Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Октябр, 2026   |   11 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:24
Қуёш
06:42
Пешин
12:13
Аср
15:50
Шом
17:35
Хуфтон
18:48
Bismillah
22 Октябр, 2026, 11 Жумадул аввал, 1448

28.06.2024   12595   1 min.
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Маҳр қадрми ёки ҳақми?

21.10.2026   3725   13 min.
Маҳр қадрми ёки ҳақми?

Ислом шариатининг инсонга берган енгиликлари ва фойдаларини санаб кўрсак, ҳеч адоғига етиб бўлмайди. Яратган Зотнинг меҳрибонлигини кўринг ҳар бир нарсани жуфти билан яратгандир. Хоҳ инсон бўлсин хоҳ бошқа турлик ҳаён, барининг ўзига мос бир жуфти бор.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

وَاللَّهُ خَلَقَكُمْ مِنْ تُرَابٍ ثُمَّ مِنْ نُطْفَةٍ ثُمَّ جَعَلَكُمْ أَزْوَاجًا

“Аллоҳ сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан яратиб, кейин жуфт-жуфт қилиб қўйди” (Фотир сураси 11-оят).

Холиқ Зот фақат жуфт яратиш билан чекланмай, балки инсон оъз жуфти ёнида бўлса, қалби хотиржам бўладиган ва сакинат топадиган маскан қилиб қўйди.

Аллоҳ таоло Рум сурасида бундай деб марҳамат қилади:

 وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً 

“Ва Унинг оят-белгиларидан сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда меҳр-у муҳаббат ва марҳаматни солиб қўйганидир” (21-оят).

Юқоридаги оятлар далилидан англадикки, инсон ҳам оъз жуфти билан яратилган. Шу билан одам ўз жифти ёнида сокинлик топади. Иккита бегона жинс вакили бўлмиш инсонлар бирга бир умр яшашни истаркан Ислом шариати уларнинг зиммасига ўзларига муносиб равишда мажбуриятлар юклайди. Бу ерда барча мажбуриятларни санаб ўтолмаймиз, чунки мавзу бунга қаратилмаган. Аммо шуларнинг ичидан биргина келиннинг ҳаққи ва куёв зиммасидаги қарз бўлмиш маҳр тўғрисида сўз юритамиз.

Маҳр сўзи араб тилидан олинган бўлиб, луғатда “маҳр”, “қалин пули” деган маъноларни англатади.

Қуръони каримда маҳр бир неча номлар билан зикр қилинган. Шулардан, айримларини келтирамиз “садоқ”, “садақа”, “ажр”, “фарийза” ва “ниҳла”лардир.

Айрим олимлар маҳрнинг ўнта исми бор деб айтиб ўтганлар. Бизнинг юртимиз ва урфимизда ҳам “маҳр” деб машҳур бўлгани сабаб, маҳр деб қўллашни маъқул кўрдик.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 وَآتُوا النِّسَاءَ صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَةً

“Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг” (Нисо сураси 4-оят).

Ушбу оят эрнинг зиммасига маҳр бериш вожиб эканини билдирувчи тўрт оятдан биридир. Эр-хотин ўртасида никоҳ боғланиши билан маҳр эрнинг зиммасига вожиб бўлади. Агар эр-хотин ҳали қовушмасдан аввал ажрашиб кетса ҳам, маҳр вожиб ҳолида қолаверади ва адо этмагунича соқит бўлмайди. Маҳр берилганда ҳам, куёв томонидан чин қалбдан чиқариб берилиши керак.

Бу шаръий ҳукм келинларни ҳурматлаш, тақдирлаш ва эркалашнинг муҳим бир тури ҳисобланади. Маҳр келиннинг шахсий мулки бўлади. Маҳр бериш фарз амал ҳисобланиб, агар келин-куёв ўзаро келишиб, иккимиз ҳам розимиз, шу ҳукмга амал қилмай қўяверамиз дейишга ҳам имконлари йўқ. Гарчи билимсизлик ёки бошқа бир сабаб туфайли никоҳ маҳрсиз боғланган бўлса ҳам, кейин маҳр бериши керак бўлади. Фаразан эр ҳали маҳрни адо қилмай вафот этса, маҳрни унинг меросхўрлари тўлаб беришлари лозим бўлади.

Юқоридаги оятда эркак ўзига жуфт бўлаётган аёлга маҳрни ўғриниб эмас, балки кўнгилдан чиқариб бериши уқтирилган. Шу билан маҳр айнан келиннинг ёлғиз ўзининг мулки эканини ҳам билдирмоқда. Маҳрни олгач келин уни хоҳлаганича тасарруф қилиши унинг хоҳишида. Хоҳласа эрига ҳаммасини ёки бир қисмини қайтатиши ёки бошқа бирор нарсага сафрлаши мумкин.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйланмоқчи бўлган кишига: … “Агар бир темир узук бўлса ҳам топ”…,деганлар”.

Бу ҳадис шариф шариатда бирор никоҳ маҳрсиз бўлмаганига ва Пайғамбар алайҳиссалом ҳар бир никоҳ маҳрли бўлишини айтганларига далолат қилади. Мусулмон олимлари барча никоҳлар маҳрсиз бўлмаслигига ижмо қилганлар.

Маҳрнинг энг ози ўн дирҳамдир. ўн дирҳам бир динорга тенг. Бу – нисобга етган молнинг йигирмадан бири деганидир. Мана шу маълумотга суяниб, ҳар бир даврнинг энг оз миқдордаги маҳрини аниқлаш осон бўлади. Яъни, ўша даврнинг закот нисоби, мазкур нисобнинг йигирмадан бири аниқланса, энг оз маҳр миқдори чиқади. Масалан, юртимизда ҳозирги кундаги закот нисоби тўқсон миллион сўмни ташлик қилади. Бу миқдорнинг йигирмадан бир қисми эса 4,5 миллион сўм бўлади. Шундан қарасак, юқоридаги қоида бўйича маҳрнинг энг ози ҳозирги бизнинг юртимизда 4 ярим миллион сўм бўлади.

Расулуллоҳ алайҳиссалом “Ўн дирҳамдан оз маҳр йўқ”, деганлар. (Дори Қутний ва Байҳақий ривояти).

Маҳр айнан пул кўринишида бўлиши шарт қилинмаган. Кийим-кечак, тақинчоқлар ёки шунга ўхшаш мулк бўладиган ва ҳалол нарса бўлса жоиз саналади. Агар куёв ўн дирҳам ёки унинг қийматидан, соддароқ айтганда ҳозирги 4 ярим миллондан камроқ маҳр айтган бўлса, барибир ўн дирҳам ёки унинг қийматини тўлаши шарт бўлиб қолаверади. Бунга юқоридаги “ўн дирҳамдан оз маҳр йўқ” деб айтилган ҳадис далил бўлади.

Маҳрни амал билан адо қилиш, масалан, келин куёвидан маҳр ўрнига умрага олиб бориши ёки каби ишларга боғласа, бу маҳр ўрнига ўтмайди. Чунки, маҳр номаълум нарсаларга боғланмайди. Балки аниқ суммаси бўлиши шарт. Яъни, келин 10 миллион сўм деб белгиласа, ўша сумма орқали умрага бориши ёки бошқа ишга сарфлаши жоиз дейилади. Лекин куёв маҳрга сифати номаълум нарсаларни тайинласа, масалан, кийим ёки тақинчоқ олиб бераман деса-ю, унинг қандай сифатда бўлишини айтмаса, ҳеч қандай маҳрни айтмагандек бўлиб, маҳр мисл вожиб бўлади.

Маҳр эса Ҳанафий мазҳабида икки турга бўлинади:

1. “маҳрул мусаммо”, никоҳ ақди вақтида ёки кейин ўзаро эр-хотин келишиб белгилаган маҳр.

2. “маҳрул мисл” вақтида белгиланмаган ёки нотўғри белгиланган маҳр. Бунда маҳрил мисл вожиб бўлиб қолади.

Маҳр қизнинг қай сифатларига қараб белгиланади?

Маҳр қизнинг ота томон қариндошларига қараб ёши, чиройи, моли, диёнати, юрти, замони, бокиралик ёки жувонлигига қараб белгиланади. Шунингдек одоб-ахлоқига ҳам қаралади. Ота томонидаги келинга ўхшаш қариндошларнинг маҳрига қараб белгиланади. Агар қариндошлари бўлмаса, юртидаги бошқа ўзига ўхшаш аёлларга қиёслаб олинади. Юқоридаги сифатларга қараб келиннинг маҳри кўтарилиши ёки пасайиши мумкин.

Эркак берган маҳрини қайтариб олишидаги коъриниш қуйидагича:

Хулуъ – аёл томонидан маҳрни қайтариш ёки маълум бир мол эвазига талоқ сўрашдир.
Эркак киши аёли олдидаги динимиз юклаган вазифаларни бажариб турган бўлса, агарчи ҳаққи бўлсада, кҳотин кҳулуъ ёки талоқ талаб қилиши гуноҳ ва шариатимиз қайтарган ишдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда шундай дейдилар:
 أَيُّمَا امْرَأَةٍ سَأَلَتْ زَوْجَهَا طَلَاقًا فِي غَيْرِ مَا بَأْسٍ فَحَرَامٌ عَلَيْهَا رَائِحَةُ الْجَنَّةِ

(Равиоҳу Аҳмад ва Тирмизий ва Абу Довуд ва Ибн Можа ва Доримий ъан Савбан розияллоҳу ъанҳу) яъни: “Қайси бир аёл эридан сабабсиз талоқ сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳам ҳаром бўлади” (Имом Аҳмад ва бошқа сунан эгалари ривоят қилишган).
     Демак, аёл киши жиддий сабаб бўлмасдан “ундай бўлса, мени жавобимни беринг”, деб эрининг жиғига тегмаслиги керак. Акс ҳолда эр ҳам жаҳл устида талоқ қилиш эҳтимоли катта бўлади. Оила бузилишидан эса кўпроқ аёллар зарар кўришади. Эр ҳам, кҳотин ҳам шайтоннинг нишонига айланади. Бунинг устига мусулмон учун абадий окҳират ҳаётида жаннатдан бебаҳра қолиш катта ҳасратдир.
Эр-кҳотин бир-бири билан ҳеч келишмаса, Аллоҳ таолонинг оила тўғрисидаги буйруқларини бажара олишларига кўзлари етмаса ва эр эваз олмасдан кҳотинини талоқ қилишни кҳоҳламаса, аёл мол (пул) эвазига талоғини олишида гуноҳ йўқ. Мол эвазига талоғини олишни кҳулуъ дейилади. Ибн Аббас розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
 أَنَّ امْرَأَةَ ثَابِتِ بْنِ قَيْسٍ أَتَتْ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَتْ : يَا رَسُولَ اللَّهِ ثَابِتُ بْنُ قَيْسٍ مَا أَعْتِبُ عَلَيْهِ فِي خُلُقٍ وَلا دِينٍ ، وَلَكِنِّي أَكْرَهُ الْكُفْرَ فِي الْإِسْلَامِ. فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : (أَتَرُدِّينَ عَلَيْهِ حَدِيقَتَهُ ؟ قَالَتْ : نَعَمْ . قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : اقْبَلْ الْحَدِيقَةَ وَطَلِّقْهَا تَطْلِيقَةً).
яъни: “Собит ибн Қайснинг кҳотини Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: “Эй, Аллоҳни Расули! Собит ибн Қайсни кҳулқи ва динида айблай олмайман, лекин Исломда ношукрлик (эрга ношукрлик, эрни ёмон кўриш)ни кҳуш кўрмайман”, – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унга боғини қайтариб берасизми?” – дедилар. У: “Ҳа, қайтараман”, – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Эй, Собит!) боғни қабул қилингда, уни бир талоқ қилинг” – дедилар” (Имом Бухорий ривоятлари).
     Бу ҳадисда эр кҳотинини маҳрга берган боғи эвазига талоқ, яъни кҳулуъ қилишга рози бўлмоқда.
     Аёл эрига “Мени фалон пулга кҳулуъ қилинг” ёки “Менга берилган маҳр эвазига кҳулуъ қилинг” – деса, эри ўша мажлисда: “Кҳулуъ қилдим”, – деса, кҳулуъ юзага чиқади ва боин талоқ тушади. Лекин эр ўша мажлисдан туриб кетиб, кейин кҳулуъ қилдим, деса, кҳулуъ юзага чиқмайди. Яъни, уларнинг ижоб (кҳотиннинг таклифи) ва (эрнинг) қабули бир мажлисда бўлиши керак. Демак, умумий талоқ ва кҳулуълар сони иккитадан ўтиб кетмаган бўлса, қайтадан икки гувоҳ ҳузурида, маҳр белгилаб, никоҳ ўқитиб, яшаса бўлади (“Ал-Мухтасар фил-фиқҳил-ҳанафий” китоби).
     Уламолар кҳотинга эридан зарар келадиган қуйидаги ҳолларда талоқ сўраши мумкин бўлади дейдилар:
     Эр ўзининг кҳотин олдидаги вазифалари: едириб-ичириш, кийинтириш, уй-жой билан таъминлашни бажармаса, кҳотин сабр қилиб яшаши ёки талоғини сўраши мумкин.
     Эр кҳотинини шаръий сабаб бўлмасдан хўрласа: урса, сўкиб-ҳақорат қилса, лаънатласа.
     Эрнинг узоқ муддат сафар қилишидан аёлга зарар етса ва аёл фитна (зино)га тушиб қолишдан қўрқса.
     Эри узоқ муддат маҳбус бўлса ва аёл бундан зарар кўрса.
     Эрда бепуштлик, жинсий алоқага ярамаслик ёки хатарли жирканч касаллик бўлса.
     Эр фисқу фужурни очиқча қилса (кҳотин имкон борича сабр қилиб, уни қайтарса ҳам, фойда қилмаса).
     Аёлнинг қалбида эрга нисбатан ўзгармас нафрат ва қаттиқ ғазаб бўлса, агарчи аёл бунинг сабабини ўзи билмаса ҳам, у аёл узрли ҳисобланади.
     Эр аёлини яқинлари, хусусан, ота-онасини кўришдан мутлақо ман қилиб қўйса. Валлоҳу аълам.

 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилади: “Аёлларнинг энг баракалиси, маҳри озроғидир” (Насоий ривояти).

Бу ҳадисда маҳрни ҳаддан зиёд ошириб юборилишидан қайтариқ ва камроқ қилишга тарғиб бор.

Яъни, баракали аёл эрига ортиқча молий машаққат юкламайди.

Маҳрнинг оз бўлишининг фойдаларига тўхталсак, масалан, Саудия Арабистонида ўртача маҳр миқдори 10,500 ақш долларидан 17 минг ақш дўлларигача белгиланади. Туркия давлатида эса 8 ярим минг ақш долларидан юқори ҳисобланади. Бизнинг она юртимизда эса, 5-6 миллион сўм, деярли маҳрнинг энг оз миқдорида белгиланади. Албатта, бундан кўп белгиланган маҳрлар ҳам бор, биз умумий ҳолатдаги миқдорни келтирмоқдамиз.

Араб ёки бошқа юқоридаги каби маҳри баланд диёрларнинг жамиятига назар ташласак, ёшлари никоҳланишни ортга суриб, зино каби иллатларга борган сари чуқурлашиб бораётганини гувоҳи бўламиз. Бизда эса, мутлақо бунинг акси, эндигина 18-19 ёшга етган ўғил-қизларимиз бемалол никоҳланиб яшаш кетмоқда. Бизда ҳам ажрим кўп-ку дейилса, бу маҳрнинг арзонлигидан эмас. Оила ҳақидаги тушунчаларнинг сустлиги ёки бошқа шахсларнинг аралашувидан бўлади одатда дейишимиз мумкин. Хулоса қилиб айтганда, никоҳ енгил ва маҳр оз бўлса, зино камаяди. Зино камайган жамият эса осон ислоҳ бўлади. Ахир Расулимиз алайҳиссалом бежизга “энг баракали никоҳ кам чиқимидир”, демаганларда. Албатта, маҳр келиннинг қиймати эмас, унинг қадридир, унинг иззатидир, унинг ҳаққидир!.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

1. Қуръони карим.

2.  Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Бахтиёр оила”, Ҳилол нашр, Тошкент. 2023.

3. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Кифоя”, Ҳилол нашр, Тошкент. 2023.

4. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Ижтимоий одоблар”, Ҳилол нашр, Тошкент. 2023.

 

Ҳасанхон қори жоме масжиди

имом-хатиби 

Нажмиддин домла Ҳасанов

Мақолалар