Ривоят қилишларича Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу тунда намоз ўқир ва ором олаётган ўғлига қарата: “Сен туфайли, болажоним”, дея йиғлаб, “...Уларнинг оталари солиҳ киши эди...” (Каҳф сураси, 82-оят) оятини тиловат қилар эдилар.
Каъбул Аҳбордан ривоят қилинади: “Қанчадан-қанча тунлари бедор кишилар бор, уларнинг амаллари қабул бўлган ва қанчадан-қанча ухлаб ётганлар бор, уларнинг гуноҳлари кечирилган. Бунинг боиси шуки, икки киши Аллоҳ йўлида дўстлашадилар. Улардан бири тунларни ибодат билан ўтказади, Аллоҳ таоло унинг намози ва дуосидан рози бўлади. Бирор дуосини рад қилмайди. У эса (ухлаб ётган) биродарини тундаги дуосида эслаб: “Эй Парвардигорим, биродарим фалончини ҳам гуноҳларини кечир”, дейди. Аллоҳ эса ухлаб ётган биродарининг ҳам гуноҳларини кечириб юборади”.
Улуғ тобеъин Саъид ибн Жубайр розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен мана бу ўғлимни деб ҳам намозимни узунроқ қилиб ўқийман”.
Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу бир кишини қисқа намоз ўқиётганини кўриб, уни чақирдилар ва: “Биродар, намозда Парвардигорингдан сўрайдиган ҳожатинг йўқми? Мен намозимда Аллоҳдан, ҳатто тузни ҳам сўрайман”, дедилар.
Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг "Меҳр ойи" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Ҳикматуллоҳ Рўзалиев таржимаси.
Малайзияда бўлиб ўтган “MATTA Fair” йирик сайёҳлик кўргазмасида Ўзбекистон Туризм қўмитаси томонидан миллий павильон ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Малайзия халқаро савдо ва кўргазмалар марказида намойиш этилган миллий павильон мамлакатимизнинг Куала-Лумпур шаҳридаги элчихонаси кўмагида амалга оширилди.
Кўргазмада Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди. Тадбир иштирокчиларига республикада туризм соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, зиёрат туризмини жадал ривожлантириш ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Сўнгги йилларда виза режими соддалаштирилиши натижасида 90 дан ортиқ хорижий давлатлар, жумладан, Малайзия фуқаролари учун ҳам мамлакатга визасиз кириш тартиби амал қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Сайёҳлар Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг тарихий ва замонавий сайёҳлик марказлари, бой маданияти, бетакрор архитектураси ва санъати, миллий анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Миллий павильонда Туризм қўмитаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси вакиллари ҳамда республиканинг қатор туркомпаниялари томонидан зиёрат туризми, тарихий-маданий туризм, гастрономик туризм, Умра+, қишки туризм каби сайёҳлик дастурлари “B2B” ва “B2C” форматларида кенг тарғиб қилинди.
“Uzbekistan Airways” авиакомпанияси вакиллари мамлакатимизга саёҳат қилувчилар учун яратилган қулайликлар, жумладан, Тошкент ва Куала-Лумпур шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар мавжудлиги ҳақида ахборот берди.
Тадбир давомида икки мамлакат туроператорларининг тўғридан-тўғри ҳамкорлиги доирасида республикага сайёҳлар оқимини ошириш бўйича аниқ келишувларга эришилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати