“(Биз ҳалок қилган қишлоқлардан) бирор қишлоқ (аҳли) иймон келтирганда эди, иймони унга фойда берган (ва ҳалок бўлмаган) бўлур эди. Илло, Юнус қавми (шундай қилди). Иймон келтиришгач, улардан дунё ҳаётидаги хорлик азобини кетказдик ва уларни (маълум) вақтгача (ҳаёт лаззатидан) баҳраманд қилдик” (Юнус сураси, 98-оят).
Юнус алайҳиссалом пайғамбар этиб юборилган Найнаво қавмининг бошига келган офат дуо туфайли қайтарилди.
Имроннинг аёли Ҳанна қизини дунёга келтиргач, бундай дуо қилди: “Мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг (ёмонлигидан) паноҳ беришингни Сендан илтижо қилиб сўрайман” (Оли Имрон сураси, 36-оят). Мазкур дуонинг ижобатини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларидан билиб оламиз: “Дунёга келган ҳар бир гўдакка шайтон тегинади, шу сабабдан улар йиғлаб туғилади. Марям ҳамда ўғли бундан мустасно”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Иброҳим алайҳиссаломнинг: “Парвардигоро, уларнинг орасига ўзларидан бўлган, уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва ҳикматни (Қуръон ва ҳадисни) ўргатадиган ва уларни поклайдиган бир пайғамбарни юбор...” (Бақара сураси, 129-оят) дуолари орадан 20 асрдан ортиқ вақт ўтгач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сиймоларида ижобат бўлди.
Набий алайҳиссаломнинг дуолари ижобат бўлгани ҳақидаги хабарлар мутавотирдир. .
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир одамнинг ҳаққига дуо қилсалар, дуолари унинг фарзанди ва фарзандининг фарзандига ҳам етиб борар эди”, деган (Имом Табароний ривояти).
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исломни Умар розияллоҳу анҳу ёки Абу Жаҳл билан азиз этилишини сўраб дуо қилганлар. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ҳидоятга келиши билан Ислом азиз бўлди”. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Умар мусулмон бўлганидан сўнг азиз бўлдик” (Имом Бухорий ривояти).
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
قُلِ ادْعُواْ اللَّهَ أَوِ ادْعُواْ الرَّحْمَنَ أَيًّا مَّا تَدْعُواْ فَلَهُ الأَسْمَاء الْحُسْنَى وَلاَ تَجْهَرْ بِصَلاتِكَ وَلاَ تُخَافِتْ بِهَا وَابْتَغِ بَيْنَ ذَلِكَ سَبِيلاً
«Сиз: “Аллоҳга дуо қилинглар, Раҳмонга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, барибир. Гўзал исмлар Уникидир”, деб айтинг. Намозингизни жуда баланд овоз ила ўқиманг, уни жуда махфий ҳам ўқиманг, бунинг орасида бир йўл тутинг» (Исро сураси, 110-оят).
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али розияллоҳу анҳунинг ҳаққига “Раббим уни иссиқдан ҳам, совуқдан ҳам асра”, деб дуо қилганлар. Шу боис Али розияллоҳу анҳу қишда ёзнинг, ёзда қишнинг либосини кийиб юрар эдилар. У кишига на иссиқ, на совуқ таъсир қиларди» (Имом Ибн Можа ривояти).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг топганига барака беришини сўраб дуо қилганлар. У зотнинг топганига шу даражада барака ёғилдики, “Тошни кўтарсам ҳам, тагидан тилла чиқишига ишониб қолгандим”, дейди Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу.
Бу каби дуолар ижобатини солиҳ инсонлар ҳаётида ҳам учратамиз.
Имом Байҳақий ривоят қилади: «Бир куни Аҳмад ибн Ҳанбалнинг зиёратига бир йигит келиб: “Эй Аҳмад ибн Ҳанбал, онамнинг ҳаққига шифо сўраб Аллоҳга дуо қилинг. У йигирма йилдан бери юролмайди”, деди. Йигитнинг гапларини эшитиб, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қаттиқ жаҳли чиқди. Йигитга: “У бизнинг дуо қилишимизга эмас, у бизнинг ҳаққимизга дуо қилишига кўпроқ муҳтожмиз”, деди. Сўнг Аллоҳ таолога юзланиб, йигитнинг онаси ҳаққига шифо сўраб дуо қилди. Йигит уйига онасининг олдига қайтди ва уйга кириш учун эшикни тақиллатди. Йигирма йилдан бери юролмайдиган онаси ўз оёқлари билан юриб чиқиб: “Эй ўғлим, Аллоҳ менга шифо берди”, дея уни кутиб олди» (Ибн Касир, “ал-Бидая ва ан-Ниҳая”).
Ибодатнинг илиги бўлган дуони кўп қилайлик. Чунки Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Аллоҳга дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Мавжуда НУРИДДИНОВА
тайёрлади.
Инсон хилқатан бир неча нарсаларга мубталодир. Ақли қусурли одам бу ҳолни унутиб, кибрланади. Инсон мубтало бўлган нарсалардан бири унинг ҳар куни бир неча бор ҳожатга чиқишга мажбурлигидир.
Динимизда инсон ҳаётининг барча ҳолатларининг, жумладан, таҳорат ушатишнинг ҳам одоб ва ҳукмлари баён этилган. Қандай жойларда таҳорат ушатиб бўлмайди?
Қабристон, йўлларда, дарахтлар ости, ҳовуз, қудуқ, булоқ, ариқ ва дарё қирғоқлари, таҳорат олинадиган жойда; ер ва девор ёриқ-ковакларига, жониворлар инлари, шунингдек, шамолга қараб ҳожат чиқариб бўлмайди.
Халожойга кириш ва покланиш тартиби
Халожойга ҳожат танглиги кучаймасидан аввалроқ бориш лозим. Халога оят, ҳадис, Аллоҳ таолонинг ва пайғамбарларнинг номлари ёзилган нарсаларни олиб кириш мумкин эмас. Уларни ташқарида қолдириш керак. Халога бошяланг кириш макруҳ.
Хало эшигига етгач, “Бисмиллаҳ, Аллоҳим, мени ифлослардан ва озор берувчилардан асра”, дейилади. Ҳожатхонага чап оёқ билан кириб, ўнг оёқ билан чиқилади. Ҳожат жойига етмай, пастки кийим ечилмайди. Халода чап елкани қибла тарафга қилиб, аврат ва ифлос жойларга назар қилмай, оёқлар орасини кенг тутиб ўтирилади.
Ҳожатни тик туриб, узрсиз яланғочланиб (ёпиқ жойда бўлса ҳам), қиблага юзланиб ёки қиблага орқа қилиб чиқариш, ёш болаларни ҳам мазкур ҳолатларда тўсиш таҳримий макруҳдир. Халода ёзиб-чизиш, атрофга аланглаш ва баданни ўйнаш мумкин эмас. Халода фиқҳ ва ўзга илмлар ҳақида фикр юритилмайди, саломга ва азонга жавоб қайтарилмайди. Бурун қоқилмайди. Йўталмасликка, тезроқ бўшанишга ҳаракат қилиш зарур.
Ҳожат ушатилгач, эркаклар турмасларидан, сийдик йўлини орқадан учига қараб сиқишлари керак. Орқа йўл чап қўл билан тоза кесак, тош, қиймати йўқ эски латта ёки эски пахта ёки махсус ҳожат қоғози билан артиб тозаланади.
Истибро нима ва у қандай қилинади?
Истибро – сийдик йўлида бир томчи ҳам қолдирмай тозаланиш бўлиб, эркаклар учун вожиб. Бунинг учун кийимни кўтариб ҳожат ўрнидан тургач, пешоб йўлига кесак тутиб юриш ё силкиниш ё йўталиш керак. Сийдик йўлида ҳеч нарса қолмаганига тўла ишонч ҳосил бўлгач, сув билан тозаланишга ўтилади.
(Давоми кейинги сонда)
Муҳаммад ШАРИФ ЖУМАН
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws