Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Июл, 2026   |   21 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:12
Қуёш
04:56
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:43
Bismillah
06 Июл, 2026, 21 Муҳаррам, 1448

Домла сўзининг маъносини биласизми?

03.06.2024   2925   4 min.
Домла сўзининг маъносини биласизми?

Маълумки, илм аҳллари бир-бирларига «домла-домла» деб доим мурожаат қилади, лекин кўпчилик бу сўзнинг қандай пайдо бўлганлигини тўғри изоҳлаб бера олмайди.

«Ўзбек тили изоҳли луғати» 1-жилдининг 233-саҳифасида «Домла – сўзлашув тилида (оғзаки нутқда) қўлланиладиган сўз, ибора, ҳар қандай илмли кишига ҳурмат билан мурожаат этиш формаси», деб ёзилган.

«Изоҳил луғат»да домла сўзининг домулла сўзидан келиб чиққанлиги таъкидланади. Луғатда домулла сўзи арабча деб кўрсатилган ва унинг уч хил маъноси мавжуд деб изоҳланади: 1) диний мактаб муаллими; 2) дуохонлик, иссиқ-совуқ қилиш билан шуғулланувчи шахс; 3) ўрта ва олий мактаб ўқитувчиси.

Домулла сўзи «до+мулла»дан иборат бўлиб, катта муллага тўғри келади, деган фикрлар ҳам бор. Бунда «до» хитойча катта деган маънони билдиради, деб изоҳланади.

Маълумки, хитой тили асосида сўз пайдо бўлиши ўзбек тилида жуда кам учрайди. Бунинг устига тарқалиш кўлами ва маъно хиллари кўп бўлган домулла сўзининг хитойча асосида пайдо бўлиш эҳтимолдан анча узоқ. Тарихий жараёнга назар ташласак, ўзбек тилига форсча ва арабча сўзлар кўп ўтган. Хитой билан савдо ва алоқалар бўлсада, аммо тил ва урф-одатлар аралашуви рўй бермаган. Фақат айрим сўзларгина хитой тилидан ўзбек тилига ўтган: лағмон (узун хамир), манту (юмалоқ хамир), чинни (хитой пиёла) каби.

Дада мулла иборасининг асли форсча. Унинг таркибидаги «дада» сўзи ўзбекча бўлиб, ота демакдир, аммо мулла ўзбекчага ўтган арабча сўз бўлиб, ундан форсий шаклда дада мулла бирикмаси шакллангандир. Бу ибора туркий тиллар қонуниятига мослашиб, ўзбек ва унга яқин туркий тилларда қисқариб домла ёки домулла шаклида қабул қилинган.

Дада мулла бирикмасини форсча-тожикча асос дейишимизнинг бойиси шундаки, Самарқанд-Бухоро типли тожик шеваларида ака мулла, хола мулла, бийи мулла, ука мулла каби бирикмалар кўп ишлатилади.

Қисқартириб домла ёки домулла кўринишида сўзлашув жараёнида ишлатиш ўзбек тили ва унга яқин туркий тиллар учун характерли десак хато бўлмайди.

«Иборалардан сўз ясаш ёки сўзларнинг ўзини ихчамлаштиришни лингвистикада тежаш принципи дейилади. Сўз ўртасида товушларнинг тушиб қолиши «тортилиш» дейилади. Муҳаммадамин – Мадамин сингари» (Рустамов А. Сўз хусусида сўз. Тошкент, 1987).

Ўзбек сўзлашув нутқида қўлланилувчи домла, домоулла сўзи ўрнида тожик тилида ўрта ва олий мактаб ўқитувчиларига нисбатан муаллим сўзи қўлланилади. Бу ҳам дада мулла бирикмаси, гарчи форсий шаклда бўлса ҳам, ўзбек сўзлашув нутқи таркибида яратилганлигидан далолат беради. Шунингдек, русча-арабча луғатда ҳам домулла сўзи учрамайди, преподовател сўзи мударрис, муаллим, устоз деб берилган. Бу факт ҳам домулла ўзбекчада дада сўзи асосида пайдо бўлганлигининг яна бир далилидир. Араб талабалари домла сўзи ўрнида устоз сўзини қўллайдилар.

Агар домулла сўзи ўзбек тилига араб тилидан ўтган сўз бўлганда эди «Навоий асарлари луғати»да келтирилиши лозим эди. Афсуски, ушбу луғатда домулла, домла сўзлари учрамайди.

Айрим тадқиқотчилар домла сўзи дада мавлоно бирикмасидан келиб чиққанлигини таъкидлайдилар.

Дада мавлоно ибораси домла, домулла сўзларининг асоси бўла олмайди, чунки мавлоно, мулла сўзлари қўлланиш доираси, маъно ноаниқликлари билан бир-бирларидан фарқланади (Навоий асарлари луғати, II. - Тошкент, 1993, 189-бет).

Хулоса қилиб айтганда, домла (домулла) сўзи ҳақида қуйидагиларни айтиш мумкин:

1. Домла сўзлашув нутқи услубида ишлатиладиган сўз бўлиб, ёзувда домулла шаклида ёзилади ва ўқилади.

2.Домулла сўзи дода мулла бирикмасининг қисқарган домулла шакли саналади. Бунда дада сўзининг диалектал шакли додадан до қисми олинган да қисм эса қисқарувга учраб туширилган.

3. Домла сўзини пайдо қилган дода мулла бирикмаси шаклан форсий, мазмунан унинг биринчи қисми туркий, иккинчиси арабий бўлган ўзбекча сўздир.

Шуларни ҳисобга олган тарзда «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» (1, 233-бет)да домулла сўзининг арабча деб изоҳланишига қўшилиб бўлмайди. Уни арабий эмас, туркий сўз дейиш ўринлидир.

Бозорбой Ўринбоев,
Филология фанлари доктори, профессор (1994)

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фиръавн учун қабрдаги сўроқ-саволи ва азоб қандай бўлади?

06.07.2026   1544   2 min.
Фиръавн учун қабрдаги сўроқ-саволи ва азоб қандай бўлади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Савол: Китобларда Фиръавннинг кўмилмагани, одамларга ибрат бўлиши учун ер юзида қолдирилгани айтилади. Агар у қабрга кўмилмаган бўлса, унинг қабрдаги сўроқ-саволи ва азобланиши қандай бўлади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Инсон вафот этганидан кейин унинг бу дунё билан алоқаси узилиб, “Барзах олами” деб аталадиган бошқа бир оламга кўчади. Уни оддий қилиб қабр ҳаёти деб аталади. Қабр деганда фақат ердан қазилган чуқурлик назарда тутилмайди, балки инсон вафот этганидан кейин унинг жасади қаерда бўлса, ўша жой унинг қабри ҳисобланади. Шу боис, одатда барзах оламидаги азоб “қабр азоби” деб ҳисобланади.

Маййит дафн қилинмагани учун ер юзида қолдирилган бўлса ҳам уни дунё оламида эмас, балки барзах оламида дейилади. Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз ҳикмати билан барзах оламидаги ҳақиқатларни одамлардан яшириб қўйган. Шу сабабли маййитнинг бошидан ўтаётган яхши ёки ёмон ҳолатларни бу дунёдагилар кўра олмайди.

Ақида китобларига кўра сувга ғарқ бўлган ёки ёниб кетган ё бирор йиртқич еб юборгани учун ўлиб, дафн қилинмаган инсоннинг қабри ўша жой ҳисобланади ва унинг сўроқ саволи, азоби ёки роҳати ўша ерда бўлади.

Фиръавннинг жасади ёки унинг тана аъзолари қаерда ва қайси ҳолатда бўлмасин, унга қилган жиноятлари ва амалларига яраша барзах азоби берилади.

Машҳур юртдошларимиздан Сўфи Оллоҳёр ҳазратларининг “Саботул ожизин” китобида мазкур масала қуйидагича тушунтирилган:

“Агар чанди ки гўрсиз ўлса инсон, Сўролур, албатта, бешакку нуқсон.
Агар дарёда ўлсун ё осилсун, Азоб этса, бани одам на билсун.
Даранда одам ўғлин қилса хўрок, гумон йўқдур, сўрар қорнида, эй пок.
Агар банда муаззаб бўлса анда, қолур туймай бу ишни ул даранда.
Нечук
қилса эрур Қодиру Носир, Бу ерда бандасининг ақли қосир”.

Демак, инсон вафот этгандан кейин у учун барзах олами бошланади ва қай ҳолатда бўлишидан қатъий назар унинг сўроқ-саволи ҳамда азоб ёки роҳати муқаррар содир бўлади. Мусулмон инсон мана шундай эътиқодда бўлиши зарурдир. Валлоҳу аълам.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Мақолалар