Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳга беҳад ҳамду санолар бўлсин, муборак ҳаж ибодатини эсон-омон, сиҳат-саломатликда адо этдик. Бунинг учун Аллоҳга чексиз шукроналар айтсак, бизга керакли шароитларни ҳозирланган барча мутасаддиларга ўз миннатдорлигимизни билдиришимиз зарур.
Ҳаж амалини эмин-эркин, тўла-тўкис адо этишимиз учун Мадина ва Макка шаҳарларига бориб жойлашгунимизга қадар катта ҳурмат ва иззатда бўлдик. Биз учун тикилган махсус кийимлар, «Ҳаж» қўлланмаси, шифокорлар кўриги, замонавий махсус автобуслар, замонавий меҳмонхоналар ва у ерда яратилган шарт-шароитлар ҳамда ошпазларимиз томонидан тайёрланган миллий таомлар, барча-барчаси муқаддас масканларда эмин-эркин ибодатларини адо этишимиз учун муҳайё қилинди.
Бунинг учун, аввало, юртимиз раҳбарига, Муфтий ҳазратлари ва барча масъуллар, хизматда турганларга чексиз ташаккурлар айтамиз.

Тошкент 35-гуруҳ ҳожилари жамоаси
Куни кеча мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан муҳтарам Президентимиз томонидан юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган бир гуруҳ ватандошларимиз тақдирланди.
Энг қувончлиси шуки, тадбирда диний-маърифий соҳада фидокорона хизмат қилиб келаётган, халқимизнинг маънавий юксалишига беқиёс ҳисса қўшаётган таниқли уламоларимиз ва фахрийларимизнинг заҳматли меҳнатлари юксак даражада эътироф этилди!
Хусусан, Диний идора тизимида узоқ йиллардан бери самарали хизмат қилиб келаётган устозлардан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур, Самарқанд вилояти Пайариқ тумани "Имом ал-Бухорий" жоме масжиди фахрий имоми Маҳмуджон домла Ибодуллаев, Бухоро вилояти Когон тумани "Баҳоуддин Нақшбанд" жоме масжиди имом-хатиби Абдуғофур домла Раззоқов "Имом Бухорий" орденини Давлатимиз Раҳбаридан қабул қилиб олишди.
Устозларнинг илмий-маърифий фаолияти, халқ ичида маърифат улашишдаги фидойиликлари давлатимиз томонидан юксак қадрлангани бутун диний-маърифий соҳада меҳнат қилаётганлар учун катта фахр ва шарафдир.
Ушбу воқеа Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳага, миллий қадриятларимизни авайлаб-асраш ҳамда ривожлантиришга қаратилаётган изчил ва хайрли сиёсатнинг амалий ифодасидир.
Халқимизда қадимдан маърифат аҳлини улуғлаш, уларнинг заҳматли меҳнатини қадрлаш эзгу анъана саналади. Ислом таълимотида ҳам илм эгаларига алоҳида мақом ва ҳурмат билан қаралади. Зеро, Имом Термизий бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», дейилган.
Уламоларга кўрсатилаётган бундай эътиборнинг нечоғли хайрли экани қуйидаги ҳикматда ҳам ўз ифодасини топган. Улуғ зотлардан бири Товус раҳматуллоҳи алайҳ отасидан қуйидагича ривоят қилган: «Тўрт кишини ҳурмат қилиш суннатдир: олим, ёши улуғ инсон, подшоҳ ва ота» (Имом Абдураззоқ ривояти).
Мазкур юксак мукофот миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш, Ислом маърифатини кенг тарғиб этиш, жамиятда бағрикенглик ва тинчлик-омонликни бардавом сақлаш йўлидаги кўп йиллик хайрли хизматларнинг муносиб эътирофидир.
Давлатимизнинг бундай эътибори диний соҳа ходимларига янада улкан масъулият юклайди, маънавий юксалиш йўлидаги хайрли хизматлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади, инша Аллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати