруҳ имом-хатиблар ва соҳа ходимларига ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати