Бугун 8 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилоят бош имом-хатибининг биринчи ўринбосари Обидхон домла Икрамов ва қурилиш бўлаётган масжидлар имом-хатиб ва мутаваллилари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда вилоятдаги қурилиш бўлаётган масжидлардаги ишларни Қурбон ҳайити муносабати билан тўхтатиб туриш топширилди. Шу билан бирга, Қурбон ҳайитини муносиб ўтказиш, ҳайит намозини ўқиш тартиб-қоидалари, намозхонларга қулай шароит яратиш, маънавий-маърифий ва ташкилий ишларни амалга ошириш юзасидан тавсия, кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Шунингдек, барча имом-хатиблар бошчилигидаги ходимларга масжидлар ва уларга олиб борувчи 100 метр масофадаги йўлларда тозалаш ва ободонлаштириш, деворларни эса оқлаш ишларини ташкил этиш, намозхонлар учун қулай шароит яратиш, тўшаладиган гилам ва палосларнинг ҳолатига алоҳида эътибор қаратиш, таҳоратхоналар ҳолатини талаб даражасига келтириш каби вазифалар топширилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати