Куни кеча давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёев Макка шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан телефон орқали мулоқот қилди. Давлат Раҳбарининг ўзбекистонлик ҳожилар ҳолидан хабар олиш мақсадида алоҳида эътибор билан қўнғироқ қилиши илгари ҳеч кузатилмаган эди.
Юртбошимиз Муфтий ҳазратларидан Макка ва Мадина шаҳарларида бўлиб турган зиёратчиларимизнинг ҳаж ибодатига тайёргарлик жараёнлари, улар учун яратилган шароитлар, сиҳат-саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўради.
Мулоқотда Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Президент ҳожиларнинг ҳолидан хабар олишидан зиёратчилар хурсанд бўлаётганини ҳамда у кишининг салом ва тилакларини барча ҳаж ибодати ниятида турган юртдошларимизга етказишини маълум қилди. Шунингдек, давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган инсон қадрини улуғлаш ҳақидаги одилона сиёсат муборак диёрда ҳам амалда бўлаётгани, юртдошларимиз эъзозу ҳурматда бўлиб, улар учун барча шароитлар ҳозирлангани, бу қулайликларни нафақат ўзимизнинг зиёратчилар, балки Саудия Арабистони ҳукуматининг ҳаж ишлари масъуллари ва ўзга юрт ҳожилари эътироф этаётганини айтиб ўтди.
Дарҳақиқат, айниқса, бу йилги ҳаж мавсумига ўзгача тайёргарлик кўрилди. Айни пайтда қарийб 12 минг нафар ўзбекистонлик Саудия Арабистонида бўлиб турибди. Жами 15 минг 130 нафар фуқаро ҳаж ибодатига бориши белгиланган. Уларга 300 нафар гуруҳ раҳбари, 50 нафар олий тоифали шифокор, ошпазлар, таржимонлар ва бошқа кўмакчилар ҳамроҳлик қилади.
2024 йилдан бошлаб яна бир янгилик Саудия Арабистонида бўлиб турган диний соҳа ходимлари ҳамда қори зиёратчилар томонидан Қуръони каримни хатм қилиш йўлга қўйилди. Шу кунгача 1 515 та хатм ўқилиб, юртга тинчлик, халққа фаровонлик тилаб дуолар қилинган.
Хабарларда: “Бу каби эътибор ва шароитларни арабистонлик мутасаддилар ҳам юқори баҳолаб, Ўзбекистон Президентига ҳурмат ва дуоларини изҳор этмоқдалар”, дейилмоқда.
Ушбу эътирофлардан мамнун бўлган Президент ҳам:
– Ҳар куни борганларнинг мулоқоти ва таклифларини кўриб, жуда хурсанд бўляпман. Агар биз таҳлил қилсак, мустақилликнинг биринчи йилида 12 нафар эди, ҳозир 15 мингга яқин фуқароларимиз ҳажни адо этиб, 30 минг қўл дуо қилади, — деди.
Суҳбат чоғида Юртбошимиз: “…Энг катта мақсадим, ҳозирги таҳликали замонда маънавиятимиз, маърифатимиз, ўзлигимиз, тинчлигимиз, юртимиздаги шукроналикни ҳар бир зиёратчи келганидан кейин ўзининг кўчасида, маҳалласида янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, тарғиботчи деган, бир ибора билан, ўзингиз бош бўлиб, ёшларимизга тарбия нуқтаи назаридан янгича ташаббус билан келсанглар ва ташаббусларингизни бутун халқимиз қабул қилса”, деб мақсадларини билдирди.
Ўз навбатида Муфтий ҳазратлари ҳам ҳожиларимиз учун яратилган имконият ва шароитлар ўта юқори даражада эканини таъкидлаб, мана шунча имкониятларнинг жавоби – ватанга муҳаббат билан унга хизмат қилиш орқали қайтарилишини ҳожилар билан келишиб олингани, бу йилги ҳожиларимиз ватанга садоқатли тарғиботчи, уни севишга чақирувчи, ёшларни тарбиячиси бўлиб юртга қайтишини айтиб ўтди. Шунингдек, ҳар куни ҳожилар билан юртга қайтгандан сўнг маҳаллаларда ёшларга ватан туйғусини, юрт фаровонлигини сингдириб боришга, уларни илму маърифатга тарғиб қилишга, Ўзбекистон деган юртни бутун дунёга танилишига сабаб бўлган ажодларимиз ва сиз каби ватани, халқи ва ёшларини севувчи юрт раҳбарини берган Аллоҳ таолога шукроналар айтиб, ёшларни мана шундай кайфиятда тарбия қилишга келишиб олинганини таъкидлади.
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ҳеч муболағасиз ҳаж ибодати учун ҳожиларимизга кўплаб қулайликлар муҳайё қилинган. Бу шароитларни бориб, ўз кўзлари билан кўрган зиёратчилар эътироф этишмоқда. Маблағи бўлатуриб, умрида бир марта Ислом фарзларидан бири бўлган ҳаж ибодатини амалга ошира олмай, армон билан бу дунёдан ўтиб кетган қанчадан-қанча аждодларимиз бўлган. Бугунги кунга келиб, ҳукуматимиз томонидан барча шароитлар мукаммал тарзда яратиб берилмоқда. Мана шунча фазилатли ишларга шахсан Юртбошининг ўзи телефон орқали ҳожилар ҳолидан хабар олиши яна бир хурсандчилик бўлди. Бу эътибордан ҳожиларимиз ва бутун мамлакитимиз аҳли ҳам мамнунлик туйди.
Аллоҳ таоло бизни берган неъматларига шукр айтишга буюриб, муборак каломида шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда қилишни ваъда қилди:
«Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Бордию, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”» (Иброҳим сураси, 7-оят)..
Демак, Парвардигоримиз биз бандаларга берган неъматларига шукр айтсак, қадрига етсак – Аллоҳ биздан рози бўлади ва янада зиёда қилар экан.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларга ташаккур қилмаган (инсон) Аллоҳга ҳам шукр қилмайди”, деганларини имом Термизий ривоят қилган.
Буюк бобокалонимиз Қаффол Шошийнинг машҳур “Жавоми ул-карим” китобида келтиришича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Неъматлар ҳақида гапиришлик шукр қилишликдир” деганлар.
Юртимизда истиқомат қилаётган барча мўмин-мусулмонлар динимиз учун яратилган имкониятлардан мамнун бўлиб ҳаёт кечирмоқдалар. Бундай неъматнинг шукронаси – ҳар бир инсон тўғри ва ҳалол бўлиб, ибодат ва савобли амалларини холис Аллоҳ таоло учун адо этиб, ўзгаларни ҳам яхшиликка ва маърифатга чақирган, ёшларни одоб ва илм соҳиблари, ватанига садоқатли қилиб тарбиялашда жонбозлик кўрсатган ҳолда ҳаёт кечиришлари бўлади, иншоаллоҳ.
Зайниддин домла Эшонқулов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси ўринбосари
«УЙИ ТОЗАГА ГАРД ЮҚМАС, ГАРД ЮҚСА ҲАМ ДАРД ЮҚМАС»
«БМТ Бош Ассамблеяси 20 сентябрни
Бутунжаҳон тозалик куни
деб эълон қилиш ва уни ҳар йили
нишонлашга қарор қилади»
(БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2023 йил
8 декабрда қабул қилинган Резолюция).
2023 йил 8 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси A/RES/78/122-сонли Резолюцияни якдиллик билан қабул қилиб, 20 сентябрни Бутунжаҳон тозалик куни деб эълон қилди.
Бу кун инсониятга тоза ва соғлом атроф-муҳит учун умумий масъулиятимизни ҳамда табиий ресурсларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш зарурлигини эслатишга қаратилган.
Аммо чуқурроқ ўйлаб кўрсак, тозалик кўчада ахлат йўқлигидан анча кўпроқ маънони англатади.
Тозалик – бу шунчаки тартиб эмас. Бу қалб ҳолатидир.
Тозалик супургидан бошланмайди. У қалбдан бошланади. Инсон ўзи юриб турган замин унга бегона эмаслигини англаган лаҳзадан бошланади. У соясида дам оладиган дарахт – шунчаки дарахт эмас. У ичадиган сув – шунчаки сув эмас. Буларнинг барчаси Яратганнинг бизга вақтинча ишониб топширган неъматларидир.
Шунинг учун тозалик масаласи фақат экология масаласи эмас. Бу виждон, тарбия, имон ва биздан кейин келадиган авлодлар олдидаги масъулият масаласидир.
«Албатта, Аллоҳ покланувчиларни севади»
Қуръони Каримда шундай дейилган: «Албатта, Аллоҳ чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади» (Бақара сураси 2/222).
Бу сўзлар нақадар теран! Аллоҳ покланишни тавба билан – инсоннинг нафақат ташқи, балки ички покланиши билан боғлайди.
Қўлни ювиш мумкин, аммо кўчада ахлат қолдириш мумкин. Ўз уйини идеал даражада озода сақлаш мумкин, аммо бировнинг уйи олдида ташлаб кетилган ахлат ёнидан бепарво ўтиб кетиш мумкин. Табиатга бўлган муҳаббат ҳақида гапириш мумкин, аммо пластик идишни ариққа ташлаш мумкин. Бу ҳақиқий тозаликми?..
Ҳақиқий тозалик инсон ўзигагина тегишли бўлмаган жойни ифлос қилмасликни англаганида бошланади.
Ҳеч ким кўрмаётган бўлса ҳам, биров ташлаб кетган қоғозни ердан олганида. Машина ойнасидан ахлат ташламаганида. Сувни ифлос қилмаганида. Фарзандига тоза кўча тоза одатлардан бошланишини ўргатганида. «Мендан кейин бу ерда бошқалар яшайди», деб англаганида.
«Тозалик – имоннинг ярми»
Аллоҳнинг Пайғамбари саллаллоҳу алайҳи васаллам, шундай деганлар: «Поклик – имоннинг ярмидир».
Нақадар кучли сўзлар! Шунчаки «тозалик фойдали», эмас. Шунчаки «тозалик чиройли», эмас.
Тозалик имон билан боғлиқ! Имон нафақат сўзларда, намоз ва ибодатда намоён бўлади. У инсоннинг атрофидаги оламга қандай муносабатда бўлишида ҳам намоён бўлади.
Агар биз ўз уйимизни асрасак, нега ҳовлимизни ифлос қилишимиз керак? Агар оиламизни севсак, нега ўзимиздан кейин бошқаларга ифлослик қолдиришимиз керак? Агар сув учун Аллоҳга шукр қилсак, нега дарёлар, каналлар ва ариқларни чиқиндилар ташланадиган жойга айлантиришимиз керак? Агар Ватанимизни севсак, нега унинг ифлосланишига бефарқ қарашимиз керак?
Аждодларимиз ҳикмати
Доно халқимиз замонавий дунё экологик дастурлар, илмий тадқиқотлар ва халқаро ташаббуслар орқали етиб келаётган ҳақиқатни аллақачон англаган.
Ўзбек халқ ҳикматида шундай дейилади: «Уйи тозага гард юқмас, гард юқса ҳам дард юқмас».
Бу мақол халқ хотирасида бежиз яшаб келаётгани йўқ. Унда тозалик ва саломатлик ўртасидаги чуқур боғлиқлик акс этган. Бу мақол Ўзбекистоннинг расмий экологик ресурсларида ҳам келтирилиб, халқимизнинг тозалик ва озодаликка анъанавий муносабати таъкидланган.
Яна бир ҳар биримизга таниш фикр бор: «Тозалик – саломатлик гарови».
Бу оддий ибора кундалик тилимизнинг бир қисмига айланган. Аммо, эҳтимол, бугун уни яна бир бор қалбимиз билан эшитишимиз керакдир...
Аждодларимиз замонавий маънодаги «экологик барқарорлик» деган сўзни билмаганлар. Аммо улар сувнинг қадрини билганлар. Ерни ҳурмат қилганлар. Ҳовлини асраганлар. Кўчаларни супурганлар. Ҳашарларда бир-бирларига ёрдам берганлар. Чунки улар учун тозалик кўз-кўз қилиш воситаси эмас эди. Тозалик маданиятнинг бир қисми эди.
Биздан кейин нима қолади?
Бир куни ҳар биримиз бу дунёни тарк этамиз. Уйларимиз қолади. Кўчаларимиз қолади. Дарахтлар ўсишда давом этади. Дарёлар оқишда давом этади. Бугун фарзандларимиз ўйнаётган жойларда эртага бошқа болалар ўйнайди.
Шунда оддий, аммо жуда муҳим савол туғилади: Биз уларга нимани қолдирамиз?
Тоза ҳовлими ёки чиқинди уюми? Тиниқ сувми ёки ифлосланган каналми? Яшил боғми ёки куйиб кетган ерми? Нафас олиш ёқимли бўлган ҳавоми ёки тутундан юзингизни беркитгингиз келадиган шаҳарми?
Биз кўпинча бир инсон ҳеч нарсани ўзгартира олмайди, деб ўйлаймиз. Аммо ахир ифлослик бирданига пайдо бўлмайди-ку? Йўқ. У ерга ташланган битта қоғоздан бошланади. Бир шишадан. Бир пакетдан. «Буни бошқа биров тозалайди», деган битта фикрдан.
Лекин тозалик ҳам бир инсондан бошланади. Ердан олинган битта қоғоздан. Ахлат қутисига ташланган битта пакетдан. Битта дарахтдан. Ахлат ташламасликка ўргатилган битта боладан. Ўз намунаси билан «тўғри йўл шу» эканини кўрсатган битта катта инсондан.
Бефарқ ўтиб кетманг
Ёнидан бефарқ ўтиб кетмайдиган инсонда ўзига хос гўзаллик бор. У ахлатни кўради – ва уни ердан олади. Ифлосланган жойни кўради – ва тозалайди. Синган дарахтни кўради – ва уни асраб қолишга ҳаракат қилади. Конфет қоғозини ерга ташлаган болани кўради – уни камситмайди, балки хотиржамлик билан тушунтиради.
Маданият ана шундай тарбияланади. Буйруқ билан эмас – намуна билан. Қичқириқ билан эмас – меҳр-оқибат билан. Биргина байрам куни билан эмас – ҳар кунлик одат билан.
Ахир Бутунжаҳон тозалик куни – йилига бир марта кўчага чиқиб, суратга тушиш учун ҳудудни тозалайдиган кун эмас. Бу кун биз ўзимизга шундай савол беришимизга сабаб бўлиши керак: «Атрофимдаги олам янада тоза бўлиши учун мен ҳар куни нима қиляпман?»
Тозалик шукронамизга айлансин
Аллоҳ бизга ажойиб бир оламни ато этди. Ҳар куни уфқ узра кўтариладиган қуёшни. Ерни жонлантирадиган ёмғирни. Дарёлар ва булоқларни. Боғларни. Далаларни. Қушларни. Дарахтларни. Ҳавони. Буларнинг барчасини ўз кўзимиз билан кўриш имкониятини.
Бундай неъматлар учун шукр фақат сўз билан ифодаланадими?
Баъзан шукр жуда оддий амалдир. Ахлат ташламаслик. Сувни тежаш. Дарахт экиш. Ўзингиздан кейин тозалаш. Бошқа биров ифлос қилган жойни ҳам тозалаш.
Бу одатни фарзандга ўргатиш. Бефарқликнинг ғалаба қозонишига йўл қўймаслик. Зеро, атроф-муҳитни асрайдиган инсон гўё шундай дейди: «Эй, Парвардигор, Сен менга ишониб топширган неъматларни қадрлайман!»
20 сентябрь – келинг, бошлайлик
20 сентябрь тақвимдаги оддий сана бўлиб қолмасин.
Бу ҳар биримиз атрофимизга қараб: «Мен ўзимдан бошлайман», дейдиган кун бўлсин.
Кимдир келиб тартиб ўрнатишини кутмайлик. «Бу менинг ҳудудим эмас», демайлик. Чунки Ер – бизнинг умумий уйимиз!
Кўча тозалиги инсон виждони поклигидан бошланади.
Келинг, ҳовлига чиқайлик. Подъездимизни тозалайлик. Мактаб, маҳалла, масжид ва иш жойи атрофини обод қилайлик. Дарахт экайлик. Ахлатларни йиғайлик. Кераксиз бир марталик маҳсулотлардан воз кечайлик.
Болаларга сув ва ерни асрашни ўргатайлик!
Ва энг муҳими – 20 сентябрда тўхтаб қолмайлик.
Бу кундан кейин фақат тоза кўча эмас, балки тоза одат қолсин. Пок виждон қолсин. Табиатга нисбатан пок муносабат қолсин. Пок қалб қолсин.
Чунки бир куни фарзандларимиз биздан қанча пул топганимиз ёки қанча нарса сотиб олганимиз ҳақида эмас, балки: «Сиз бизга қандай дунёни қолдирдингиз?» – деб сўрайдилар.
Шунда биз жавоб беришдан уялмайлик: «Биз уни тоза ҳолда сақлашга ҳаракат қилдик».
Кўчаларимиз тоза бўлсин. Сувларимиз тиниқ бўлсин. Боғларимиз яшил бўлсин. Маҳаллаларимиз обод ва озода бўлсин. Уйларимизда тартиб, қалбларимизда меҳр-шафқат ҳукмрон бўлсин.
Ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: «Поклик – имоннинг ярмидир» деган муборак сўзлари ҳар биримиз учун шунчаки эшитган ҳадис эмас, балки ҳаётимизда амал қиладиган тамойилга айлансин!
Тозалик ҳар биримиздан бошланади.
Бугун – бир қадамдан.
Эртага – бир одатдан.
Биргаликда эса – фарзандларимиз учун тоза келажакдан.
Иброҳимжон Иномов.