Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Сентябр, 2026   |   5 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:44
Қуёш
06:04
Пешин
12:18
Аср
16:41
Шом
18:35
Хуфтон
19:51
Bismillah
16 Сентябр, 2026, 5 Рабиъус сони, 1448

Жонлиқ қандай сўйилади?

13.06.2024   6106   6 min.
Жонлиқ қандай сўйилади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Арабча «забиҳа» сўзи сўйиладиган ҳайвон дегани, ҳайвон сўйишга оид илм эса «забоиҳ» дейилади, бу «забҳ» – сўйишнинг кўплик шаклидир. «Забҳ» сўзи луғатда «ёрмоқ» маъносини билдирса-да, кейинчалик ҳайвонларнинг бўғиз томонидан ҳалқумини кесишга нисбатан ишлатила бошлаган.

Фуқаҳолар наздида «забҳ» сўзи уч хил маънода қўлланилади:

- ҳалқумни кесиш, ҳалқум жағ билан лабба (кўкракнинг юқори, бўйиннинг пастки қисми) ўртасидаги жой;

- ҳалқум ёки лаббани кесиш; в) ҳайвоннинг ҳалоллигига сабаб бўлиши учун кесиш. Бу ихтиёрий, яъни бемалол сўйиладиган ҳайвонда  ҳалқумни ёки лаббани кесиш, изтирорий, яъни бемалол бўлмаган ҳайвонда тўғри келган жойига найза отиб ёки жароҳатловчи овчи ҳайвонни жўнатиб, жонини чақариш билан бўлади.

Одатда забоиҳ – сўйишлар бобида сўйишга тегишли бир неча истилоҳлар ишлатилади. Асосий мавзуга ўтиш олдидан уларга шарҳ бериб ўтиш зарур бўлади.

Наҳр – луғатда кўкрак ва кўкракнинг юқори қисмини билдиради. Фуқаҳолар истилоҳида эса, лабба, яъни бўғиздан пастдаги бўйин қисмидан сўйишга ишлатилади. Одатда забҳнинг муқобилида наҳр ишлатилади. Туяларни наҳр билан сўйиш мустаҳаб саналади.

Ақр – аслида туя ёки қўй ва эчкиларнинг тик турган ҳолида қилич билан оёқларини чопиб ташлашга айтилади. Кейинчалик қатл ва ҳалок қилишга ҳам ишлатиладиган бўлди. Гоҳида туяни наҳр қилишга ҳам ишлатилади. Чунки туя сўювчи одатда туянинг оёғига қилич уриб, кейин бўйнидан сўяр эди. Фуқаҳолар боғлаб сўйиш имкони бўлмаган ҳайвонларни тўғри келган жойига жароҳат етказиб ўлдиришга ҳам бу истилоҳни ишлатадилар.

Жарҳ – луғатда касб қилишга ишлатилади. Аллоҳ таоло: “Аллоҳ кундузда нима касб қилганингизни билади”, деб марҳамат қилган. Шунингдек, бирор нарсага қурол орқали жароҳат етказишга ҳам ишлатилади. Фиқҳ китобларида ақр маъносида ҳам ишлатилади.

Сойд – луғатда вахший ҳайвон ёки йиртқич қушнинг овни тутишига ҳамда овланган ёки энди овланадиган нарсаларга ишлатилади. Фуқаҳолар эса, овланувчи ҳайвонни, ов қилишни “сойд” сўзи билан ифодалайдилар. 

Тазкия – луғатда ҳайвонни (Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилиб) забҳ ёки наҳр қилишга айтилади. Фуқаҳолар истилоҳида эса, гўшти ейиладиган ҳайвоннинг пок ва гўштини ейиш ҳалоллигига шаръий сабаб ҳамда гўшти ейилмайдиган ҳайвоннинг териси, гўшти ва ёғларидан ейишдан бошқа ўринларда фойдаланиш ҳалоллигига шаръий сабаб «тазкия» дейилади. Соддароқ қилиб айтганда, гўшти ейиладиган ҳайвонни шаръий йўл билан сўйиб-ҳалоллаб олиш “тазкия” дейилади.

 Агар ҳайвон чўчқа каби тирик ва ўлик ҳолида ҳам гўшти ейилмайдиган, нажас ҳайвон бўлса, шаръий йўл билан сўйиш унга ҳеч қандай таъсир қилмайди, яъни, гўштини ҳам, терисини ҳам, суягини ҳам покламайди. Агар айиқ, хонаки эшак каби гўшти ейилмайдиган, лекин тўнғиз каби нажас бўлмаган, тириклигида пок, ўлганидан кейин нопок ҳайвонлар бўлса, Аллоҳ таолонинг исми билан сўйилса, гўшти ва ёғларини суртиш ва йиртқичларга озуқа қилиб бериш ҳалол бўлади. Лекин ундан одамларнинг ейиши жоиз эмас. Териси ошлашдан аввал ҳам пок бўлади.

Агар чумоли ва ари каби қони йўқ, тирик ҳолида ҳам, ўлик ҳолида ҳам пок жонзот бўлса, уни тазкия қилишга ҳожат йўқ. Ҳашаротларни ейиш ҳалол бўлмаса-да, сув каби суюқликларга тушса, уларни нопок қилмайди.

Гўшти ейиладиган ҳайвонлар агар қуруқлиқ ҳайвони бўлиб, қони бўлса, тазкия қилишга лойиқ бўлади ва тазкия қилиш унда уч хил таъсир қилади:

1) поклиги боқий қолади.

2) ошланмасдан аввал териси ва юнгларидан фойдаланиш ҳалол бўлади

3) гўштини ейиш ҳалол бўлади.

Гўшти ейиладиган ҳайвонларда ҳаром қилинган нарса асосан унинг томирларида оқувчи қонидир. Бу қон забҳ ёки наҳр қилиш орқали чиқариб юборилади. Аллоҳ таоло фақат покиза нарсаларни ҳалол қилган. Қуръони каримда шундай дейилган: «(Эй Муҳаммад), улар ўзларига нима ҳалол қилинганини сўрашади. Сиз: «Барча покиза нарсалар сизларга ҳалол қилинди. Аллоҳ сизларга билдирганидай овчи ит каби ўргатилган йиртқичлар тутиб келтирганини Аллоҳ номини зикр қилиб еяверинглар. Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳнинг ҳисоби албатта тездир», денг» (Моида сураси, 4-оят).

«Улар ўз ҳузурларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топиладиган, уларни маъруфга буюриб, мункардан қайтарадиган, уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган, устларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган уммий Набий, Расулга эргашишади» (Аъроф сураси, 157-оят).

Поклик фақат қонни забҳ ёки наҳр қилиш орқали чиқариб юбориш билан бўлади. Ушбу қон «дам масфуҳ» – оқувчи қон, дейилади. Ана шу қон чиқиб кетмас экан, ҳайвон ҳалол бўлмайди. Аллоҳ таоло инсонга ҳайвоннинг руҳини олиб, уни ейишга ижозат бериши Аллоҳ таоло инсонни икром қилганининг белгисидир. Шундай экан, ҳайвоннинг руҳини олиш Аллоҳ таолонинг кўрсатмасига мувофиқ бўлиши керак.

Абдуманнон Абдуллоҳ

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“The Diplomatic insight”: Ўзбекистон ўтмишининг бой меросини замонавий тараққиёт ва миллий юксалиш билан уйғунлаштираётган давлат

16.09.2026   7603   3 min.
“The Diplomatic insight”: Ўзбекистон ўтмишининг бой меросини замонавий тараққиёт ва миллий юксалиш билан уйғунлаштираётган давлат

Покистоннинг “The Diplomatic insight” порталида Покистон тинчлик ва дипломатик тадқиқотлар институти ижрочи директори Муҳаммад Асиф Нур қаламига мансуб Ўзбекистоннинг маърифатпарвар мероси сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

“Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги фақат Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг маҳобатида эмас. Бу қадим юртнинг энг катта бойлиги инсониятга ҳисоблашни, даволашни, осмон жисмларини кузатишни, эътиқодни англашни, адолат билан бошқаришни ва тилга тамаддуний оҳанг бағишлашни ўргатган буюк тафаккур соҳибларининг ворислигидадир”, –деб ёзган муаллиф.

Муҳаммад Асиф Нурнинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бугун Ўзбекистонда музейлар, илмий марказлар, ихтисослаштирилган мактаблар, китобхонлик дастурлари ва маданий дипломатия орқали Учинчи Ренессанснинг пойдеворига тамал тоши қўйиляпти.   

“Бу мақсад 2026 йил 17 март куни Тошкентда Ислом цивилизацияси марказининг очилиши билан янада аниқ ифода топди. 1 июнга қадар марказга ярим миллион киши, жумладан, 150 дан ортиқ хорижий делегация ташриф буюрди. Қарийб 2 000 нафар олим 810 та тегишли лойиҳада иштирок этди, 1 000 дан ортиқ маданий ашё эса хориждан Ўзбекистонга қайтарилди. Расмий маълумотлар мамлакат хотирани таълим ва миллий ишончга айлантираётганини кўрсатади”, – дея қайд этилган нашрда.

Шунингдек, мақолада 2026 йилда Самарқанд яқинидаги Имом Бухорий мажмуаси қайта қурилиб, зиёратчилар учун очилгани эътироқ этилган. Унда 10 минг кишилик масжид, музей ва илмий-тадқиқот муассасалари барпо этилди. Мажмуанинг кунлик ташриф буюрувчиларни қабул қилиш имконияти 65 минг кишига етди ва биринчи ойнинг ўзида мажмуага бир миллиондан ортиқ одам ташриф буюрди. Бу маскан зиёратни билим, тадқиқот ва маънавий тарбия билан уйғунлаштиради.

 Муаллиф ўз мақоласида Амир Темур ва Темурийлар меросининг Ўзбекистон тарихи ва тараққиётида тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратган.

“Темурийлар даври нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон тамаддунида ҳам муҳим палла ҳисобланади. Амир Темур Самарқандни қудратли давлат марказига айлантирди ва меъморчилик, илм-фан ҳамда маданият тараққиётини қўллаб-қувватлади. 2026 йилда Ўзбекистонда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланмоқда, Темурийлар тарихи давлат музейи қайта реконструкция қилинди ва апрель – Амир Темур ойи деб эълон қилинди”, – дейилади манбада.

Асиф Нурнинг эътироф этишича, Ўзбекистонда маърифатпарварлик ғоялари  ҳеч қачон фақат қўлёзмалар билан чекланиб қолмаган. У маҳаллада, устоз ва кексаларга ҳурматда, устоз-шогирд анъаналарида ва меҳмондўстликда яшайди. У Шашмақом оҳангларида янграйди, Лазги рақсида намоён бўлади, Аския санъатида тилга киради, бахшилар ижросида ҳикоя қилинади, атлас ва адрас матоларида ўз ифодасини топади. ЮНЕСКО томонидан тан олиниши бу анъаналарнинг жаҳон миқёсидаги аҳамиятини тасдиқлайди.

Муаллиф ўз мақоласини “Ўзбекистоннинг маърифатпарвар меросининг илдизлари қадимий – аммо унинг ҳақиқий манзили – келажакдир”, – деган сўзлар билан якунлаган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари