Аллоҳ таоло муқаддас каломи бўлмиш Қуръони каримда ҳамда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида мўмин мусулмонларни ғийбатдан ва бир-бирлари ҳақида ёмон гумон қилишдан қайтарганлар.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 12-оятида хабар бериб айтадики: “Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа,ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албата, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳимлидир”.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: “Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир”.
Бошқа бир ҳадисда айтилишича: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кишилар сўрадилар. Ё Аллоҳнинг Расули ғийбат нима? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг”, дедилар. Шунда: Биродаримда мен айтган нарса бўлсачи? деб сўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан аммо бўлмаса бўҳтон қилган бўласан”, дедилар.
Улуғ саҳобалардан Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил”, деганлар.
Уламолардан Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ: “Ким ғийбатдан омонда бўлишни истаса, гумон эшикларини маҳкам беркитсин. Ким гумондан узоқда бўлса, дўсти айбини ахтаришдан омонда бўлади. Ким бировнинг хатосини топишдан холи бўлса, у ғийбатдан четда бўлади”, деганлар.
Суфёни Саврий раҳимаҳуллоҳ эса: “Биродаринг ҳақида ёмон гумонда бўлишинг уни заҳарлаб ўлдиришинг билан тенг” деганлар.
Юқорида келтирилган ояти калималар, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифлари, саҳобаи киромлар ва алломаи замонларимизнинг пурмаъно сўзлари биз мўмин-мусулмонларни бошқа мўмин мусулмонлар ҳақларида ёмон гумон қилишлик ва ғийбатлардан сақланишга ундайди, иншаАллоҳ. Аллоҳ таоло барчамизни ёмон гумон қилишдан ва ғийбатдан Ўзи асрасин.
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Қувайтнинг нуфузли “Al-Seyassah”, “Alwakt News” ва “The Times Kuwait” нашрларида қувайтлик эксперт ва жамоат арбоби, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Тижорат арбитраж марказининг собиқ бош котиби Тариқ Юсуф аш-Шумаймирийнинг “Самарқанддан Файлакагача: замин цивилизация тилида сўзлаганда номли мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллиф жорий йилнинг август ойида юртимизга амалга оширган ташрифи давомида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлгани, бой тарихий-маданий мерос, меъморий обидалар, қадимий бозорлар ҳамда халқимизнинг меҳмондўстлик анъаналари унда катта таассурот қолдиргани ҳақида ёзади.
Мақолада таъкидланишича, Марказий Осиёнинг қадимий шаҳри Самарқанд ҳамда Форс кўрфазидаги тарихий Файлака ороли халқлар ва маданиятларни бирлаштирувчи ўзига хос цивилизацион кўприк вазифасини бажарган. Самарқанд Шарқ ва Ғарбни боғлаган қуруқликдаги карвон йўллари чорраҳаси бўлган бўлса, Файлака денгиз савдо йўлларида муҳим стратегик макон ҳисобланган. Юртимиздаги илм-маърифатга бўлган юксак эҳтиром ва жамоатчилик анъаналари Қувайт жамиятидаги қадриятлар билан муайян муштаракликка эга экани алоҳида эътироф этилади.
Нашрда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 17–18 февраль кунлари Қувайт Давлатига амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни кенг қамровли шериклик даражасига кўтаргани таъкидланади. Ташриф якунлари бўйича саноат, авиация, “ақлли шаҳарлар”, соғлиқни сақлаш, туризм, маданият ва санъат каби соҳаларда умумий қиймати қарийб 4,9 миллиард долларлик келишувлар ва инвестиция лойиҳалари пакети шакллантирилди.
Шунингдек, Қувайт Араб иқтисодий тараққиёт жамғармасининг юртимиздаги инфратузилма ва соғлиқни сақлаш лойиҳаларидаги иштироки амалий ҳамкорликнинг муҳим йўналиши сифатида кўрсатиб ўтилади.
Мақола якунида таъкидланганидек, Самарқанд ва Файлака ўртасидаги тарихий муштараклик ҳамда бугунги тўғридан-тўғри авиақатновлар, фаол инвестициялар ва маданий алмашинувлар икки халқ ўртасидаги ўзаро англашув ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати