Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннат оналар оёғи остида эканлигини хабар беришлари ҳам оналик мартабаси қанчалик юқорлигидан далолатдир.
Афсуски, бугун онасига, аёлига яхши муомала қилмаётган кимсалар бор. Ачинарлиси, кейинги пайтларда ота-онасидан норози бўлиб, имом-домлаларга шикоят қилаётганлар пайдо бўляпти. Буни кўриб ёқа ушлайсан киши. Наҳот фарзанд ўз онасидан норози бўлса? Ахир она дакки эшитиш учун боласини катта қилганми?!
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Раббингиз сизларга ёлғиз унинг Ўзига ибодат қилишингизни ҳамда ота-онангизга яхшилик қилишингизни амр этди”, деб буюради (Исро сураси, 32-оят).
Демак, ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳга ибодат қилгандан кейинги муҳим амал ҳисобланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳли аёлига яхши муносабатда бўлганингиздир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Ожиза аёлларимизга меҳр кўрсатиш, ҳурмат-иззат қилиш ҳар бир кишининг бурчидир.
Хадича розияллоҳу анҳога Аллоҳнинг саломи ва раҳмати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам воситаларида келганини унутмаслигимиз керак. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб: “Ё Расулуллоҳ! Бу Хадича у идишдан нонхўрак олиб келмоқда. У сизни олдингизга келса, Раббисидан салом етказинг ва жаннатдаги олтиндан бўлган уйнинг башоратини беринг”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Албатта, Пайғамбаримиз суннатларига амал қилиб, онасини, аёлини ҳурмат-эҳтиром қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Ана шундай йигитлардан бирининг иши барчамизга ибрат бўлиши керак.
Машина олди-сотдиси билан шуғулланадиган тадбиркор шу воқеани айтиб берди: .
«Бир дўстим қиммат автомашинасини сотишга мажбур бўлиб қолди. Бозорга тайёрлаш учун менга олиб келиб берди. Уч кун машинани ювиб, чиройли ҳолатга келтирдим. Тўртинчи куни дўстим ҳовлиқиб кириб келди: “Оғайни, ишқилиб машинамни бирор кишига сотишга ваъда қилиб қўймадингми?” деди. Мен: “Йўқ, энди тайёр бўлди-ку”, дедим. Дўстим: “Худога шукр. Хабаринг бор, ҳар якшанба онамни манзарали жойларга олиб бориб, айлантириб келаман. Бундан онам маза қилиб ҳордиқ чиқаради. Кеча онам: “Ўғлим, шу машинанг менга жуда маъқул-да. Айниқса, табиатни томоша қилишни завқи бўлакча”, деб қолди. Машинани сотаётганимдан хабари йўқ эди-да. Кел, дўстим, шу машинани сотмайлик. Пулни бошқа жойдан топарман. Онам хурсанд бўлса бўлди, қолгани ё Раззоқ”, деди. Онасининг бир оғиз сўзи учун дўстим машинасини сотмади. Аммо кўп ўтмасдан унинг иши юришиб, тижоратдан катта даромад кўрди. Ҳозир ҳам шу маркабда доим онасининг хизматини қилади».
Ҳа, онани рози қилишда кўп хайрлар бор.
Маъруфхон АЪЛОХЎЖАЕВ,
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори”
жоме масжиди имом-хатиби
Бугун, 15 сентябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши ва халқаро анжуманнинг нуфузли иштирокчиларини қабул қилди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Озарбайжон етакчисига Давлатимиз Раҳбарининг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказдилар.
Учрашувда қардош давлат Раҳбари нутқ сўзлаб, халқаро анжуманларнинг аҳамиятига тўхталди. Мулоқот чоғида сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилгани алоҳида эътироф этилди.
Туркий давлатлар етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари натижасида илм-фан, таълим, маданий-гуманитар ҳамда диний-маърифий жабҳаларда ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётгани таъкидланди. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар Диний идоралар раҳбарларининг муштарак мақсадлар йўлида бирлашиши, халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикни асраш ҳамда замоннинг долзарб масалалари бўйича муштарак фатво ва баёнотлар қабул қилишда муҳим пойдевор бўлаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати