Жорий йилнинг 3 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказида "Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори" мавсусида Ўзбекистон олимлари форуми бўлиб ўтмоқда.
Унда беш юзга яқин турли йўналишдаги аҳли илмлар, профессору олимлар, уламолар, тадқиқотчилар иштирок этмоқда. Форумда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг мақсад ва вазифалар, келгуси режаларини намоён этадиган семинарлар ва тақдимотлар ташкил этилмоқда.
Шўъбаларга бўлинган ҳолда ўтказилган форумда ҳар бир лойиҳа бўйича олимлар иштирокида муҳокамалар ташкил этилиб, иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланмоқда.
Форумдан асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуслари билан барпо этилаётган Марказий Осиёда ягона бўлган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини III Ренессанснинг маънавий-марифий устунларидан бирига айлантириш ва унинг фаолияти такомиллаштиришга қаратилган.
Шунингдек, маънавият ва маърифат соҳасида ишларни янги йўлга қўйиш, давлат Раҳбари қарорларида белгиланган вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш, Ислом цивилизацияси марказининг фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, янги илмий инновацион лойиҳаларни амалиётда жорий этиш, Музей экспозицияси контентини янада бойитиш ва такомиллаштириш каби масалаларни муҳокама қилишдан иборатдир.
Форум иши эртага, 4 июль куни давом этади.






















Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати