Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Сентябр, 2026   |   7 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:47
Қуёш
06:06
Пешин
12:17
Аср
16:38
Шом
18:32
Хуфтон
19:47
Bismillah
18 Сентябр, 2026, 7 Рабиъус сони, 1448

Ибодатнинг илиги

11.06.2024   4095   4 min.
Ибодатнинг илиги

“(Биз ҳалок қилган қишлоқлардан) бирор қишлоқ (аҳли) иймон келтирганда эди, иймони унга фойда берган (ва ҳалок бўлмаган) бўлур эди. Илло, Юнус қавми (шундай қилди). Иймон келтиришгач, улардан дунё ҳаётидаги хорлик азобини кетказдик ва уларни (маълум) вақтгача (ҳаёт лаззатидан) баҳраманд қилдик” (Юнус сураси, 98-оят).

Юнус алайҳиссалом пайғамбар этиб юборилган Найнаво қавмининг бошига келган офат дуо туфайли қайтарилди.

Имроннинг аёли Ҳанна қизини дунёга келтиргач, бундай дуо қилди: “Мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг (ёмонлигидан) паноҳ беришингни Сендан илтижо қилиб сўрайман” (Оли Имрон сураси, 36-оят). Мазкур дуонинг ижобатини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларидан билиб оламиз: “Дунёга келган ҳар бир гўдакка шайтон тегинади, шу сабабдан улар йиғлаб туғилади. Марям ҳамда ўғли бундан мустасно”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Иброҳим алайҳиссаломнинг: “Парвар­дигоро, уларнинг орасига ўзларидан бўлган, уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва ҳикматни (Қуръон ва ҳадисни) ўргатадиган ва уларни поклайдиган бир пайғамбарни юбор...” (Бақара сураси, 129-оят) дуолари орадан 20 асрдан ортиқ вақт ўтгач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сиймоларида ижобат бўлди.

Набий алайҳиссаломнинг дуолари ижобат бўлгани ҳақидаги хабарлар мута­вотирдир. .

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир одамнинг ҳаққига дуо қилсалар, дуолари унинг фарзанди ва фарзандининг фарзандига ҳам етиб борар эди”, деган (Имом Табароний ривояти).

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исломни Умар розияллоҳу анҳу ёки Абу Жаҳл билан азиз этилишини сўраб дуо қилганлар. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ҳидоятга келиши билан Ислом азиз бўлди”. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Умар мусулмон бўлганидан сўнг азиз бўлдик” (Имом Бухорий ривояти).

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

قُلِ ادْعُواْ اللَّهَ أَوِ ادْعُواْ الرَّحْمَنَ أَيًّا مَّا تَدْعُواْ فَلَهُ الأَسْمَاء الْحُسْنَى وَلاَ تَجْهَرْ بِصَلاتِكَ وَلاَ تُخَافِتْ بِهَا وَابْتَغِ بَيْنَ ذَلِكَ سَبِيلاً

«Сиз: “Аллоҳга дуо қилинглар, Раҳмонга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, барибир. Гўзал исмлар Уникидир”, деб айтинг. Намозингизни жуда баланд овоз ила ўқиманг, уни жуда махфий ҳам ўқиманг, бунинг орасида бир йўл тутинг» (Исро сураси, 110-оят).

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али розияллоҳу анҳу­нинг ҳаққига “Раббим уни иссиқдан ҳам, совуқдан ҳам асра”, деб дуо қилганлар. Шу боис Али ро­зияллоҳу анҳу қишда ёзнинг, ёзда қишнинг либосини кийиб юрар эдилар. У кишига на иссиқ, на совуқ таъсир қиларди» (Имом Ибн Можа ривояти).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг топганига барака бериши­ни сўраб дуо қилганлар. У зотнинг ­топганига шу даражада барака ёғилдики, “Тошни кўтарсам ҳам, тагидан тилла чиқишига ишониб қолгандим”, дейди Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу.

Бу каби дуолар ижобатини солиҳ инсонлар ҳаётида ҳам учратамиз. 

Имом Байҳақий ривоят қилади: «Бир куни Аҳмад ибн Ҳанбалнинг зиё­ратига бир йигит келиб: “Эй Аҳмад ибн Ҳанбал, онамнинг ҳаққига шифо сўраб Аллоҳга дуо қилинг. У йигирма йилдан бери юролмайди”, деди. Йигитнинг гапларини эшитиб, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қаттиқ жаҳли чиқди. Йигитга: “У бизнинг дуо қилишимизга эмас, у бизнинг ҳаққимизга дуо қилишига кўпроқ муҳтожмиз”, деди. Сўнг Аллоҳ тао­лога юзланиб, йигитнинг онаси ҳаққига шифо сўраб дуо қилди. Йигит уйига онасининг олдига қайтди ва уйга кириш учун эшикни тақиллатди. Йигирма йилдан бери юролмайдиган онаси ўз оёқлари билан юриб чиқиб: “Эй ўғлим, Аллоҳ менга шифо берди”, дея уни кутиб олди» (Ибн Касир, “ал-Бидая ва ан-Ниҳая”).

Ибодатнинг илиги бўлган дуони кўп қилайлик. Чунки Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Аллоҳга дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ”, деганлар (Имом Термизий ривояти). 

Мавжуда НУРИДДИНОВА

тайёрлади.

 

 

 

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Тошкентда Ўзбекистон ва Покистон туризм соҳаси вакилларининг B2B форматидаги учрашуви бўлиб ўтди

14.09.2026   33449   1 min.
Тошкентда Ўзбекистон ва Покистон туризм соҳаси вакилларининг B2B форматидаги учрашуви бўлиб ўтди

Тошкентда Ўзбекистон ва Покистоннинг Карачи шаҳри туристик бизнеси вакиллари иштирокида B2B форматидаги учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Икки мамлакат туроператорлари ўртасидаги бевосита алоқаларни кенгайтириш, янги туризм маҳсулотларини яратишга бағишланган тадбир “Centrum Air” авиакомпанияси томонидан ташкил этилди. Учрашув Тошкент–Карачи йўналишида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилиши муносабати билан “FAM Trip” таништирув тури доирасида ўтказилди.

Жорий йилнинг 10–12 сентябрь кунлари бўлиб ўтган ташриф давомида Карачи туризм бизнесининг 10 нафар вакили Ўзбекистонга келди. Делегация Тошкент ва Самарқанднинг тарихий, маданий ва диққатга сазовор сайёҳлик масканлари ҳамда мамлакатнинг замонавий туризм инфратузилмаси билан танишди.

B2B форматидаги учрашувда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари тақдимоти ўтказилди. Унда Покистон бозорида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивани қамраб олувчи тарихий-маданий йўналишлар, Буюк Ипак йўли йўналишлари, гастрономик, экологик ва зиёрат туризмини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Икки мамлакат туризм соҳаси вакиллари қўшма турпакетларни ишлаб чиқиш, янги йўналишларни шакллантириш ҳамда Ўзбекистон ва Покистон бозорларида туристик маҳсулотларни илгари суриш масалаларини муҳокама қилди.

Таъкидланганидек, Карачи ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновнинг йўлга қўйилиши туризм йўналишлари, жумладан, “Карачи–Тошкент–Самарқанд” йўналишини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади ва келгусида Ўзбекистоннинг бошқа сайёҳлик марказларини ҳам қамраб олиш имконини беради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати