Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси "Шамсуддинхон Бобохонов" нашриёт-матбаа ижодий уйида 45 йилдан зиёд фаолият юритган Солиҳова Раҳима Каримжон қизининг вафоти муносабати билан марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахоннни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Дин ривожи, халқ маърифати ва Ватан равнақи йўлида қилган барча хизматларини Ҳақ таоло қабул айласин!
Ҳақ таоло марҳуманинг барча солиҳ амалларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, барча саҳву хатоларини кечириб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!
Аллоҳ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси номидан Раҳима Солиҳованинг оила аъзолари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Жорий йилнинг 2–3 сентябрь кунлари Қоҳира шаҳрида Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти ташаббуси билан нуфузли халқаро анжуман бўлиб ўтади.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этади. Маълумки, жорий йил июль ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Бутунжаҳон Фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти аъзолигига қабул қилинган эдилар.
Халқаро йиғинда дунёнинг таниқли муфтийлари, фатво ва фиқҳ марказлари уламолари, халқаро ташкилотлар вакиллари, Ал-Азҳар дорулфунуни каби нуфузли олийгоҳлар профессорлари ҳамда соҳа мутахассислари жам бўлади.
Кун тартибида сунъий интеллект, жадал рақамлаштириш ва замонавий биоэтика замонида оила институти мустаҳкамлигини таъминлаш, аёллар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, ёшларни зарарли иллатлардан асраш ҳамда маънавий инқирозларга исломий қадриятлар асосида шаръий ва илмий ечимлар топиш масалалари атрофлича муҳокама қилинади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати