Дунёнинг ҳар куни, ҳар соати, ҳар дақиқаси синов. Талабанинг илмий савияси имтиҳон қилинганидек, Раббимиз ҳам бизларни синайди. Бандалик имтиҳони ҳам, таълими ҳам сўнгги нафасгача давом этади. Мўмин киши ҳар нафасини яхши ишлар билан безаши керак.
Аллоҳ азза ва жалла бундай марҳамат қилади: “...(Шунингдек) Сизга аниқ нарса (ўлим) келгунига қадар Раббингизга ибодат қилаверинг!” (Ҳижр сураси, 99-оят).
Дипломни олсак, бу ҳужжат умримиз сўнгигача фойда беради. Бандалик эса бундай эмас! Ҳеч кимга “Оқибат албатта хайрли бўлади” деган васиқа берилмаган.
Аллоҳ азза ва жалла марҳамат қилади: “У кунда на мол ва на фарзандлар фойда бермас, фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)” (Шуаро сураси, 88–89-оятлар).
Аллоҳ ҳузурига соғлом қалб билан бора олиш учун эса барча жиҳатларга эътиборли бўлиш лозим. Жалолиддин Румий тоза қалбни гўзал таърифлайди: “Эй йўлчи! Тананг бир мактуб кабидир. Унга диққат билан боқ. У Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқларини бажаряптими, яъни яратилиш мақсадларига мувофиқми?
Бир бурчакка ўтириб олиб тафаккурга шўнғи, мактубни, яъни ўзингни ўқи!
Агар мактубдаги ёзув – феъл-атворинг ва амалларинг, ибодатларинг, хайру ҳасанотларингга муносиб бўлмаса, уни йиртиб ташла ва қайта ёзишга жасорат қидир! (Яъни тавба ва истиғфор қил, ҳаётингни тақво асосида янгидан бунёд эт!)”
Ҳеч ким ҳурмат қилган, эъзозлаган азиз инсонига ёмонликни раво кўрмайди. Амалларимизни Аллоҳ таолога ёруғ юз билан тақдим эта олишимиз учун уларни тақво билан ҳимоя қилишимиз лозим. Зеро, “...(Қурбонликни) Аллоҳ аслида тақволи кишилардан қабул қилур” (Моида сураси, 27-оят), “...Оқибат (яхшилиги) тақво (аҳли)гадир” (Тоҳо сураси, 132-оят). Яна Ҳақ таоло марҳамат қилади: “...Аллоҳга тақво қилингиз ва билингизки, албатта, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир” (Бақара сураси, 194-оят).
Мўмин киши тақвони қандай касб қилади?
Албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш орқали. Жаноби Ҳақ бизларга намознинг ҳар ракатида Фотиҳа сурасини ўқишимизни буюради. Ҳар ракатда: “Бизни шундай тўғри йўлга йўллагин...” (Фотиҳа сураси, 6-оят) дея Раббимизга илтижо қиламиз.
Раббимиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хитобан: “(Сиз) тўғри йўлдадирсиз” (Ёсин сураси, 4-оят) дея амр этди. Бундан англашиладики, энг тўғри йўл Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг йўлларидир. Шу сабабли инсон ўз ҳаётини Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётлари билан таққосласа, қай даражада тўғри йўлда эканини англаб етади.
Алҳамдулиллаҳ, мусулмонмиз. Аллоҳ таоло бизларга сўнгги нафасда иймон калимасини айтишни буюради. Афсуски, охирги нафасимизни қандай беришимиз ёлғиз Аллоҳга аён... Шунинг учун илоҳий амрларни қалбдан чуқур ҳис этиб, юксак ахлоқ билан яшаш лозим. Чунки сўнгги нафасда тўғри йўлдан “тойиб кетмаслик” шунга боғлиқ. Зеро, қалбда тақво бўлса, намоз Раббимиз хоҳлаганидек хушу билан ўқилади, садақа кибр қилмай берилади, хизмат чин қалбдан адо этилади.
Хушусиз ўқилган намоз, олувчига миннат қилиб берилган садақа, қўл учида қилинган хизмат амал дафтаримизга қора доғдан бошқа из қолдириши мумкинми?!
Шундай экан, умримизнинг ҳар онини тақво қилган ҳолда яшайлик. Токи, имтиҳон “баҳо”си аъло бўлсин!
Нигора МИРЗАЕВА
тайёрлади.
Шарқшунос тадқиқотчи М.Хадр томонидан эълон қилинган ва кейинчалик таниқли олим О.Большаков томонидан атрофлича тадқиқ этилган XI аср ўрталарига оид иккита вақф ҳужжати Ғарбий Қорахонийлар хоқонлигининг ҳукмдори Иброҳим Тамғачхон даврига тааллуқлидир. Ўрта асрлар араб муаррихи Ибн Фуватийнинг гувоҳлик беришича, Иброҳим фақиҳларнинг қатъий хулосасисиз бирор кимсага жазо тайинламаган ҳамда ҳеч кимнинг мол-мулкини мусодара этмаган одил ҳукмдор тимсоли бўлган. Шу боис у Бағдод халифаси Қоим томонидан “Давлат таянчи” ҳамда “Шарқ ва Чин подшоҳи” каби олий даражали унвонлар билан шарафланган.
Ушбу маърифатпарвар ҳукмдор ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида фаолият бошлаган “Дор ал-марзо”, яъни Беморлар уйи шаҳар фуқаролари билан бирга мусофирлар учун ҳам бепул тиббий ёрдам кўрсатувчи йирик ижтимоий марказ бўлган. Вақфнома матнида мазкур дорушшифонинг жўғрофий ўрни, ички меъморий тузилиши, хизматчилар сафи, уларга ажратиладиган маош ҳамда муассасани муттасил маблағ билан таъминлаб турувчи кўчмас мулклар тафсилоти баён этилган.
Тарихий ҳужжатларга кўра, шифохона Самарқанднинг гавжум савдо чорраҳаларидан бирида – Сўғд бозори ва Заргарлар маҳалласи туташган ҳудудда қад ростлаган. Хастахонанинг кундалик харажатларини, беморларнинг тўлақонли овқатланиши ва зарур дори-дармонлар таъминотини кафолатлаш мақсадида хоқон ўз шахсий мулки ҳисобланган “Тими палос” карвонсаройини ҳамда бешта ёрдамчи хона, учта ҳужра ва уч дўкондан иборат савдо расталарини вақф мулки сифатида муассаса ихтиёрига топширган. Вақфнома шартига биноан, ушбу тижорат иншоотларидан тушадиган барча ижара даромадлари муайян ҳиссаларга – тенг юз қисмга тақсимланиб, шифо маскани эҳтиёжларига йўналтирилган.
Мазкур масканда фаолият юритган мутахассислар таркиби ва хизмат ҳақининг тақсимланиш тартиби ўша давр жамиятининг маънавий ва табақавий қиёфасини англашда қимматли далилдир. Жумладан, умумий тушумнинг юз қисмдан иборат ҳисобидан энг катта улуш – нақ ўн қисми бевосита бош табибга тайинланган. Эътиборга молик жиҳати шундаки, шифохонанинг умумий маъмурий бошқарувчиси ва молиявий назоратчиси бўлган мутасаррифга саккиз қисм маош ажратилган. Илм ва амалиёт соҳиби бўлмиш ҳозиқ табибга ижрочи бошқарувчидан юқорироқ ҳақ тўлангани қорахонийлар жамиятида юқори малакали тиббиёт мутахассислари меҳнати юксак қадрланганини кўрсатади. Бундан ташқари, муассасада қон олувчи муолажачи – фассод, моҳир пазандалар ҳамда хизматчилар ҳам меҳнат қилган. Вақф тушумидан алоҳида хизматчига беш қисм, ошпазга уч қисм маош белгиланган.
Ҳужжатда хасталарнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишга устувор аҳамият қаратилган. Вақфнома талабига кўра, даволанаётган кишилар хасталикдан бутунлай фориғ бўлгунига қадар уларни шифохонадан чиқариб юбориш ёки безовта қилиш қатъиян ман этилган. Шаҳарнинг ерлик фуқароси ва ташриф буюрган мусофирлар бирдек бепул тиббий кўмак олиш ҳуқуқидан фойдаланган. Бемор соғайгачгина ўрнини бошқа муҳтож хастага бўшатиб бериши лозим бўлган. Мазкур низом талабларини ўзгартириш ёки бекор қилиш тақиқланиб, вақф шартларининг абадий кучда қолиши муҳрланган.
Таниқли тарихчи ва тангашунос олим Е.Давидович вақфномадаги пул муомаласига оид тафсилотларни тадқиқ этар экан, ҳужжат тасдиқланган пайтда Самарқандда амалда бўлган тангаларнинг аниқ қиймати қайд этилганини таъкидлайди. Унга мувофиқ, бир мисқол соф олтин қиймати айнан қирқ етти кумуш дирҳамга тенглаштирилган. Ҳужжатда тангалар харид қувватининг пасайиши, яъни пул қадрсизланиши эҳтимолига қарши махсус муҳофаза банди киритилган бўлиб, агар истиқболда дирҳамнинг бозор баҳоси ўзгарса, ходимларнинг иш ҳақи ва шифохона харажатлари ҳужжат тузилган кундаги соф олтин ўлчов мезони бўйича янги муомаладаги дирҳамларда қайта ҳисоблаб тўланиши шарт қилиб қўйилган. Бу эса ўрта асрлар ҳуқуқий амалиётида молиявий барқарорликни асраш ва муассасани моддий таназзулдан ҳимоя қилишнинг илғор тизими мавжуд бўлганини кўрсатади.
Иброҳим ташаббуси билан расмийлаштирилган иккинчи вақф ҳужжати Самарқанднинг “Бобулҳадид”, яъни Темир дарвоза мавзесида барпо қилинган мадрасага тегишлидир. Атрофида Хотун Малика майдони ва хонақоҳлар жойлашган мазкур таълим даргоҳи ҳам талабалар ва мударрислар учун моддий шароитларни кафолатлаган. Агар даврлар ўтиб шифохона ёки мадраса бинолари табиий офат ёки замонлар эврилиши сабаб яроқсиз ҳолга келса ва уларни тиклаш имконсиз бўлиб қолса, вақфнома шартига кўра, ажратилган кўчмас мулкларнинг барча даромадлари абадий равишда Самарқанддаги бева-бечора ва камбағал қатлам эҳтиёжларига сарфланиши белгилаб қўйилган.
Манбашунос олимларнинг қайд этишича, фақиҳ Бурҳониддин Маҳмуднинг “Муҳит ал-Бурҳоний” асари таркибида сақланиб қолган мазкур вақф ҳужжатлари XI асрда Туронда шаҳарсозлик маданияти, ижтимоий институтларни барқарор молиялаштириш ва тиббий ёрдам тизими юқори даражада бўлганидан далолат берувчи муҳим тарихий ёдгорликдир. Иброҳим Тамғачхоннинг бу хайрли амали ўзбек давлатчилиги тарихида ижтимоий адолат ва фуқаролар муҳофазаси бош мезон бўлганини намоён этади.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА