Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби Фозилжон домла Убайдуллаевнинг волидаи муҳтарамаларининг вафоти муносабати билан таъзия билдиради.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни раҳматига олсин, маконини жаннат қилсин. Бу дунёда қилган барча хайрли ишларини бошларига соя, охиратларига захира айласин. Ортда қолган барча яқинларига гўзал сабр берсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳуманинг яқинларига, хусусан, Фозилжон домлага ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан аҳоли билан ўтказилаётган очиқ мулоқотлар фуқаролар масалаларини жойида ва ижобий ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.
Хусусан, бугун, 9 сентябрь куни Диний идора раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказди.
Унда масжидлар очилиши, диний таълим, хайрия, ишга жойлашиш, оилавий ва уй-жой масалалари ҳамда моддий ёрдам сўраб қилинган мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилди.
Мулоқотлар жараёнида оилавий масалалар юзасидан шаръий ечим ва зарур маслаҳатлар берилган бўлса, моддий кўмакка муҳтож юртдошларимизга белгиланган тартибда амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, бошқа масалалар ҳам ваколат доирасида кўриб чиқилиб, масъуллар тегишли кўрсатма ва топшириқлар олишди.
Бу каби қабуллар аҳолининг диний ва ижтимоий муаммоларини тезкор ҳамда манзилли ҳал этишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати