Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Июл, 2025   |   22 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:25
Қуёш
05:05
Пешин
12:34
Аср
17:39
Шом
19:58
Хуфтон
21:30
Bismillah
17 Июл, 2025, 22 Муҳаррам, 1447

Сизга таъзим, устозлар!

03.10.2023   1104   2 min.
Сизга таъзим, устозлар!

Мавлид байрамлари ўтказилаётган айни бир пайтда Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида "1-октябрь – Устоз ва мураббийлар куни" муносабати билан "Сизга таъзим, устозлар!" номли тадбир бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистонда диний-маърифий соҳада узоқ йиллар давомида хизмат қилган фахрий устозлар, ишчи ходимлар, фахрий имом-хатиблар, билим юртининг ўқитувчи-устозлари ва талаба ёшлари иштирок этди.

Бугунги тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, муҳтарам устозларни, диний таълим соҳасининг фахрийларини эъзозлаш, ҳурмат кўрсатиш, қолаверса, талаба ёшларга уларнинг ибратли ҳаёт йўлини таништириш ва хайрли дуоларини олишдан иборат.

Тадбирни билим юрти мудири Ш.Баҳоуддинов очиб берди ва йиғилганларни мавлиди шариф билан, қолаверса, "1-октябрь – Устоз ва мураббийлар куни" байрами билан табриклади.

Байрам тадбирида узоқ йиллардан буён хизмат қилиб келаётган билим юртининг бир қатор ўқитувчи-устозлари диний таълим соҳасидаги самарали фаолияти учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан мақтов ёрлиғи билан тақдирланди. Шунингдек, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти томонидан юртимизда диний-маърифий соҳада хизмат қилган фахрий меҳмонларга байрам муносабати билан "Ардоқли устоз" туркуми асосида миннатдорчилик хати ва эсдалик совғалари топширилди. Шундан сўнг меҳмонлар байрам дастурхонига таклиф қилинди.

Талабалар томонидан ижро этилган нашидлар, шеър ва монологлар, ўқилган саловат ва мавлидлар тадбирга ўзгача файз-шукуҳ баҳш этди.

Файзли байрам тадбири якунида нуроний устозлар ва фахрий меҳмонлар билим юртининг устоз-мураббийлари ҳамда талаба ёшлар ҳаққига хайрли дуолар қилди. Жумладан, бугунги тинч-осойишта ва фаровон турмушга шукрона ўлароқ, талаба ёшларга илм-билим олишда шижоат ва ғайрат қилиш кераклигини таъкидлади.

Билим юрти
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

“Одамларни афв этадиганлар...”

16.07.2025   2682   4 min.
“Одамларни афв этадиганлар...”

Абдурраззоқ Санъоний айтади: Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум намоз учун таҳорат қилаётган эди. Шу пайт сув қуйиб турган жория қўлидан обдаста тушиб кетиб, унинг юзига озгина шикаст етказди. Али ибн Ҳусайн бошини кўтариб, жорияга қаради. Жория вазиятни юмшатиш мақсадида Қуръони карим оятларидан ўқиди: “... Ғазабларини ютадиган... (Оли Имрон сураси, 134-оят). Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум жимгина жавоб берди: “Ғазабимни босдим”.

Жория оятнинг давомини ўқиди: ...одамлар-ни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир....

У киши деди: “Мен сени афв этдим”.

Жория оятнинг охирини ўқиди: Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”.

Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум деди: “Бор, сен Аллох йўлида озодсан”.

Абдуллоҳ ибн Ато айтади: “Али ибн Ҳусайннинг бир ғуломи (қули) хатога йўл қўйди ва жазога лойиқ бўлди. Али ибн Ҳусайн қамчини олди. Сўнг у зот бундай оятни ўқиди: (Эй Муҳаммад!) Имон келтирган кишиларга айтинг, улар Аллоҳ кунлари (қиёмат)дан умид қилмайдиган кимсаларни кечириб юбораверсинлар! Шунда (у сабрли) кишиларни қилган ишлари (кечиришлари) сабабли мукофотлагай! (Жосия сураси, 14-оят).

Қул эса деди: “Мен бундай эмасман, мен Аллоҳнинг раҳматидан умидворман ва унинг азобидан қўрқаман”.

Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум қамчини ташлаб юборди ва деди: “Сен Аллоҳ йўлида озодсан”.

Мусо ибн Довуд айтади: Али ибн Ҳусайн хизматкорини икки марта чакирди, у жавоб бермади. Учинчи марта чақиргач жавоб қилди. Али ибн Ҳусайн унга деди: “Эй ўғлим, овозимни эшитмадингми?”.

Хизматкор: “Эшитдим”, деди.

Али ибн Ҳусайн сўради: “Нега жавоб бермадинг?”.

Хизматкор: “Сизнинг шафқатингизга ишондим”, деди.

Абдулғофир ибн Қосим айтади: Али ибн Ҳусайн масжиддан чиқиб кетаётган эди. Бир одам келиб уни ҳақорат қилди. Шунда Алининг хизматкор ва қуллари унга ташланишди.

Али ибн Ҳусайн уларни тўхтатди ва бундай деди: “Бас қилинглар, унинг ҳолатига қаранглар”.

Сўнгра ўша одамга деди: “Бизда сиз билмаган яна кўп нарсалар бор. Агар сизга ёрдам керак бўлса, айтинг, ёрдам берайлик”. Ўша одам хатосини англаб, уялди ва ортига қайтди.

Али ибн Ҳусайн уни ёнига чақириб, ўзи кийиб турган чакмонини елкасига ташлади ва минг дирҳам пул бердирди.

Абу Яъқуб Музаний дейди: Ҳасан ибн Ҳасан билан Али ибн Ҳусайн ўртасида бир оз нохушлик бўлиб қолди. Ҳасан бир куни масжидда Али ибн Ҳусайннинг ёнига келди, уни турли сўзлар билан ҳақорат қилди. Али ибн Ҳусайн эса унга бир оғиз ҳам жавоб қайтармади.

Сўнгра Ҳасан чиқиб кетди. Кечаси у алининг уйига борди ва эшигини қоқди. Али ибн Ҳусайн эшикни очиб чиқди. Ҳасан унга:

- Эй ака, агар сиз ҳақиқатан ҳам мен айтганларимдек бўлсангиз, Аллоҳ мени мағфират қилсин. Агар мен ёлғончи бўлсам, Аллох сизни мағфират қилсин, деди ва кетди.

Али ибн Ҳусайн ортидан бориб, етиб олди ва уни оғушига олди. Иккови йиғлаб юборишди. Шунда Ҳасан:

- Қасамки, энди сиз хафа бўладиган бирон иш қилмайман, - деди.

Али эса унга: - Сен ҳам менга айтган сўзла ринг учун ҳалолликдасан,- деди.

Ибн Аби Дунё ривоят қилади: Али ибн Ҳусайннинг хизматкори шошган ҳолда ошхонадан темир печни олиб келаётган эди. Кутилмаганда темир печ тушиб кетди кетди ва нариги томондан пастга тушиб келаётган Али ибн Ҳусайн ўғлининг бошига тегиб, жароҳат етказди. Оқибатда у ҳалок бўлди. Меҳмонлар билан суҳбатлашиб ўтирган Али ибн Ҳусайн ўрнидан сакраб туриб, хизматкорга деди: “Сен озодсан. Бу ишни қасддан қилмаганингни биламан”. Сўнгра Али ибн Ҳусайн маййитни дафн этиш тадоригини кўрди.

Шайх Маҳмуд МИСРИЙнинг “Солиҳ ва солиҳалар ҳаётларидан қиссалар”
номли асаридан Илёсхон АҲМЕДОВ таржимаси.