Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Сентябр, 2026   |   19 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:26
Қуёш
05:49
Пешин
12:23
Аср
17:01
Шом
19:00
Хуфтон
20:19
Bismillah
01 Сентябр, 2026, 19 Рабиъул аввал, 1448

Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

11.06.2024   2959   2 min.
Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Муборак Қурбон ҳайитининг маънавий ҳаётимизда меҳр-оқибат, бағрикенглик, мурувват, дўстлик ва ҳамжиҳатлик каби эзгу тамойилларни мустаҳкамлаш борасидаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Ушбу қутлуғ айёмни муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик ғоялари ҳамда миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида:

1. 2024 йилда муборак Қурбон ҳайитининг биринчи куни 16 июнь – якшанба кунига тўғри келиши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилиниб, юртимизда 16 июнь куни Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин.

2. Қуйидагилар:

а) Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ:

ишланмайдиган байрам куни ҳисобланувчи Қурбон ҳайитининг биринчи куни дам олиш кунига тўғри келиши муносабати билан ушбу дам олиш куни 17 июнь – душанба кунига кўчирилиши;

бунда ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмаслиги;

б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 22 декабрдаги “2024 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ–213-сон Фармони билан 18 июнь – сешанба куни барча ходимлар учун қўшимча дам олиш куни этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда муборак Қурбон ҳайитини халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда ўтказиш учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.

4. Туризм қўмитаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда юртдошларимиз учун муборак Қурбон ҳайити кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятлар яратсин.

5. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси М.М. Камилов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.Мирзиёев

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

"Вақф" фонди ва Туркия диёнат вақфи ҳамкорлиги янги босқичда

28.08.2026   42420   1 min.

Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамда Туркия Диёнат вақфи масъул ходимлари иштирокида видеоконференция форматида мулоқот бўлиб ўтди.


Учрашувда икки муассаса ўртасида имзоланган меморандум ва унинг асосида ишлаб чиқилган йўл харитасидаги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг амалий механизмларини белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.


Мулоқот давомида вазифаларнинг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, истиқболда амалга ошириладиган қўшма ташаббуслар ва ижтимоий лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Хусусан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар, ёшлар билан ишлаш ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, хорижий хайрия хизматларини ташкил этиш ҳамда закот ва хайрия муносабатларини янада ривожлантириш каби ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича атрофлича фикр алмашилди.


Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот икки қардош давлат вақф фондлари ўртасидаги диний-маърифий ва саховат йўналишидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати