Аллоҳга шукрки, шу йил 17 август куни бомдод намозидан бошлаб, юртимиздаги барча 2070 та жоме масжид ўз эшиклари яна мўмин-мусулмонларга очади. Ҳақиқатан, барча мўмин-мусулмонларимиз жомеларда намоз ўқишни жуда ҳам соғинишди. Масжидлар очилиши хабари, ҳеч шубҳа йўқки, кўнгилларни шод қилган мужда бўлди.
Таъкидлаймизки, айрим сайт ва ижтимоий тармоқларда масжидлар ҳафтада тўрт кун ишлайди, жума, шанба ва якшанба кунлари эса фаолият кўрсатмаслиги ҳақидаги ҳабарлар англашилмовчилик оқибатидир.
Масжидлар ҳафтада ҳар куни ўз иш фаолиятини олиб боради, фақат жума намози эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар вақтинча адо этилмай туради. Дуою-тазарруларда бардавом бўлиб турсак, бу файзли ибодатга ҳам Аллоҳ таоло насиб этади.
Барча намозхонларимизга масжидларда жорий этилган санитария-эпидемиологик қоидаларни яна бир бор ёдга соламиз:
- масжидларнинг кириш жойини дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозлаш, бирламчи дезинфекциялаш воситалари, пирометрлар (контактсиз ҳарорат ўлчагич) билан таъминлаш;
- ҳар бир фуқаро масжид ичида тиббий ниқобда бўлиши, ҳудудга киришда қўлларини дезинфекциялаш воситасидан фойдаланиши;
- масжидга ташриф буюрган ҳар бир шахснинг касаллик аломатларини текшириш (ҳарорат ўлчаш ва ташқи аломатлар), тана ҳарорати 37ºС ва ундан юқори бўлган ҳолатда фуқароларни алоҳидалаш ва 103 телефон рақами орқали тез тиббий ёрдамга хабар бериш;
- ибодат вақтида ижтимоий масофаланишни сақлаш, фуқаролар орасидаги масофани 1,5 метр этиб белгилаш (махсус чизиқлар ёрдамида катакларга ажратган ҳолда);
- ҳар бир масжиднинг кириш қисмига касалликдан сақланиш, ҳудудда карантин талабларига қатъий амал қилиш, хусусан, 65 ёшдан катта фуқароларни масжидларга вақтинча ташриф буюрмай туришлари тавсия этилиши тўғрисидаги ахборот лавҳаларини ўрнатиш;
- масжид маъмурияти томонида иш фаолиятни карантин даврида ташкил этиш бўйича тегишли буйруқ ва ички тартибларни ишлаб чиқиш (бунда ёши 65 ёшдан улуғ фуқароларни вақтинча ташриф буюрмай туришларини тавсия этиш);
- масжидларда жума намозини вақтинча адо этмаслик;
- ҳудудий Санитария-эпидемиология хизмати ходимлари томонидан масжидларнинг барча ходимлари билан тушунтириш ишларини ташкил этиш;
- ушбу хизмат томонидан белгиланган муддатда (ҳар 3 кунда ёки ҳафтада бир маротаба) масжидлардаги санитария-эпидемиологик ҳолатни ўрганиш ва тавсиялар бериш;
- масжидлар бинолари ва ҳудудини ҳар куни дезинфекция қилиш, хоналарни шамоллатиш;
- масжидга кириш ва чиқиш жойларида аҳолининг тўпланишига қатъий йўл қўймаслик;
- таҳоратхонадан фақат зарур шароитлар яратилган (бир марталик сочиқ-салфетка, антисептик воситалар, суюқ совунлар билан таъминлаш, қисқа муддатларда дезинфекция қилиш), ижтимоий масофаланишни сақлаган ҳолда фойдаланиш каби тартиб-интизомлар алоҳида таъкидланади.
Ҳақ таоло ўзининг уйида қилинган ибодатлар ва дуою тазаррулар сабабидан бутун инсоният бошига келган касалликни даф этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Туркиянинг оммабоп “61 Saat” янгиликлар порталида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми имкониятлари ва миллий-маънавий меросига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақола муаллифи, туркиялик санъатшунос олима Шейда Сағлам Тошкент, Самарқанд ва Бухорога қилган саёҳати таассуротлари билан ўртоқлашди. У Ўзбекистондаги қадамжолар ҳар қандай сайёҳни узоқ тарих қаърига етаклашини алоҳида таъкидлаган.
Хусусан, Самарқанднинг меъморий улуғворлиги, Регистон майдони, Гўри Амир мақбараси ва Шоҳи Зинда мажмуасининг жозибадорлиги туристларни бир зумга бўлса-да ўтмиш билан юзлашишга ундайди. Буюк олим ва астроном Мирзо Улуғбек ҳамда калом илмининг асосчиларидан бири Имом Мотуридий мероси орқали ушбу заминда илм-фан ва маънавият асрлар давомида узвий ривожланганига эътибор қаратилган.
Нашрда кўҳна Бухоро шаҳрининг ислом оламидаги юксак мавқеи алоҳида эътироф этилган. Калон минораси ва Исмоил Сомоний мақбарасининг меъморий мукаммаллиги, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасидаги маънавий муҳит саёҳатчиларга унутилмас онларни туҳфа этиши қайд этилган. Муаллиф нақшбандия таълимотининг асосий ғояси — “Қўлинг ишда, қалбинг Аллоҳда бўлсин” ҳикмати бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганини баён қилган.
Туркиянинг нуфузли медиа майдонида эълон қилинган ушбу мақола икки қардош халқ ўртасидаги кўп асрлик маданий-маънавий кўприкларни янада мустаҳкамлашга ҳамда туркиялик зиёратчиларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати