Cавол: Масжиди Набавийда бомдод намозида имом зам сурага сажда ояти бор сурани ўқиди. Сажда оятини ўқиб, тиловат саждасини қилиш учун такбир айтиб саждага кетди. Биз руку қиляпти деб рукуга кетдик. Имом яна такбир айтиб саждадан қайтди. Сурани тугатиб, руку қилди. Биз ҳам қўшилиб руку қилдик ва шу тарзда имом билан бирга намозни ўқиб тугатдик. Имом билан тиловат саждасини қилмаганимиз, ортиқча руку қилганимиз сабабли намоз бузилмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Икки ҳарами шарифда кўп ҳолларда имомлар жума куни бомдод намозида “Сажда” сурасини зам сура қилади. Бу сурада сажда ояти бор. Саволда айтилгандек имомлар сажда ояти келганда такбир айтиб саждага бориб, сажда қилиб, яна тик туради. Ҳаж ёки умрага бораётган зиёратчилар шуни билиб олмоғи лозим.
Саволда сўралган ҳолатга келсак, бу ҳолатда намоз бузилмайди. Билмасдан тиловат саждаси қилинмагани учун гуноҳ ҳам бўлмайди. Атайлаб сажда қилинмаса, бунда гуноҳ бўлади. Уламолар фарз амалларда имомга эргашмаслик намозни бузади дейишган. Лекин сизнинг ҳолатингизда барча фарз амаллар имом билан бирга бажарилган. Фақат ортиқча руку қилинган. Бу намозни бузмайди. Бу ҳақида фиқҳий китобларимизда бундай дейилган:
“Намоз фарз амалларда имомга хилоф қилиш билан бузилади. Хилоф қилиш деган гапдан мурод имомга бутунлай эргашмасликдир. Намоз имомга эргашмаслик туфайли эмас, балки фарз амални тарк қилиш сабабли бузилади. Намознинг бузилиши фарз амалга хосдир. Чунки вожиб ёки суннатда имомга иқтидо қилмаслик билан намоз бузилмайди” (“Раддул муҳтор” китоби).
Саждаи тиловат қилиш вожиб амал бўлиб, вожиб амални бажармагани сабабли намоз бузилмайди.
Китобдаги иборадан имомга иқтидо қилганда вожиб ёки суннат амални бажармаса бўлар экан, деган хаёлга бормаслик керак. Чунки қасдан вожиб ёки суннатни тарк қилиш намозни бузмаса-да, гуноҳкорликка олиб боради. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази
Олмаота шаҳрида Ўзбекистоннинг “Умра плюс” халқаро туризм ассоциацияси ташаббуси билан халқаро туризм ярмаркаси ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Ўзбекистон Туризм қўмитаси ҳамда мамлакатимиз Бош консулхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбир Марказий Осиё давлатлари ўртасида зиёрат туризмини ривожлантириш, халқаро сайёҳлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, зиёратчилар оқимини Ўзбекистонга жалб этиш ҳамда “Умра плюс” дастури доирасида янги туристик йўналишларни шакллантириш мақсадида ўтказилди.
Ярмаркада 50 нафарга яқин хорижий ҳамкорлар ҳамда Марказий Осиё давлатларининг туризм соҳасида фаолият юритувчи 600 нафарга яқин вакиллари иштирок этди.
Учрашувда Олмаота шаҳрида жойлашган Ўзбекистон, Ҳиндистон, Афғонистон ва Беларусь консуллик идоралари вакиллари ҳам қатнашиб, халқаро туризм соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари юзасидан фикр алмашди.
Тадбир доирасида “Умра плюс” халқаро туризм ассоциацияси ҳамда Марказий Осиё давлатларининг йирик туроператорлари ўртасида музокаралар ўтказилиб, “Умра плюс” дастури доирасида 2026 йил якунига қадар қарийб 10 минг нафар зиёратчининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Эришилган келишувлар Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, туристик хизматлар экспортини ошириш, Марказий Осиё давлатлари билан туризм соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатимизга хорижий зиёратчилар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.
Олмаота шаҳрида ўтказилган ушбу ярмарка Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида зиёрат туризми марказларидан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш ва хорижий туроператорлар билан янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этди.
Тадбир сўнггида Бош консулхона вакиллари томонидан фаол иштирокчилар ва ҳамкорларга “Умра плюс” халқаро туризм ярмаркасининг эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати