Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур. Унга фақат сабрли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур. Агар Сизни шайтон томонидан васваса тутмоқчи бўлса, у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг. Зеро, У эшитувчи ва билувчи зотдир (Фуссилат, 34-35).
Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Ибн Аббос (Розияллоҳу анҳу): “Яхшилик “Ла илаҳа иллаллоҳ”, ёмонлик қўполликдир”, деган. Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу): “Яхшилик Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг оиласини севиш, ёмонлик уларга ғазаб қилишдир”, деган. Имом Заҳҳок (раҳимаҳуллоҳ): “Яхшилик илм, ёмонлик фаҳшдир”, деган. Яхшиликни тоат-ибодатнинг бирор навига, ёмонликни ҳам гуноҳ масиятнинг бирор турига хослаб қўйилмайди. Оятдаги сўз умумий бўлиб, барча яхшиликларни ва ёмонликларни қамраб олади.
Имом Зажжож (раҳимаҳуллоҳ) ушбу оятнинг тафсирида шундай дейди “Тоат билан масият, имон билан куфр баробар бўлмас”. Бошқа олимлар ҳам уни турлича тафсир қилганлар “Кўрувчи билан кўзи ожиз, сабрли билан бесабр, озорга бaрдошли билан ёмонлик қилувчи тенг бўлмас”, деганлар. Пайғамбаримизга Абу Жаҳл кўп озор бергани учун уни кўрсалар ғазабланардилар, шунда Аллоҳ таоло уни афв қилишга, кечиришга буюрди.
Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг! Яхшилик ва ёмонлик ўртасида катта фарқ бор. Сизда иккита яхшилик қилишни имконияти бор, шу иккисининг гўзали билан баъзи душманлар томонидан келган ёмонликни даф қилинг. Шунингдек, сизга бир кимса ёмонлик қилса уни кечиришингиз яхшилик бўлса, сизга ёмонлик қилган жойда яхшилик қилишингиз гўзал бўлади. Ёки болангизни ўлдирган кимсанинг фарзандини душман қўлидан қутқариб қолиш яхшиликнинг гўзалидир.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) “гўзалроқ (муомала) билан” деган маънодаги оятнинг қисмини “Ғазаб чиққанда сабр қилиш, жоҳиллик вақтида ҳалим бўлиш, ёмонлик қилинганда афв этиш”, деб тафсир қилган. Имом Мужоҳид (раҳимаҳуллоҳ) “Ёмон кўрган кимса билан учрашиб қолганда салом бериш, рўбарў келиб қолганда қўл бериб кўришиш деган маъно тушунилади”, деган.
Яхши сўз билан ёмонини, ла илаҳа иллаллоҳ билан ширкни, сабр билан ғазабни даф қилиш каби маънолар тушунилади.
(Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур. Ёмонликни гўзал муомaла билан даф қилсангиз сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қариндошингиз каби яқин бўлиб қолади.
Ушбу оятни Набий (алайҳиссалом)га кўп озорлар берадиган душман бўлиб, кейинчалик у зотга яқин дўстга айланган Абу Суфён ибн Ҳарб ҳақида нозил бўлган дейилади. Бошқа ривоятда Набий (алайҳиссалом)га кўп азият берган Абу Жаҳл ибн Ҳишом ҳақида нозил бўлган дейилади. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни сабрга чақириб, у билан қўл бериб сўрашишга буюрган.
Унга фақат сабрли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур. Яхши сўз ва ёмонликни даф қилиш, Аллоҳни тоати ҳамда фарзларни адо қилишда сабр қилган ва охиратда буюк насибаси бор бандаларга берилади.
Али ибн Абу Толҳа (розияллоҳу анҳу) ушбу оятни тафсири ҳақида ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилади. Аллоҳ таоло мўминларни ғазаб чиққанда сабрга, жаҳл келганда ҳалим бўлишга, ёмонлик қилинганда афв қилишга буюрди. Мана шуларни бажарса, Аллоҳ уни шайтондан сақлайди, душманларини бўйсундириб яқин дўстдек қилиб қўяди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу “улуғ насиба” калимасини савоб деб тафсир қилган. Имом Ҳасан (раҳимаҳуллоҳ) эса жаннатдан бошқа улуғ насиба бўлмайди деган. Қатода (раҳимаҳуллоҳ) “улуғ насиба” жаннат бўлади. Шунинг учун у жаннат вожиб бўлган инсонларга берилади деб айтган.
Агар Сизни шайтон томонидан васваса тутмоқчи бўлса, у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг. Шайтон сизни васваса қилса уни ёмонлигидан Аллоҳ паноҳ беришини, бардош билан туришни сўранг. Имом Муқотил (раҳимаҳуллоҳ) ушбу оят тафсирида “Шайтондан сизга фитна бўлса Аллоҳдан паноҳ сўранг”, деганлар. Имом Калбий (раҳимаҳуллоҳ) “Ёмонликни даф қилиш мобайнида бирор гуноҳ содир бўлиш хавфи пайдо бўлса, Аллоҳдан паноҳ сўранг”, деб айтганлар.
Икки киши Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларида бир-бирларини сўкдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Бир сўзни биламан ким уни айтса, ғазаби кетади”, дедилар. Буни эшитган кишиларнинг бири “Мени мажнун деб ўйлаяпсанми?” деди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Агар Сизни шайтон томонидан васваса тутмоқчи бўлса, у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг. Зеро, У эшитувчи ва билувчи зотдир” оятини ўқидилар (Имом Бухорий, Муслим ривояти).
Зеро, У эшитувчи ва билувчи зотдир. Аллоҳ таоло паноҳ сўрашингизни эшитувчи, кофирларни сўзини ҳам азобланишини ҳам билувчи зотдир.
Баҳриддин Жўрабек ўғли
Ироқнинг “Azzaman” газетасида “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги: Давлат барпо этишдан Учинчи Ренессанс сари” номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда.
1991 йилда қўлга киритилган мустақиллик Ўзбекистон халқи ҳаётида тарихий бурилиш ясаб, миллий давлатчилик асосларини шакллантириш, иқтисодий тараққиёт пойдеворини яратиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш жараёнини бошлаб берди.
2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда “Янги Ўзбекистон” тамойили асосида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Марказий Осиёда изчил ва мувозанатли ривожланиш йўлидан бораётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.
Муаллиф Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инфратузилмани модернизация қилиш, рақамлаштириш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилган чора-тадбирларга эътибор қаратган.
Мақолада аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини ошириш, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам алоҳида фикр юритилган.
Нашрда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Учинчи Ренессанс” ғояси Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик йўналишларидан бири сифатида баҳоланган. Унда Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан юрт бугунги кунда илм-фан, инновация, технология ва инсон капиталини ривожлантириш орқали янги уйғониш даврини яратишга интилаётгани қайд этилган.
Ироқ матбуоти Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрнига ҳам тўхталиб, мамлакатда бой илмий-маърифий меросни ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлаган. Жумладан, Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини намойиш этувчи муҳим илмий-маданий маскан сифатида қайд этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати