Иномжон домла Тўйчиев
Тошлоқ тумани бош имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Турмуш қурганимизга 7 йил бўлди фарзандимиз йўқ. ЭКО га ҳам хўжайинимни уруғлари чиқмади, шунга қайнимни уруғидан ЭКО қилдирмоқчи эдик. Никоҳсиз ЭКО қилдиришни хоҳламайман. Шу масалага қандай маслаҳат берасиз?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уламолар сунъий уруғлантириш амалиётини ўта зарур ҳолатда ва фақат ўрталарида шаръий никоҳ бўлган эр-хотинлар орасидагина амалга оширишни жоиз деб ҳисоблайдилар. Сиз бу борада қуйидаги фатвони ўқиб чиқинг (https://t.me/diniysavollar/270).
Фарзанд кўрмаслик ҳам Аллоҳ таолонинг синови ва дардларнинг бири ҳисобланади.
Қуръони Каримнинг Шўро сурасининг 49-50 оятларида: “Осмонлар ва ернинг мулки Аллоҳга хосдир. У хоҳлаганини яратади. У хоҳлаган кишига қизларни, хоҳлаган кишига ўғилларни инъом этади. Ёки уларни ўғил ва қизлар аралаш қилиб беради. Ва хоҳлаган кишисини бепушт қилади. Албатта, У (ҳар нарсани) билувчи ва (ҳар нарсага) қодирдир”.
Бу оятдан маълум бўладики, фарзандли бўлиш ёки бепуштлик Аллоҳнинг қудрати ва ҳикмати билан содир бўлади. Ҳар бир мўмин инсон ўзининг тақдирини қабул қилиб, унга шукр қилиши ва бу синовга чиройли сабр қилиши лозим.
Бироқ, касалликдан даволаниш динимиз кўрсатмасидир. Шунинг учун сиз ҳам Аллоҳ таолога дуо ва илтижо қилган ҳолатда фарзанд кўриш чораларини ҳалол йўлларидан фойдаланинг. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.