Бугун, 3 июль чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилоят бош имом-хатибининг биринчи ўринбосари Обидхон домла Икрамов ҳудудларидан келган фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаатларини ижобий ҳал этиш чораларини кўрдилар.
Қабул жараёнида фуқароларнинг масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти, оилавий масалалар, савдо-олди сотди каби масалалар юзасидан мурожаатлари кўриб чиқилди.
Оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан эса тавсиялар берилди.
Дарҳақиқат, бировнинг дардини енгиллатиш, ташвишни осон бартараф этилишига ҳисса қўшиш – савоби улуғ амалдир!
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади", деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ана шу набавий таълимотга мувофиқ, мутасаддилар билан бирга турли масалалар билан мурожаат қилган фуқароларнинг ташвишлари аришига кўмаклашилди. Илиқ кутиб олинган фуқаролар мутасаддилардан мамнун бўлиб, мурожаатлари ижобий ечим топганидан мамнун бўлдилар.
Қабул жараёнлари ҳудудлардаги барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамда Туркия Диёнат вақфи масъул ходимлари иштирокида видеоконференция форматида мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда икки муассаса ўртасида имзоланган меморандум ва унинг асосида ишлаб чиқилган йўл харитасидаги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг амалий механизмларини белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мулоқот давомида вазифаларнинг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, истиқболда амалга ошириладиган қўшма ташаббуслар ва ижтимоий лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Хусусан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар, ёшлар билан ишлаш ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, хорижий хайрия хизматларини ташкил этиш ҳамда закот ва хайрия муносабатларини янада ривожлантириш каби ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот икки қардош давлат вақф фондлари ўртасидаги диний-маърифий ва саховат йўналишидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати