بسم الله الرحمن الرحيم
Ислом динида атроф-муҳитни асрашга эътибор
Муҳтарам азизлар! Аллоҳ таоло Ер юзини инсониятнинг ҳаёт кечириши учун муносиб манзил макон қилиб яратган. Зеро, атроф-муҳитдаги барча нарсалар инсон манфаати учун яратилган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилган:
هُوَ الَّذِي خَلَقَ لَكُمْ مَا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا...
(سورة البقرة/29)
яъни: “У шундай зотки, сизлар учун Ердаги барча нарсаларни яратди...” – дейилган.
Ўз навбатида ҳар бир инсон ҳам табиатга нисбатан оқилона муносабатда бўлиб, уни асраб авайлаши лозим бўлади. Аллоҳ таоло яшаб турган курраи заминимизни озода сақлаган ҳолда обод қилишга, Унинг берган неъматларини асраб авайлашга буюриб, бузғунчилик қилишдан, атроф-муҳитга зарар етказишдан қайтарган. Қуръони каримда шундай дейилади:
وَلَا تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ بَعْدَ إِصْلَاحِهَا...
(سورة الاعراف/56)
яъни: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!”.
Ҳеч шак-шубҳа йўқки, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш асримизнинг энг муҳим муаммоларидан бири бўлиб турибди. Бу муаммо ўзининг инсониятга келтириши мумкин бўлган ёмон оқибатлари бўйича ядро ҳалокатидан кам эмас.
Сўнгги йилларда табиатда техноген таъсирнинг зўрайганлиги, экологик ўзгаришларнинг содир бўлаётгани ҳамда ўрмонлар эгаллаган ҳудудлар қисқариши натижасида кўплаб ўсимлик ва ҳайвонот турлари бутунлай йўқолди ёки уларнинг сони кескин камайди.
Албатта, технология соҳасидаги тараққиёт, янги энергия манбаларининг кашф этилиши, янги маъданлар ва кимёвий моддаларнинг пайдо бўлиши, оқибатини ўйламай, табиатдаги жараёнларга аралашув каби ҳолатларнинг барчаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида ниҳоятда ташвишли вазиятни вужудга келтирди. Қуръони каримда баён этилганидек:
ظَهَرَ الْفَسَادُ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ بِمَا كَسَبَتْ أَيْدِي النَّاسِ لِيُذِيقَهُمْ بَعْضَ الَّذِي عَمِلُوا لَعَلَّهُمْ يَرْجِعُونَ
яъни: “Одамларнинг қилмишлари туфайли қуруқлик ва денгизда бузғунчилик пайдо бўлди. Бу уларнинг (ўз қилмишларидан) қайтишлари учун қилган баъзи (ёмон) ишлари (жазоси)ни уларга тоттириш учундир” (Рум сураси, 41-оят).
Бу оятда Аллоҳ таоло ер юзидаги бахтсизлик ва нохушликлар одамларнинг фаолиятлари билан боғлиқ равишда зоҳир бўлишини баён қилади. Уларнинг қалб ва фикрлари нопок бўлса, қилган ишлари оқибати ҳалокатли бўлажак. Лекин бу фасоднинг ёмон оқибатлари инсоннинг ўзига кўринади.
Динимизда атроф муҳит тозалигига муносабат: Дарҳақиқат, тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза сақлаш, уларни ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш кабилар шариатимизнинг буйруғидир. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
" اتَّقُوا المَلاعِنَ الثَّلاثَ البِرَازَ في المَوارِدِ وقارِعَةِ الطَّرِيقِ والظِّلِّ "
(رواه الامام أبو داود عن معاذ رضي الله عنه)
яъни: “Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан сақланинглар” – деганлар (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Албатта Аллоҳ покдир, покликни яхши кўради, тозадир тозаликни яхши кўради, олийжанобдир олийжанобликни яхши кўради, сахийдир саховатни яхши кўради. Бас, ҳовлиларингизни тоза тутинглар...”, дейилади (Имом Термизий ривояти).
Ҳозирги кунда барча зарур ерларга ахлат ташлаш учун алоҳида жойлар қурилган. Шундай экан, ҳар хил ахлат ва чиқиндиларни махсус жойларга ташлаш лозим, аксинча дуч келган жойга ташлаш мусулмончиликка ҳам, одамгарчиликка ҳам тўғри келмайди.
Динимизда сувни асраб авайлашга муносабат: Қуръони каримнинг кўпгина сураларида Аллоҳ таоло инсонларга ато этган неъматларини эслатар экан, сувни ҳам зикр қилади:
أَفَرَأَيْتُمُ الْمَاء الَّذِي تَشْرَبُونَ أَأَنتُمْ أَنزَلْتُمُوهُ مِنَ الْمُزْنِ أَمْ نَحْنُ الْمُنزِلُونَ لَوْ نَشَاء جَعَلْنَاهُ أُجَاجاً فَلَوْلَا تَشْكُرُونَ
(سورة الواقعة/70- 68 )
яъни: “Сизлар ўзларингиз ичаётган сувни (ўйлаб) кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдирувчимизми? Агар Биз хоҳласак, уни шўр ва аччиқ қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, (шу обиҳаёт учун ҳам) шукр қилмайсизми?” (Воқеа сураси, 68-70-оятлари).
Бошқа ояти каримада эса Аллоҳ таоло бандалари учун ва уларга мусаххар қилиб қўйилган чорва ва турли набототлар учун сув энг зарурий неъмат эканини баён этиб, бундай марҳамат қилади:
هُوَ الَّذِي أَنْزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً لَكُمْ مِنْهُ شَرَابٌ وَمِنْهُ شَجَرٌ فِيهِ تُسِيمُونَ يُنْبِتُ لَكُمْ بِهِ الزَّرْعَ وَالزَّيْتُونَ وَالنَّخِيلَ وَالْأَعْنَابَ وَمِنْ كُلِّ الثَّمَرَاتِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَةً لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ
(سورة النّحل/10-11)
яъни: “У осмондан сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни (ёмғирни) ёғдирган зотдир. (Ҳайвонларингизни) боқадиган гиёҳлар ҳам ўша сувдан (суғорилур). У сизлар учун ўша (сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир” (Наҳл сураси, 10-11-оятлар).
Мутахассислар фикрича, инсон таомсиз бир икки ҳафтагача яшаши мумкиндир, аммо сувсиз уч кунга ҳам чидай олмайди. Одам танасидаги сув агар ўн беш фоизга камайса, у ҳалок бўлади. Инсон танасининг аксар қисми сувдан иборат. Масалан, чақалоқ оғирлигининг етмиш беш фоизини сув ташкил этади. Сув – инсоннинг ҳаёт кечириши учун асосий қувват манбаидир. Бунга яна одамнинг покланиши учун ва бошқа мақсадларда ишлатадиган суви ҳам қўшилса, инсонга сув қанчалик зарур ва бебаҳо неъмат экани ойдинлашади. Хусусан, сув танқислиги бўйича дунёдаги 164 мамлакат рўйхатидан 25-ўринни эгаллаган юртимизда бунга жиддийроқ аҳамият беришимизни тақозо қилади. Зеро, Анбиё сурасида шундай дейилади:
...وَجَعَلْنَا مِنَ الْمَاءِ كُلَّ شَيْءٍ حَيٍّ أَفَلَا يُؤْمِنُونَ ...
(سورة الأنبياء/30)
яъни: “...ва барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?!..” (Анбиё сураси, 30-оят).
Сувни тежаш ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади:
أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَرَّ بِسَعْدٍ وَهُوَ يَتَوَضَّأُ فَقَالَ: مَا هَذَا السَّرَفُ يَا سَعْدُ؟ قَالَ: أَفِي الْوُضُوءِ سَرَفٌ؟ قَالَ: نَعَمْ، وَإِنْ كُنْتَ عَلَى نَهْرٍ جَارٍ
(رواه الإمام أحمد والإمام ابن ماجة عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْروٍ )
яъни: Набий саллалоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Саъд разияллоҳу анҳу таҳорат қилаётганларида “Эй Саъад бу исроф нимаси”, – дедилар. Саъад разияллоҳу анҳу: “Таҳоратда ҳам исроф қилиш борми?”, – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, агарчи оқиб турган дарёнинг бўйида турган бўлсанг ҳам”, – дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).
Таҳоратда ортиқча сув ишлатиш исроф ва мумкин бўлмаганидан кейин қолган нарсаларни қиёслаб олаверинг.
Динимизда атроф-муҳитни яхшилаш ва саҳролашишнинг олдини олишга муносабат: Бўш ерларга мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда турли хил гул кўчатлари экишга тарғиб қилинар экан, бу ишлар кўпчиликка манфаатлилиги боис савоби ҳам мислсиз эканига урғу берилган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:
" مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَزْرَعُ زَرْعاً ، أَوْ يَغْرِسُ غَرْسَاً فَيَأْكُلُ مِنْهُ طَيْرٌ ، أَوْ إِنْسَانٌ ، أَوْ بَهِيمَةٌ إِلاَّ كانَ لَهُ بِهِ صَدَقَةٌ "
(رواه الامام البخاري والامام أحمد عن أنس رضي الله عنه)
яъни: “Қайси бир мусулмон киши бирор кўчат ёки экин экса, кейин ундан қуш ёки инсон ёҳуд бирор жонивор еса, эккан одамга садақа савоби ёзилади” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Бошқа ривоятда эса:
"لا تَقْطَعُوا الشَّجَرَ، فَإِنَّهُ عِصْمَةٌ لِلْمَوَاشِي فِي الْجَدْبِ"
(رَوَاه الامَامُ عبْدُ الرَّزاق فِي "الْمُصَنَّف")
яъни: “Дарахтларни кесманглар, Чунки у қурғоқчиликда ҳайвонларни(нг ҳаётини) сақловчидир” (Имом Абдурраззоқ ривоятлари).
Шариатимизга кўра сувсиз, қаровсиз ва ҳеч кимнинг мулкида бўлмаган ерларни бирор киши обод қилиб, ободонлаштирса, ўша ерга эгалик ҳуқуқи бериш билан рағбатлантирилган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада шундай марҳамат қилганлар:
مَنْ أَعْمَرَ أَرْضًا لَيْسَتْ لِأَحَدٍ فَهُوَ أَحَقّ
(رواه الامام البخاري عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا)
яъни: “Ким ўзлаштирилмаган бир ерни обод қилса ўша ерга у ҳақлидир” (Имом Бухорий ривоятлари).
Бу билан атроф-муҳитни обод қилишга, бугунги кунда глобал муаммога айланаётган саҳролашиш муаммосини олдини олишга бундан ўн тўрт аср олдин қандай аҳамият берилганини билишимиз мумкин.
Динимизда жонзотларга муносабат: Аллоҳ таоло барча жонзотлар инсонлар каби “уммат” эканлиги таъкидлаган:
وَمَا مِنْ دَابَّةٍ فِي الْأَرْضِ وَلَا طَائِرٍ يَطِيرُ بِجَنَاحَيْهِ إِلَّا أُمَمٌ أَمْثَالُكُمْ
яъни: “Ер юзидаги ҳар бир юрувчи жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир” (Анъом сураси, 38-оят).
Айнан шу таъкид инсонни ўзи каби уммат бўлган барча жонлиларга нисбатан меҳрибон бўлишга ундайди. Агар ҳайвонларнинг ҳар бир тури ёки оилалари алоҳида уммат ҳисобланса, айнан шу ҳукм билан улар бошқа умматлар орасида яшаш ҳаққига эга бўладилар.
Исломда ҳайвонот оламига ҳеч қандай зарар етказиш мумкин эмаслиги қаттиқ таъкидланади. Имом Муслим Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Набий алайҳиссалом олдиларидан юзига тамға босилган эшак олиб ўтилади. Шунда у зот: «Менинг ҳайвонлар юзига тамға босган ва уларнинг юзига урганларни лаънатлаганим сизларга етмаган эдими?!» деганлар.
Исломдаги ҳайвонларга меҳрибонлик ва яхши муносабат фақат улардан инсонларга етадиган манфаат билан боғлиқ эмас, балки мусулмонлар барча ҳайвонот оламига, ҳатто инсон улардан бу дунёда ҳеч қандай манфаат кутмаса ҳам, яхши муносабатда бўлишга буюрилган. Саҳиҳ ҳадислардан бирида Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир одам йўлда бора туриб, қаттиқ чанқади. Бир қудуқ топиб, тушиб, сув ичди. Сўнгра чиқиб, қараса, бир ит чанқоқдан тили осилиб, тупроқ емоқда. Ҳалиги одам “Бу ит ҳам менга ўхшаб чанқабди”, деди-да, қудуққа тушиб, этигига сув тўлдириб чиқиб, итга тутди. Аллоҳ таоло уни тақдирлаб, мағфират қилди», дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, бизга ҳайвонларда ҳам ажр борми?” – дейишди. У Зот: “Ҳар бир ҳўл жигари бор нарсада ажр бордир!” – дедилар” (Муттафақун алайҳ)
Шарийда разияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки чумчуқни сабабсиз ўлдирса, Қиёмат куни Аллоҳга “Эй Роббим, фалончи мени манфаат учун эмас, ўйнаб ўлдирди”, деб шикоят қилади”, деганлар (Имом Насаий ривояти).
Ҳулоса қилиб айтадиган бўлсак, атроф-муҳитни мухофаза қилиш тарбияси Ислом нуқтаи назарида жамиятнинг катта ёшдаги аъзолари вазифасидир. Катта ёшдаги кишилар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва озодаликни асраб авайлашда ёшларга ўрнак бўлишлари ва бу ҳусусда тарбия беришлари керак бўлади. Бизнинг боболаримиз ва бувиларимиз сувга тупурма, ариқларга чиқиндиларни супурма, кўчаларга ахлат ташлама, кўкариб турган бирор нарсани нобуд қилма, дея уқтирган сўзларини доимо эсимиздан чиқармаслигимиз ва ёшларга ҳам шуларни ўргатишимиз лозим.
Бундан ташқари халқимиз орасида “Бирни кессанг ўнни эк” деган пурмаъно ибора ҳам мавжуд. Дарҳақиқат биз бугун кесган биргина кўчатнинг табиатдаги зарари йиллар ўтиб унинг ўрнига эккан дарахтимиз орқали қопланади. Ва шунда табиатнинг тоза ҳавосига, кўкаламзорлигига путур етказмаган ҳисобланамиз.
Муҳтарам юртдошлар! Айни пайтда соғлиқни сақлаш мутахассислари фуқароларимиздан карантин қоидаларига, жумладан, имкон қадар уйдан чиқмаслик, жамоат жойларида тўпланмаслик, шахсий гигиена каби қоидаларга қатъий амал қилишларини сўрашмоқда. Ушбу кўрсатмаларга амал қилиш ҳар биримиз учун жуда муҳимдир.
Азизлар бу синовли кунларда барчамиз сабр қилиб, бирдам бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак, иншааллоҳ тез кунларда бизга енгиллик ва фаровон ҳаёт келади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
أبْشِرُوا أتاكُمُ اليُسْرُ، لَنْ يَغْلِبَ عُسْرٌ يُسْرَيْنِ
яъни: “Хурсанд бўлинглар! Сизларга енгиллик келади. Ҳаргиз бир қийинчилик икки енгилликдан устун келмайди” (Тафсири Табарий).
Аллоҳ таоло доимо барчаларимизни табиат каби улуғ бир омонатга садоқатли, атроф-муҳитни муҳофазасида бардавом бандаларидан қилсин! Ҳақ таоло юртимиздан турли касалликларни тез кунда бартараф бўлишини таъминласин! Омин!
“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.
“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.
Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.
Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!
Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.
Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.
Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.
Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:
1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.
2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.
Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.
Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.
Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).
Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:
⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.
⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.
⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.
⏺ Ғарқ бўлганлар.
⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).
⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.
⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.
⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.
⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.
⏺ Жума кечаси вафот топганлар.
⏺ Сил касалидан ўлганлар.
⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.
⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.
⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.
⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.
⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.
⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.
⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.
⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.
⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.
⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.
⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.
⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.
⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.
⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.
⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.
⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.
⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.
⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.
⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.
Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси