Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Август, 2026   |   7 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:37
Пешин
12:26
Аср
17:15
Шом
19:19
Хуфтон
20:41
Bismillah
20 Август, 2026, 7 Рабиъул аввал, 1448

Яхшилик ва ёмонлик тенг бўлмас

10.08.2020   5311   5 min.
Яхшилик ва ёмонлик тенг бўлмас

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур. Унга фақат сабрли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур. Агар Сизни шайтон томонидан васваса тутмоқчи бўлса, у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг. Зеро, У эшитувчи ва билувчи зотдир (Фуссилат, 34-35).

Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Ибн Аббос (Розияллоҳу анҳу): “Яхшилик “Ла илаҳа иллаллоҳ”, ёмонлик қўполликдир”, деган. Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу): “Яхшилик Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг оиласини севиш, ёмонлик уларга ғазаб қилишдир”, деган. Имом Заҳҳок (раҳимаҳуллоҳ): “Яхшилик илм, ёмонлик фаҳшдир”, деган. Яхшиликни тоат-ибодатнинг бирор навига, ёмонликни ҳам гуноҳ масиятнинг бирор турига хослаб қўйилмайди. Оятдаги сўз умумий бўлиб, барча яхшиликларни ва ёмонликларни қамраб олади. 

Имом Зажжож (раҳимаҳуллоҳ) ушбу оятнинг тафсирида шундай дейди “Тоат билан масият, имон билан куфр баробар бўлмас”. Бошқа олимлар ҳам уни турлича тафсир қилганлар “Кўрувчи билан кўзи ожиз, сабрли билан бесабр, озорга бaрдошли билан ёмонлик қилувчи тенг бўлмас”, деганлар. Пайғамбаримизга Абу Жаҳл кўп озор бергани учун уни кўрсалар ғазабланардилар, шунда Аллоҳ таоло уни афв қилишга, кечиришга буюрди.  

Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг! Яхшилик ва ёмонлик ўртасида катта фарқ бор. Сизда иккита яхшилик қилишни имконияти бор, шу иккисининг гўзали билан баъзи душманлар томонидан келган ёмонликни даф қилинг. Шунингдек, сизга бир кимса ёмонлик қилса уни кечиришингиз яхшилик бўлса, сизга ёмонлик қилган жойда яхшилик қилишингиз гўзал бўлади. Ёки болангизни ўлдирган кимсанинг фарзандини душман қўлидан қутқариб қолиш яхшиликнинг гўзалидир.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) “гўзалроқ (муомала) билан” деган маънодаги оятнинг қисмини “Ғазаб чиққанда сабр қилиш, жоҳиллик вақтида ҳалим бўлиш, ёмонлик қилинганда афв этиш”, деб тафсир қилган. Имом Мужоҳид (раҳимаҳуллоҳ) “Ёмон кўрган кимса билан учрашиб қолганда салом бериш, рўбарў келиб қолганда қўл бериб кўришиш деган маъно тушунилади”, деган. 

Яхши сўз билан ёмонини, ла илаҳа иллаллоҳ билан ширкни, сабр билан ғазабни даф қилиш каби маънолар тушунилади.

(Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур. Ёмонликни гўзал муомaла билан даф қилсангиз сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қариндошингиз каби яқин бўлиб қолади.

Ушбу оятни Набий (алайҳиссалом)га кўп озорлар берадиган душман бўлиб, кейинчалик у зотга яқин дўстга айланган Абу Суфён ибн Ҳарб ҳақида нозил бўлган дейилади. Бошқа ривоятда Набий (алайҳиссалом)га кўп азият берган Абу Жаҳл ибн Ҳишом ҳақида нозил бўлган дейилади. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни сабрга чақириб, у билан қўл бериб сўрашишга буюрган.

Унга фақат сабрли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур. Яхши сўз ва ёмонликни даф қилиш, Аллоҳни тоати ҳамда фарзларни адо қилишда сабр қилган ва охиратда буюк насибаси бор бандаларга берилади.

Али ибн Абу Толҳа (розияллоҳу анҳу) ушбу оятни тафсири ҳақида ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилади. Аллоҳ таоло мўминларни ғазаб чиққанда сабрга, жаҳл келганда ҳалим бўлишга, ёмонлик қилинганда афв қилишга буюрди. Мана шуларни бажарса, Аллоҳ уни шайтондан сақлайди, душманларини бўйсундириб яқин дўстдек қилиб қўяди. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу “улуғ насиба” калимасини савоб деб тафсир қилган. Имом Ҳасан (раҳимаҳуллоҳ) эса жаннатдан бошқа улуғ насиба бўлмайди деган. Қатода (раҳимаҳуллоҳ) “улуғ насиба” жаннат бўлади. Шунинг учун у жаннат вожиб бўлган инсонларга берилади деб айтган.  

Агар Сизни шайтон томонидан васваса тутмоқчи бўлса, у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг. Шайтон сизни васваса қилса уни ёмонлигидан Аллоҳ паноҳ беришини, бардош билан туришни сўранг. Имом Муқотил (раҳимаҳуллоҳ) ушбу оят тафсирида “Шайтондан сизга фитна бўлса Аллоҳдан паноҳ сўранг”, деганлар. Имом Калбий (раҳимаҳуллоҳ) “Ёмонликни даф қилиш мобайнида бирор гуноҳ содир бўлиш хавфи пайдо бўлса, Аллоҳдан паноҳ сўранг”, деб айтганлар.

Икки киши Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларида бир-бирларини сўкдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Бир сўзни биламан ким уни айтса, ғазаби кетади”, дедилар. Буни эшитган кишиларнинг бири “Мени мажнун деб ўйлаяпсанми?” деди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Агар Сизни шайтон томонидан васваса тутмоқчи бўлса, у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг. Зеро, У эшитувчи ва билувчи зотдир” оятини ўқидилар (Имом Бухорий, Муслим ривояти).

Зеро, У эшитувчи ва билувчи зотдир. Аллоҳ таоло паноҳ сўрашингизни эшитувчи, кофирларни сўзини ҳам азобланишини ҳам билувчи зотдир.

 

Баҳриддин Жўрабек ўғли

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Икки улуғ неъмат

14.08.2026   30247   3 min.
Икки улуғ неъмат

#Мустақилликнинг 35 йиллиги

 

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.

Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.

Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).

Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.

Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.

Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.

Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).

Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.

Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.

Исомиддин АҲРОРОВ