Кейинги асрларда бутун курраи заминга кенг тарқалган бир иллат бугунги кунда ҳаммамизга ташвиш бўлмоқда. Бу иллат – гиёҳвандлик.
Гиёҳвандлик нафақат бу иллат билан шуғулланувчиларга, балки бутун жамиятга таҳдид солади. Шунинг учун ҳам ҳар йили 26 июн Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни деб эълон қилинган.
Инсон учун энг бебаҳо бойлик – бу соғлик-саломатликдир. Уни асраш эса ҳар биримизга омонат қилиб берилган. Ислом динида ҳам инсон жони, ақли ва сиҳат-саломатлигини сақлаш, муҳофаза этиш энг муҳим мақсадлардан бўлиб ҳисобланади.
Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон камолотига, имон-эътиқодига хавф хатар солиш билан бир қаторда мустақил мамлакатимиз ривожланиши ва тараққиётига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади.
Инсоннинг эътиқоди кучли, мустаҳкам бўлиши билан бирга тани, жисми ҳам соғ, чиниққан, ҳар қандай қийинчилик ва машаққатларга бардош бера оладиган бўлмоғи лозим. Бу ҳақда Ҳазрати жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар:
“Кучли, бақувват мўмин киши Аллоҳ наздида кучсиз мўминдан кўра яхшироқ ва севимлироқдир”.
Демак, инсон Аллоҳга маҳбуб бўлиш йўлида сиҳат-саломатлиги ва соғлиғига катта аҳамият бериши ва уни барча зарарли нарсалардан, хусусан гиёҳвандлик, бангилик каби иллатлардан сақламоғи вожибдир. Зеро, Аллоҳ таоло бизларга Ўзининг покиза неъматларини инъом қилиб, ўша покиза неъматлардангина истеъмол қилишга буюрган: “Эй инсонлар! Ердаги нарсалардан покиза ҳалол ҳолатда енглар! Ва Шайтоннинг изларига эргашманглар! Албатта, у сизларга очиқ душмандир”. (Бақара. 168)
Гиёҳвандлик иллати бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг долзарб муаммосига айланди. Турли соҳа мутахассислари ушбу ижтимоий муаммо бўйича иш олиб бормоқдалар. Гиёҳвандликка қарши курашиш юзасидан маҳаллий ва халқаро ташкилотларнинг барчаси инсониятни, хусусан ёш авлодни бу хатарли балодан сақлаб қолиш ташвишида кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда. Дарҳақиқат, бугунги кунда гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.
Гиёҳвандликнинг кишилар соғлиғига, оилаларга, иқтисодга, одоб-аҳлоққа, умуман инсон ҳаётининг барча соҳаларига солаётган таҳдиди кун сайин, соат сайин ортиб бормоқда.
Аллоҳ таоло бу ҳақда барчаларимизни огоҳлантириб, айтади: “...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара. 195)
“Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир”. (Нисо. 29)
Динимиз таълимотларида инсон ҳаёти, соғлиғига зарар берадиган, ақл-ҳушини карахт қиладиган ҳар қандай гиёҳванд модда у қандай кўринишда бўлишидан қатъий назар, зарарли деб ҳисобланади.
Гиёҳвандлик ёки бангиликнинг бошланиши ва келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар ҳақида тўхталганда қуйидагиларга эътибор қилиш лозим:
Биринчидан: гиёҳванд моддаларга мойиллик, унга ўрганиб қолишликда шахснинг ҳолатлари аҳамиятликдир. Масалан, тажанглик, асабий ҳолатлари, ўзини назорат қила олмаслиги, иродасизлиги, ўз талабини қондира олмаслик, баъзи ҳаётий қийинчиликларга бардош бера олмаслик.
Иккинчидан: ёш авлодни келгусидаги жисмоний ва маънавий шаклланиши, асосан оиладаги муҳит, ота-онасининг кимлиги, оилада қандай ўрин эгаллашига, эр-хотиннинг ўзаро муомаласига, фарзандининг ҳар томонлама шаклланишида улар олиб бораётган тарбиявий ишларга боғлиқ.
Учинчидан: ҳаёт шуни кўрсатадики, ёш авлоднинг камол топишида, маълум бир фойдали яхши ёки ёмон йўлга киришида атроф теваракдаги ўртоқлари, ошна-оғайнилари, айниқса ўша муҳитдаги ўртоқларининг таъсири каттадир.
Шунинг учун оилада, ёшларнинг тарбиясида ҳамма вақт уларни қаерда ва кимлар билан биргаликда бўлишлари, нима иш билан машғул эканлари, қандай ўртоқлари борлигини назорат қилиш жуда муҳимдир.
Инсон ҳаёти, ёш авлод келажагига раҳна солиши мумкин бўлган гиёҳвандлик-бангиликка қарши курашиш мустақил юртимизнинг ҳар бир фуқароси, қолаверса, ҳар биримизнинг муҳим вазифаларимиздан бўлиб ҳисобланади. Зеро, жамият ҳаётидаги мавжуд ҳар қандай зарарли иллатни йўқ қилиш ва унинг олдини олиш ҳар биримизнинг вазифамиз, шарафли бурчимиздир.
Муҳаммад Ибрагимов,
Наманган шаҳар “Исмоил Махдум” жоме
масжиди имом хатиби
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси