Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Август, 2026   |   24 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:52
Қуёш
05:22
Пешин
12:34
Аср
17:27
Шом
19:38
Хуфтон
21:08
Bismillah
07 Август, 2026, 24 Сафар, 1448

Домла сўзининг маъносини биласизми?

03.06.2024   3094   4 min.
Домла сўзининг маъносини биласизми?

Маълумки, илм аҳллари бир-бирларига «домла-домла» деб доим мурожаат қилади, лекин кўпчилик бу сўзнинг қандай пайдо бўлганлигини тўғри изоҳлаб бера олмайди.

«Ўзбек тили изоҳли луғати» 1-жилдининг 233-саҳифасида «Домла – сўзлашув тилида (оғзаки нутқда) қўлланиладиган сўз, ибора, ҳар қандай илмли кишига ҳурмат билан мурожаат этиш формаси», деб ёзилган.

«Изоҳил луғат»да домла сўзининг домулла сўзидан келиб чиққанлиги таъкидланади. Луғатда домулла сўзи арабча деб кўрсатилган ва унинг уч хил маъноси мавжуд деб изоҳланади: 1) диний мактаб муаллими; 2) дуохонлик, иссиқ-совуқ қилиш билан шуғулланувчи шахс; 3) ўрта ва олий мактаб ўқитувчиси.

Домулла сўзи «до+мулла»дан иборат бўлиб, катта муллага тўғри келади, деган фикрлар ҳам бор. Бунда «до» хитойча катта деган маънони билдиради, деб изоҳланади.

Маълумки, хитой тили асосида сўз пайдо бўлиши ўзбек тилида жуда кам учрайди. Бунинг устига тарқалиш кўлами ва маъно хиллари кўп бўлган домулла сўзининг хитойча асосида пайдо бўлиш эҳтимолдан анча узоқ. Тарихий жараёнга назар ташласак, ўзбек тилига форсча ва арабча сўзлар кўп ўтган. Хитой билан савдо ва алоқалар бўлсада, аммо тил ва урф-одатлар аралашуви рўй бермаган. Фақат айрим сўзларгина хитой тилидан ўзбек тилига ўтган: лағмон (узун хамир), манту (юмалоқ хамир), чинни (хитой пиёла) каби.

Дада мулла иборасининг асли форсча. Унинг таркибидаги «дада» сўзи ўзбекча бўлиб, ота демакдир, аммо мулла ўзбекчага ўтган арабча сўз бўлиб, ундан форсий шаклда дада мулла бирикмаси шакллангандир. Бу ибора туркий тиллар қонуниятига мослашиб, ўзбек ва унга яқин туркий тилларда қисқариб домла ёки домулла шаклида қабул қилинган.

Дада мулла бирикмасини форсча-тожикча асос дейишимизнинг бойиси шундаки, Самарқанд-Бухоро типли тожик шеваларида ака мулла, хола мулла, бийи мулла, ука мулла каби бирикмалар кўп ишлатилади.

Қисқартириб домла ёки домулла кўринишида сўзлашув жараёнида ишлатиш ўзбек тили ва унга яқин туркий тиллар учун характерли десак хато бўлмайди.

«Иборалардан сўз ясаш ёки сўзларнинг ўзини ихчамлаштиришни лингвистикада тежаш принципи дейилади. Сўз ўртасида товушларнинг тушиб қолиши «тортилиш» дейилади. Муҳаммадамин – Мадамин сингари» (Рустамов А. Сўз хусусида сўз. Тошкент, 1987).

Ўзбек сўзлашув нутқида қўлланилувчи домла, домоулла сўзи ўрнида тожик тилида ўрта ва олий мактаб ўқитувчиларига нисбатан муаллим сўзи қўлланилади. Бу ҳам дада мулла бирикмаси, гарчи форсий шаклда бўлса ҳам, ўзбек сўзлашув нутқи таркибида яратилганлигидан далолат беради. Шунингдек, русча-арабча луғатда ҳам домулла сўзи учрамайди, преподовател сўзи мударрис, муаллим, устоз деб берилган. Бу факт ҳам домулла ўзбекчада дада сўзи асосида пайдо бўлганлигининг яна бир далилидир. Араб талабалари домла сўзи ўрнида устоз сўзини қўллайдилар.

Агар домулла сўзи ўзбек тилига араб тилидан ўтган сўз бўлганда эди «Навоий асарлари луғати»да келтирилиши лозим эди. Афсуски, ушбу луғатда домулла, домла сўзлари учрамайди.

Айрим тадқиқотчилар домла сўзи дада мавлоно бирикмасидан келиб чиққанлигини таъкидлайдилар.

Дада мавлоно ибораси домла, домулла сўзларининг асоси бўла олмайди, чунки мавлоно, мулла сўзлари қўлланиш доираси, маъно ноаниқликлари билан бир-бирларидан фарқланади (Навоий асарлари луғати, II. - Тошкент, 1993, 189-бет).

Хулоса қилиб айтганда, домла (домулла) сўзи ҳақида қуйидагиларни айтиш мумкин:

1. Домла сўзлашув нутқи услубида ишлатиладиган сўз бўлиб, ёзувда домулла шаклида ёзилади ва ўқилади.

2.Домулла сўзи дода мулла бирикмасининг қисқарган домулла шакли саналади. Бунда дада сўзининг диалектал шакли додадан до қисми олинган да қисм эса қисқарувга учраб туширилган.

3. Домла сўзини пайдо қилган дода мулла бирикмаси шаклан форсий, мазмунан унинг биринчи қисми туркий, иккинчиси арабий бўлган ўзбекча сўздир.

Шуларни ҳисобга олган тарзда «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» (1, 233-бет)да домулла сўзининг арабча деб изоҳланишига қўшилиб бўлмайди. Уни арабий эмас, туркий сўз дейиш ўринлидир.

Бозорбой Ўринбоев,
Филология фанлари доктори, профессор (1994)

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Натижани рақамлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз”

05.08.2026   10464   17 min.
“Натижани рақамлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз”

#Вакилликлар фаолиятидан


Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 14 та ҳудудий вакиллиги фаолият юритади. Мазкур ҳудудларда жами 2161 та масжид бўлиб, 3000 дан зиёд имом-хатиб ва имом ноиби хизмат қилади. Вакилликлар фаолиятидан, деб номланган ушбу рукнимизда ҳудудий вакиллар билан туркум суҳбатларни режа қилганмиз. Шу мақсадда Қашқадарё вилоятида бўлдик.


Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби, “Имом Бухорий” ордени соҳиби, Уламолар Кенгаши аъзоси Раҳматуллоҳ домла УСМОНОВ билан суҳбат


– Ассалому алайкум, домла. Суҳбатимизни Сиз вилоят бош имом-хатиби сифатида иш бошлаган даврлардан бошласак. Дастлаб вакиллик фаолиятини таҳлил қилиб, қандай оғриқли нуқталар, тезкорлик билан ҳал этилиши керак бўлган муаммоларни кўрган эдингиз ва бугунги кунда улар қанчалик ҳал этилган?..


– Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ. Бундан роса 14 йил олдин – 2012 йилнинг июль ойида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакили ҳамда вилоят бош имом-хатиби сифатида фаолият бошлаганман. Ўшанда вакилликнинг фаолиятини атрофлича таҳлил қилиб, тизимли ёндашувни талаб этадиган қатор вазифаларни белгилаб олганмиз.


Хусусан, масжидлар фаолиятини ягона тартиб ва талаблар асосида ташкил этиш, имом-хатиблар ва диний соҳа ходимларининг илмий-маърифий салоҳиятини юксалтириш, ижро интизоми ва ҳисобдорликни кучайтириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом диний-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш, жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини янада самарали йўлга қўйиш кабиларга алоҳида эътибор қаратдик.

Бугунга келиб вакилликда 22 нафар малакали, ўз ишининг мутахассиси бўлган ходим ишламоқда. Шунингдек, масжидлар билан ишлаш, ҳаж-умра, ахборот медиа, аёл-қизлар, ҳуқуқшунослик, молия-хўжалик каби бўлимлар фаолият юритади. Вакиллигимиз замонавий моддий-техник базага эга бўлиб, рақамли технологиялар ва илғор иш услубларидан самарали фойдаланиб келмоқда.


Масжидларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳужжатлар юритилишини такомиллаштириш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш сифатини ошириш, шунингдек, вакиллик тизимида мазкур йўналишлар бўйича ишларни самарали ташкил этиш, вазифалар ижросини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш мақсадида тегишли бўлимларни ташкил этиш зарурати ҳам бор эди.


Ўтган йиллар давомида мазкур йўналишлар бўйича аниқ режалар асосида тизимли ишлар амалга оширилди. Натижада вилоят вакиллиги ҳамда масжидлар фаолияти янада такомиллаштирилди. Вакиллик тузилмасида тегишли штат бирликлари жорий этилиб, соҳанинг устувор йўналишлари бўйича малакали мутахассислар ишга қабул қилинди. Бу эса фаолиятни самарали ташкил этиш, вазифалар ижросини мувофиқлаштириш, назорат механизмларини кучайтириш ҳамда жойлардаги ишларни сифатли йўлга қўйиш имконини берди.


Имом-хатиблар учун мунтазам малака ошириш ва ўқув-семинарлар йўлга қўйилди, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ва маънавий-маърифий тадбирлар кўлами сезиларли даражада кенгайди. Йилига «Жаҳолатга қарши маърифат» ғоясини кенг тарғиб этиш, экстремизм, терроризм, миссионерлик ва ёт ғояларга қарши курашиш, ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, гиёҳвандлик, ўз жонига қасд қилиш, эрта турмуш ва ажримларнинг олдини олиш, ёшлар, меҳнат мигрантлари ва ҳарбий хизматчилар билан манзилли ишлаш, соғлом турмуш тарзи, оила мустаҳкамлиги, маънавий қадриятлар, ижтимоий тармоқлардаги виртуал таҳдидлардан ҳимоя, атроф-муҳитни асраш ҳамда маҳаллада тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга қаратилган 35 мингдан ортиқ кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилади.


Ўша даврда имом-хатиб ва диний соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш зарурати бор эди. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ҳамда муфтий ҳазратларининг ташаббуслари ва бевосита бошчиликлари билан масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиблар ва имом-ноиблари ойлик иш ҳақи билан таъминланди. Бу эса уларнинг ижтимоий барқарорлигини мустаҳкамлаш, ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан ва масъулият билан адо этиши учун муҳим омил бўлмоқда.


Таъкидлаш жоизки, муҳтарам Юртбошимиз томонидан берилаётган имкониятлар натижасида вилоятимизда ҳаж зиёрати учун ажратиладиган квоталар йилдан-йилга ошиб, фуқароларнинг муқаддас зиёрат амалини адо этиш имкониятлари кенгайиб бормоқда. Хусусан, 2012 йилда вилоятдан бор-йўғи 150 нафар фуқаро ҳаж зиёратини амалга оширган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич йилига 800 нафардан ошди. Бу эса соҳада амалга оширилган ташкилий ишлар ва зиёратчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифати анчайин ошганини кўрсатади.


– Вилоятдаги 180 дан ортиқ жоме масжидларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, айниқса, тарихий ва меъморий аҳамиятга эга бўлган қадимий масжидларни асл қиёфасини сақлаган ҳолда таъмирлаш ишларида вакиллик маҳаллий аҳоли ва ҳомийлар билан алоқаларни қандай мувофиқлаштирмоқда?


– Вилоятдаги жоме масжидлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг ободлиги ва фаолияти учун муносиб шароит яратиш масаласи доимо эътибор марказимизда бўлиб келмоқда. Бу борада ишлар тизимли, шаффоф ва жамоатчилик билан ҳамкорлик асосида ташкил этилган. Айниқса, тарихий ва меъморий аҳамиятга эга бўлган қадимий масжидларни таъмирлашда уларнинг асл қиёфаси, миллий меъморий услуби ва тарихий қимматини сақлашга алоҳида аҳамият қаратилади. Бундай объектларда ҳар қандай иш тегишли мутахассислар тавсиялари ва белгиланган талаблар асосида амалга оширилади.


Масжидларни ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларида маҳаллий аҳоли, саховатпеша ҳомийлар ва жамоатчиликнинг иштироки муҳим ўрин тутади. Вакиллик томонидан ушбу жараёнлар мувофиқлаштирилиб, ҳомийлик ташаббусларининг мақсадли ва самарали йўналтирилиши таъминланмоқда.


Фаолиятимни бошлаган пайтимда вилоятимизда 182 та жоме масжид фаолият юритар эди. Ҳозир уларнинг сони 187 тага етди. Ўтган 14 йил давомида 58 та масжид замон талабларига мос равишда қайта бунёд этилди, 100 дан ортиқ масжидда эса кенг кўламли таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Мисол учун, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида 2 та – Чироқчи туманидаги "Абу Бакр Сиддиқ" ҳамда Китоб туманидаги "Шайх Собир" масжидлари қайта қурилиб, муборак Рамазон ойида масжиднинг янги биноси намозхонларга топширилди.


Шунингдек, намозхонлар учун муносиб ва қулай шароитлар яратиш мақсадида 70 дан ортиқ таҳоратхоналар тўлиқ қайта қурилиб, замонавий талаблар асосида фойдаланишга топширилди.

 

– Кейинги йилларда вакиллик томонидан имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари малакасини ошириш, уларнинг нафақат диний, балки дунёвий, сиёсий-ижтимоий билимларини замон талабларига мослаштириш бўйича қандай тизимли дастурлар ва ўқув семинарлари ташкил этилди?

 

– Имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари малакасини ошириш, уларнинг замон талабларига мос билим ва кўникмаларини шакллантириш Қашқадарё вакиллиги фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан ташкил этилаётган малака ошириш курслари, ўқув-семинарлар ва қайта тайёрлаш машғулотларида имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари мунтазам иштирок этиб келмоқда. Ҳозирги кунга қадар вилоятдаги 187 нафар имом-хатиб ҳамда 91 нафар имом ноиблар Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳузуридаги  Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институтида ҳамда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида малака ва кўникмаларини оширишди.


Айниқса, имом-хатибларнинг олий диний маълумотга эга бўлишини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2012 йилда вилоятдаги имом-хатибларнинг атиги 16 нафари  олий маълумотга эга бўлган бўлса, сўнгги 14 йил давомида бу кўрсаткич кескин ошиб, бугунги кунда имом-хатибларнинг олий маълумотлилари 90 нафардан ошди. Ҳозир ҳам олий маълумотга эга бўлмаган 20 нафар имом-хатиб Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида модул тизими асосида таҳсил олиб, ўз билим ва салоҳиятини оширмоқда. Бу ишлар изчил давом эттирилиб, яқин истиқболда 100 фоиз олий диний маълумотли мутахассислар сифатида шакллантириш мақсад қилинган. Зеро, бугунги кунда имом-хатиблар нафақат диний илм соҳиби, балки кенг дунёқарашга эга, жамият билан самарали мулоқот қила оладиган, замонавий жараёнларни тўғри англайдиган маънавий-маърифий етакчи бўлиши замон талабидир.


– Вилоятдаги Қуръони карим ва тажвид курслари фаолияти ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз...


– Қуръони карим ва тажвид курслари фаолияти аҳоли орасида диний билимларни фақат белгиланган тартиб ва малакали мутахассислар орқали олиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Бу эса ўз навбатида норасмий диний таълим масканлари фаолиятининг олдини олиш, диний саводхонликни ошириш ва соғлом маърифий муҳитни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.


Вилоят вакиллиги ҳамда Китоб туманидаги "Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом таълим муассасаси қошида фаолият юритаётган Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари орқали ҳар йили жами 1560 нафар тингловчи Қуръон тиловати ва тажвид қоидалари бўйича зарур билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда. Бу эса аҳоли диний саводхонлигини ошириш, ёш авлодни илмий-маърифий руҳда тарбиялаш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.


– Аёл-қизлар орасида диний-маърифий ишларни юритадиган отинойилар фаолиятини тартибга солиш, уларнинг диний тушунчаларини ўстириш, хотин-қизлар орасида ёт ғоялар тарқалишининг олдини олиш борасида вакиллик қандай натижаларни кўрсата олди?


– Аёл-қизлар ўртасида диний-маърифий фаолият олиб бораётган отинойиларнинг ишини ягона тизим асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган. Илгари бу йўналишда муайян тажриба мавжуд бўлган бўлса-да, фаолиятни мувофиқлаштириш, илмий салоҳиятни мунтазам ошириш ва назорат қилиш механизмларини янада такомиллаштириш зарурати бор эди.


Шу мақсадда ҳар бир отинойининг билим даражаси, фаолият йўналиши ва масъулият доираси қайта кўриб чиқилди. Ҳозирги кунда воҳада фаолият юритаётган жами 284 нафар отинойининг малакасини ошириш мақсадида тизимли ўқув-семинарлар, суҳбатлар ва давра йиғинлари йўлга қўйилди. Таҗрибали уламолар ва мутахассислар иштирокида ақида, фиқҳ, тафсир, ҳадис, миллий қадриятлар, оила мустаҳкамлиги ҳамда замонавий ахборот маконида учраётган мафкуравий таҳдидларга қарши маърифий машғулотлар ташкил этилди. Улар фаолияти мониторинг қилиниб, аҳоли билан ишлаш самарадорлиги доимий таҳлил қилиб борилмоқда.


Бугунги кунда бу ишлар ўзининг амалий натижасини бермоқда. Отинойилар маҳаллаларда хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, уларнинг мурожаатларини ўрганиш, диний саводхонликни ошириш ва соғлом маънавий-маърифий муҳитни шакллантиришда фаол иштирок этмоқда. Айниқса, эрта никоҳ ва ажримларнинг ҳамда ёт ғоялар ва турли бузғунчи қарашлар улар муносиб ҳисса қўшмоқда.

 

– Дарвоқе, оилавий ажримлар, ўз жонига қасд қилиш ёки жиноятчилик каби оғир ижтимоий муаммолар энг кўп кузатиладиган маҳаллалар билан ишлашда имомларнинг масъулияти ва ҳисобдорлиги қандай бўлмоқда?

 

– Вакиллик томонидан имом-хатибларнинг маҳалла фаоллари, хотин-қизлар ва ёшлар билан манзилли ишлаш масъулияти янада кучайтирилган. Айниқса, оилавий ажримларнинг олдини олиш, нотинч оилалар билан ишлаш, ёшларни турли салбий таъсирлардан асраш ва жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар ой туманларда сайёр йиғилишлар ўтказилиб, жойлардаги мавжуд ҳолатлар, долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилиб борилмоқда. Мазкур йиғилишларда имом-хатибларнинг масъулияти, маҳаллалар билан ҳамкорлиги ва амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги таҳлил қилинади. Хусусан, ўтган йил якуни бўйича вилоят миқёсида имом-хатиблар томонидан маҳаллаларда мингдан ортиқ оила билан манзилли ишлар олиб борилди. Улар билан ўтказилган суҳбатлар, маънавий-маърифий тадбирлар ва тушунтириш ишлари натижасида бир қатор оилавий низоларнинг олди олиниб, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштиришга эришилди.


Муҳими, имом-хатиблар иши фақат ўтказилган тадбирлар сони билан эмас, балки инсонлар тақдирига ижобий таъсир кўрсата олган амалий натижалари билан баҳоланмоқда. Шунинг учун имомларимиз маҳаллада халқ билан яқин мулоқот қиладиган, оила, жамият барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшадиган маънавий-маърифий раҳнамо сифатида ўз масъулиятини чуқур англаб, фаолият олиб бормоқда.


– Ижтимоий тармоқларда даъват ишларини олиб бориш, nasafziyo.uz сайти ва ижтимоий саҳифаларни юритишда вакиллик қошида махсус медиа гуруҳ ёки замонавий кадрлар жамоаси шакллантирилганми?


– Бугунги ахборот асрида интернет маконидаги диний-маърифий фаолият муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу боис, вакиллик томонидан замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, ижтимоий тармоқларда аҳоли, айниқса, ёшлар билан мулоқотни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.


Бу борада вакилликда замонавий талабларга жавоб берадиган медиа хонаси ташкил этилиб, зарур замонавий техник жиҳозлар билан таъминланди. Шунингдек, диний-маърифий контентларни тайёрлаш, таҳрир қилиш ва кенг жамоатчиликка етказиш йўналишида фаолият олиб борувчи малакали кадрлар жалб қилинган.


Мазкур тизим орқали ўн бир йилдан буён фаолият юритиб келаётган nasafziyo.uz веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар мунтазам юритилмоқда. Шунингдек, 2017 йилда ташкил этилган Telegram канали бугунги кунда кенг аудиторияга эга бўлиб, аҳолига тезкор ва ишончли диний-маърифий ахборотларни етказишда муҳим ахборот майдонига айланган.


Шунингдек, бугунги кунда вилоятимиздаги ҳар бир масжиднинг Telegram, YouTube, Facebook ва Instagram саҳифалари ҳамда гуруҳлари фаолият юритиб, уларнинг умумий аъзолари сони 310 минг нафардан зиёдни ташкил этади. Жумладан, биргина nasafziyo телеграм каналининг 120 мингдан ортиқ аъзоси бор. Шунингдек, Улар орқали аҳолига долзарб маънавий-маърифий материаллар, диний-маърифий тавсиялар, масжид фаолиятига оид янгиликлар ҳамда эълонлар мунтазам етказиб борилмоқда.


Албатта, рақамли макон доимий равишда янгиланиб бораётгани сабабли бу йўналишдаги ишлар ҳам узлуксиз такомиллаштирилмоқда. Асосий мақсад — замонавий медиа имкониятларидан фойдаланган ҳолда халқимизга, айниқса, ёш авлодга сифатли, ишончли ва таъсирчан диний-маърифий ахборотларни етказиб беришда давомли изланишдамиз.


– Вакилликнинг «Вақф» хайрия жамоат фонди вилоят филиали билан биргаликда кам таъминланган оилалар, етимлар ва ногиронлиги бор шахсларга ёрдам бериш борасидаги фаолияти сўнгги йилларда қанчалик шаффофлашди ва хайрия тадбирлари кўлами воҳа миқёсида қанчалик кенгайди?


– «Вақф» хайрия жамоат фонди вилоят филиали билан ҳамкорликда аҳолига ижтимоий кўмак кўрсатиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва хайрли ташаббусларни амалга ошириш фаолиятимизнинг ажралмас қисми ҳисобланади.


Ёрдамга муҳтож оилалар, етимлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳолати ўрганилиб, уларга зарур кўмаклар ўз вақтида етказиб берилмоқда. Жумладан, Рамазон ойи ва Қурбон ҳайити арафасида давлатимиз раҳбари томонидан ажратилган маблағлар белгиланган тартиб асосида эҳтиёжманд оилалар, етимлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга етказиб берилди. Бу хайрли ишлар халқимизга бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.


Амалга оширилаётган ҳар бир хайрли ташаббус манзиллилик, очиқлик ва адолат тамойиллари асосида ташкил этилиб, воҳамизда хайрия ишларининг кўлами ва самарадорлиги йилдан-йилга ортиб бормоқда. Яқинда кўмакка муҳтож бир оилага уй қуриб беригани ҳам сўзимизнинг бир далилидир.


– Бу заминдан етишиб чиққан улуғ зотларнинг бой илмий мероси, қадамжолари тарихини халқаро ва республика миқёсида тарғиб қилиш борасидаги ишларга ҳам тўхталиб ўтсангиз...


– Бу воҳадан етишиб чиққан Абу Муин ан-Насафий, Абу Бакр ал-Косоний, Абу Ҳафс Насафий, Абу Ҳафс Кеший, Абу Шакур ас-Солимий, Паздавий каби кўплаб алломаларнинг илмий мероси нафақат юртимиз, балки бутун ислом олами маънавий хазинасининг ажралмас қисмидир.


Вакиллик фаолияти давомида ушбу бой илмий-маърифий меросни ўрганиш, тарғиб қилиш ва кенг жамоатчиликка етказишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, алломаларимиз ҳаёти ва илмий фаолияти, улар билан боғлиқ тарихий масканлар ва қадамжоларни ўрганиш, уларнинг маънавий аҳамиятини ёритиш борасида илмий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва тарғибот ишлари амалга ошириб келинмоқда.


Аллоҳ таоло дин равнақи, юрт тинчлиги йўлида хизмат қилаётган барча юртдошларимизни икки дунёда мукофотласин! 

 

ЎМИ Матбуот ва медиа бўлими мутахассиси

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.

“Натижани рақамлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз” “Натижани рақамлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз” “Натижани рақамлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз” “Натижани рақамлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз” “Натижани рақамлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз” “Натижани рақамлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз” “Натижани рақамлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз” “Натижани рақамлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз” “Натижани рақамлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз” “Натижани рақамлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз”
Ўзбекистон янгиликлари