Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Сентябр, 2026   |   5 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:44
Қуёш
06:04
Пешин
12:18
Аср
16:41
Шом
18:35
Хуфтон
19:51
Bismillah
16 Сентябр, 2026, 5 Рабиъус сони, 1448

ИЙД ҚУРБОН МУБОРАК!

15.06.2024   2227   4 min.
ИЙД ҚУРБОН МУБОРАК!

Ийд Қурбон барчамизга муборак бўлсин! Мана шундай улуғ кунларга тинчлик-осойишталикда, соғ-саломатликда етказгани учун Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар ва шукроналар бўлсин! Ҳақ таолодан барча ибодатларимизни қабул айлаб, эзгу мақсадларимизга эриштиришини, Ватанимиз тинч, юртимиз обод бўлиб, турли хил хавфу-хатар, фитналардан Яратганнинг Ўзи асрашини илтижо қилиб қоламиз.

Аллоҳ таолонинг сизу биз бандаларига ато этган чексиз фазлу марҳаматларидан бири шуки, йилнинг маълум ой ва кунларини тоату ибодат қилиб, кўплаб савоб топиш учун имкониятлар вақти қилиб берди. Ана шундай фазилатларга бой, унда қилинган амали солиҳларнинг савоби кўпайтириб бериладиган ойлардан бири Зулҳижжа ойидир.

Ийд Қурбон байрами кунлари яқинларимизни йўқлаб, уларнинг ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни зиёрат қилиш, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, оилаларга хурсандчилик улашиш ва умуман, байрамнинг кўркига кўрк қўшадиган амали солиҳлар билан ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, кам таъминланганлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар. Бу кунда гина-кудуратларни унутиб, кечиримли бўлиш лозим.

Юртимизда «Инсон қадри учун» деган тамойил барча ислоҳотларимизнинг асосини ташкил этмоқда, одамларнинг оғирини енгил қилиш, муносиб ҳаёт шароитларини таъминлашга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур ислоҳотларнинг бош мақсади инсон қадрини улуғлаш, мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар қаторидан жой олишини таъминлаш ҳисобланади. Бунинг учун ёшларимизнинг таълим-тарбиясига эътибор қаратишимиз, уларни юксак одоб-ахлоқли, тарбияли, замонавий илм-фан ютуқларидан хабардор, дунёқараши кенг инсонлар этиб вояга етказишимиз зарур. Чунки фарзандларимиз – бизнинг эртанги кунимиз. Қайсики халқ мана шу вазифани муваффақиятли адо этса, келажаги фаровон, турмуши саодатли бўлади.

       5 июнь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Макка шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан телефон орқали мулоқот қилди.

Юртбошимиз Муфтий ҳазратларидан Макка ва Мадина шаҳарларида бўлиб турган зиёратчиларимизнинг ҳаж ибодатига тайёргарлик жараёнлари, улар учун яратилган шароитлар, сиҳат-саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўради.

    Мулоқотда Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Президент ҳожиларнинг ҳолидан хабар олишидан зиёратчилар хурсанд бўлаётганини ҳамда у кишининг салом ва тилакларини барча ҳаж ибодати ниятида турган юртдошларимизга етказишини маълум қилди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган инсон қадрини улуғлаш ҳақидаги одилона сиёсат муборак диёрда ҳам амалда бўлаётгани, юртдошларимиз эъзозу ҳурматда бўлиб, улар учун барча шароитлар ҳозирлангани, бу қулайликларни нафақат ўзимизнинг зиёратчилар, балки Саудия Арабистони ҳукуматининг ҳаж ишлари масъуллари ва ўзга юрт ҳожилари эътироф этаётганини айтиб ўтди. 

Бу йилги Қурбон ҳайити арафасида ҳам анъанага мувофиқ  муҳтарам юртбошимизнинг халқимизга йўллаган Қурбон ҳайити табриги мўмин-мусулмонларимизни беҳад хурсанд қилди.

Биз бу табрик билан танишиб чиқиб, унинг мазмун-моҳиятини фуқароларимизга етказдик. Ушбу табрик замирида муқаддас динимизга эътибор, асрий анъаналаримизга ҳурмат тимсолини кўришимиз мумкин.

Бу йилги Қурбон ҳайити ўзгача файз, ўзгача тароват билан ўтганлигини юртдошларимиз юзларидаги хурсандчилик ифодаларидан ҳам билишимиз мумкин.

Бу йил юртимиздан 15 130 нафар, вилоятимиздан 1634 нафар ҳожилар муборак Ҳаж сафарига бориб, муқаддас Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара шаҳарлари ўз ибодатларини адо этишлари бутун юртимиз учун беҳад хурсандчилик бўлди. Бу буюк тухфа учун муборак сафарга муяссар бўлганлар ҳам, келгусида борадиганлар ҳам чин қалбларидан юртбошимиз ҳақларига  дуои хайрлар қилдилар.

Юртимиздан ҳаж сафарига мушарраф бўлган Ҳожиларимиз Мино, Арафот, Муздалифа водийларида туриб, дуолар ижобат бўладиган фурсатларда дуойи хайрлар қилишлари бу юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, фарзандларимиз камоли, бир сўз билан айтганда нимаки яхши тилаклар бўлса уларнинг ижобатини сўраб, Яратганга тилаклар, умидлар, илтижолар қилдилар.

Яна бир бора барчаларимизга бу байрам муборак бўлсин! Шундай фазилатли айёмда дуога қўл очиб, она Ватанимиз ва бутун дунёни тинчлик ва осудалик, халқимизни фаровон айлаб, кейинги йил Қурбон ҳайити кунларига соғ-саломатлик билан етиб боришни барчамизга насиб этишини сўраймиз! Аллоҳ таоло юртимизни бундан ҳам обод қилиб, халқимизнинг моддий ва маънавий бойлигини бунданда зиёда бўлиб боришини муяссар айласин!

 

Мусохон Аббаситдинов,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Ҳолва” деган билан...

15.09.2026   11168   2 min.
“Ҳолва” деган билан...

Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:

1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).

2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.

3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.

Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси

Мақолалар