Куни кеча Нукус шаҳридаги Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом таълим муассасасида “ХАТМОНА – 2024” байрам кечаси бўлиб ўтди. Маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Р.Нуразизов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Б.Разов, билим юрти ўқитувчи ва талабалар, ходимлари ва ота-оналар қатнашди.
Тадбир Қуръони карим тиловат ва дуолар билан бошланди. Хатмона давомида Р.Нуразизов таълим муассасасини тамомлаётган битирувчиларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши номидан табриклади ва келгуси ишларига омадлар тилади.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Б.Разов ҳам сўзга чиқиб, талабаларга келгуси фаолияти учун зарар панд-насиҳатларни бериб, уларни янги ҳаёт остонасига қадам қўйиши билан қутлади.
Шунингдек, билим юрти мудири Ж.Абдиразаков битирувчиларга кейинги фаолиятларига муваффақият тилаб, динимиз ривожи, Ватанимизимиз равнақи йўлидаги астойдил меҳнат қилиш кераклигини таъкидлади ва уларга оқ фотиҳа берди.
Тадбир давомида билим юрти раҳбарияти томонидан ўзининг намунали хулқи ва ўқиши, маънавий-маърифий тадбирларда фаол қатнашиб келган талабалар фаҳрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Шу қаторда билимга чанқоқ булган талабаларнинг ота-оналарига ҳам фаҳрий ёрлиқлар топширилди.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати