Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Май, 2026   |   24 Зулқаъда, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:34
Қуёш
05:08
Пешин
12:24
Аср
17:23
Шом
19:36
Хуфтон
21:02
Bismillah
12 Май, 2026, 24 Зулқаъда, 1447

Истихора намози ҳақида

05.08.2020   8178   4 min.
Истихора намози ҳақида

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди Қуръондан сурани таълим бергандек, таълим берар эдилар. У зот:

 «Қачон бирингиз бир иш қилмоқчи бўлса, фарз намоздан бошқа икки ракат намоз ўқисин. Сўнг: «Эй бор Худоё! Албатта, мен Сендан илминг ила истихора қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сендан улуғ фазлингдан сўрайман. Албатта, Сен қодирсан, мен қодир эмасман. Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайбларни яхши билувчи Зотсан.

 Эй бор Худоё! Агар ушбу иш менга динимда, маошимда ва ишим оқибатида яхши эканини билсанг (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) уни менга тақдир қилгин, менга осон қилгин, сўнгра уни мен учун баракали қилгин. Агар ушбу иш мен учун динимда, маошимда ва ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) ёмон эканини билсанг, уни мендан буриб юбор, мени ундан буриб юбор. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил. Сўнгра мени унга рози қил, десин ва ҳожатини айтсин», дедилар».

 Шарҳ: Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорийдан ривоят қилинган ушбу ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ишларни тўғриси зоҳир бўлмаган нарсаларда Аллоҳга қайтиш, ҳар қандай муҳим ишларда Ундан маслаҳат талаб қилишни ўргатмоқдалар. Бу истихорани таълим беришда худди Қуръон сураларини таълим бергандек ғоят аҳамият қилардилар. Агар бандага бирор иш мушкул бўлиб, тўғриси қайси нарсада экани ноаниқ бўлиб қолса, туриб икки ракат намоз ўқиб, Аллоҳга юзланиб, у ишни ҳақиқатини очиб беришини талаб қилиб, албатта сўраётганида Холиқга сано айтиб, дуо қилиб, ўша дуосида тазарруъ ва бўйин эгиб, махлуққа хос синиқ ҳолда туришини уқтирмоқдалар. Чунки инсон ўзига фойда ҳам зарар ҳам келтира олмайди. Демак, мусулмон киши Раббисига юзланаётганида ўша истихора қилиб сўраётган нарсаси дини ва дунёсида яхшилик бўлса ўша ишни осон бўлишини, бордию дини, дунёси, ҳаёти ва охиратида ёмон бўлса қалбидан у нарсани бошқа нарсага буриб юборишини сўрамоғини уқтирмоқдалар. Бу нарса фақат бандани Раббисига бўйсуниши ва убудийятга иқрор бўлишининг бир намунасидир. Аллоҳ фазлини ўз бандалари устида доим бўлишини яхши кўради. Бандаларнинг ўша фазлга етишиш учун фақат Унга юзланиб, фазлини талаб қилишса кифоя. Чунки Аллоҳ таоло бандаларини қўл чўзишганида ноумид қайтаришдан азизроқдир.

 “Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад) Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларининг дуосини ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун (улар ҳам) Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар”. (Бақара сураси,186-оят).

 Киши итихора намозини ўқигандан кейин мазкур иш ҳақида ўйламай, Аллоҳ ихтиёр қиладиган нарсани кутиб юради. Кейин кўнглига тушиб, ўзига маъқул бўлиб, қилгиси келиб қолса, қилади. Бу ҳақда туш кўриши ҳам мумкин. Агар иш бир тарафга бўлмай туриб қолса, истихора намозини яна қайтадан ўқийди. Қайта ўқиш етти мартагача бўлиши мумкин. Истихора намозининг биринчи ракатида Фотиҳа сурасидан кейин Кофирун сурасини, иккинчи ракатда Ихлос сурасини ўқийди.

 Кўриниб турибдики, истихора намози ҳам бошқа намозлар каби бандани Аллоҳ таолога боғловчи омилдир. Бир ишни қилмоқчи бўлганда Аллоҳ таолонинг ўзига ёлвориб, яхши йўл кўрсатишни сўрашдир. Бу маъно эса, мусулмон киши ҳаётида намознинг ўрни қанчалар муҳим эканини яна бир бор кўрсатади. Мусулмон киши ҳатто қиладиган дунёвий ишида ҳам дунёнинг холиқи ва бошқарувчиси Аллоҳ таолонинг ўзидан маслаҳат сўраш имконига эгадир.

 Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

 1) Истихора намозини мустаҳаб эканлиги ва намоздан кейин ҳадисда келган дуони ўқишлик.

 2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига меҳрибон эканлиги ҳамда ҳар бир ишда умматларини тўғри йўлга бошлашлари.

 3) Мўмин киши ҳар қандай ишини Аллоҳ таолога топширмоқлиги. 

 ЎМИ матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Боғийлик тушунчасининг луғавий ва истилоҳий маънолари 

12.05.2026   4832   10 min.
Боғийлик тушунчасининг луғавий ва истилоҳий маънолари 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Боғийлик араб тилидаги “бағюн” (بغي) сўзидан олинган бўлиб, араб тилидан таржима қилинганда тиламоқ, қасд қилмоқ, жабрламоқ, зулм қилмоқ, бузуқлик, ахлоқсизлик[1] каби маъноларни англатади.

Боғий эса باغي)) зулмкор, тажовузкор ва сулҳни бузувчи, шунингдек, подшоҳ (раҳбар)га қарши чиқувчи, қароқчилик, йўлтўсарлик қилиб, бировнинг моли ҳамда жонига қасд қилувчи маъноси билдиради[2].

Қуръони каримда бағий/бағаа (بغي/بَغَى) сўзи бир неча хил маънони ифодалаб келган. Жумладан «Аъроф» сурасининг 33-оятида “ноҳақ тажовузкорлик”[3] маъносини англатган бўлса, «Қосос» сурасининг 76-оятида эса “такаббурлик қилди”[4] маъносида келган.

Уламолар истилоҳий маъноси ҳақида: “Боғий – бирор таъвил[5]га кўра адолатли амирга қарши чиқувчи мусулмонларнинг қурол-аслаҳага эга бўлган тоифасидир”, деб таъкидлайдилар[6].

Бурҳониддин Марғиноний (ҳиж.511/593–мил. 1123/1196)нинг шогирди фақиҳ Маждуддин Уструшаний подшоҳга қарши бош кўтариб чиққан гуруҳларни қоралаб, бундай тоифаларни Ислом нуқтаи назаридан боғий эканлиги, бундай кимсалар халқ ва динимизнинг ҳақиқий душманлари деб баҳо беради. Қуйида унинг “Китаб ал-фусул” номли асаридан парча берамиз:

“Мусулмонлар ҳақли равишда ҳукмдорлик қилаётган подшоҳ қўл остида халқ тинч ва осойишта яшаб турганларида ўзлари ичидан унга қарши бош кўтарган кишилар тоифаси боғийлардир[7]”. Уламолар ҳукмига кўра, шариатда боғийларга қарши курашда фуқаролар бор имкони билан давлатга ёрдам беришлари шарт[8].

Филолог Ибн Фарис боғийликка қуйидагича таъриф беради:

Бағюн сўзи ب, غ ва ي ҳарфларидан ташкил топган бўлиб, бу сўз қуйидаги икки хил маънога эга:

биринчи маъноси – бирор нарсани излаш, талаб қилиш;

иккинчи маъноси – ахлоқсизлик, бузуқликнинг бир тури[9]

Ибн Нужайм боғийликни қуйидагича таърифлайди: Араб тилидаги باغ (баағ( сўзининг кўплик шакли بغاة (буғаат) бўлиб, бу сўз одамларга жабр-зулм ўтказувчиларга нисбатан ишлатилади. Шунингдек, фитналарни қўзғатувчилар ҳамда ҳукуматга итоат этмайдиганлар ҳам боғий деб аталади[10].

Ҳаскафий боғийлик ҳақида: Бағюн сўзининг луғавий маъноси бирор нарсани излаш ва исташ каби маъноларни билдиради. Жумладан, Қуръони каримдаги: «Мана шу биз истаган нарса эди»[11] (Каҳф сураси, 64–оят) оятидаги  «نبغ» (набғи( ояти бунга мисол бўлади.

Истилоҳда эса, руҳсат этилмаган, ман этилган нарсаларни, хусусан, зулм, одамларга зиён етказиш каби қабиҳ амалларни исташни англатишини айтиб ўтади[12].

«Табйийнул-ҳақоиқ шарҳи канзуд-дақоиқ» асарида бу сўзнинг маъноси қуйидагича келтирилади: «Урфда ҳалол бўлмаган нарсани жабр ва зулм билан тортиб олишдир. Фуқаҳолар наздида эса, мавжуд бошлиққа қарши чиқиш бу – «боғий»лик ҳисобланади[13].

Абул-Баракот Насафий (ҳиж.701/мил.1310 ваф.эт.): «Канзуд-дақоиқ»да «боғий»ларни шундай таърифлайди: Мусулмонлар қавмидан бошлиққа итоат қилишликдан бош тортган кишилар жамоаси[14]. Демак,  муаллифниниг таъбири бўйича «боғий» мавжуд ҳокимиятга қарши чиқувчи маъносини англатади.

Алим ибн ал-Ала ал-Андаритий ад-Диҳлавий: Мусулмонлардан раҳбарга қарши чиқувчилар тоифаси боғийлар деб аталади. Агар улар қурол олиб ҳукуматга қарши чиқса уларга нисбатан қарши курашиш лозим. Шунингдек, бу каби тоифаларга қарши курашда мамлакат фуқаролари ҳам ҳукуматга ёрдам бермоқликлари шарт.

Ҳанафийлик мазҳабининг машҳур олимларидан Ибн Ҳумам ўзининг “Фатҳ ал-Қадийр” асарида боғийликка изоҳ бериб уни бир неча турларга таснифлайди:

Фақиҳлар наздида боғий сўзи мавжуд ҳукуматга қарши чиқишни англатиб улар тўрт гуруҳга ажратилади:

  1. Ҳеч қандай таъвилсиз фақатгина одамларнинг мол-мулкини эгаллаш ва уларнинг жонига қасд қилиш билан шуғулланувчилар тоифаси бўлиб улар қароқчи, йўлтўсарлар деб номланади.
  2. Юқорида зикр этилган тоифа сингари бўлиб, бироқ Қуръонни нотўғри таъвил қилиб мусулмонларга зулм қиладилар.
  3. Ҳукуматга бўйсунишни ўзларининг нотўғри таъвиллари билан рад этувчи ҳамда унга қарши чиқишга даъват этувчилар тоифаси «Хорижийлар[15]» деб аталади. Хорижийлар ўзаро ихтилоф сабабли бир-бирларини кофирга чиқарувчи кўплаб фирқалардан ташкил топган ҳамда давлат раҳбарига итоат этишдан бош тортиб исён кўтарганлари учун “боғийлар” деб ҳукм қилинган. Улар мусулмонлар молини ўзлаштириш ва қонини тўкишни ҳақ деб эълон қилдилар, мусулмон аёлларни асирликка олдилар, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг халифаларини муртадликда айбладилар[16].
  4. Ҳукуматга қарши чиқувчи мусулмонлар тоифаси бўлиб, бироқ хорижийлар сингари мусулмонларнинг қонини тўкишни жоиз деб билмайдилар[17].

Зайниддин ибн Нужайм ал-Ҳанафий: Боғий – ҳукуматга қарши чиқувчи мусулмонлар тоифаси бўлиб, бироқ хорижийлар каби мусулмоннинг қонини тўкишни ва ёш болаларни асирга олишни жоиз деб ҳисобламайдилар[18].

Ибн Обидин аш-Шомий “Радд ал-мухтор” асарида: Боғийлар тоифаси ўз ичига ҳокимиятни қўлга киритишга интилган барча гуруҳни олади. Улар бегуноҳ одамларга ўзларининг нотўғри таъвиллари билан қарши чиқадилар ва “ҳақиқат биз билан” деб бузуқ даъвони қиладилар[19].

Ҳанафий мазҳабининг йирик уламоларидан Имом Косоний айтадилар: Боғийлар – хорижийлар сингари кичик ёки катта гуноҳ қилган инсонни куфрда санайдилар. Ҳукуматни динга амал қилмасликда айблаб, ўзларининг нотўғри таъвиллари орқали унга қарши чиқадилар, шунингдек, раҳбарни қатл этишни, унинг молини ўзлаштиришни ва қонини тўкишни жоиз деб биладилар [20].

Мазкур масалада ҳозирги замоннинг етук олимлардан бири Ваҳба Мустафо Зуҳайлий (1932-2015) ўзининг “Ал-фиқҳ ал-исломий ва адиллатуҳу” асарида суннийликнинг тўрттала мазҳаби хулосалари асосида боғийларга “имом (раҳбар)га асоссиз тарзда бўйсинишни рад этган мусулмон қавми (гуруҳ)га айтилади” деб таъриф бериб, “Ким бизга қарши чиқса (қиличини чиқарса), у биздан эмас” деган ҳадисни келтирган[21].

Демак, дин ниқоби остидаги террористик ташкилотларнинг давлат раҳбарига қарши чиқиб, Ислом давлатини тузишга қаратилган ҳатти-ҳаракатлари Ислом таълимотига кўра батамом асоссиздир.

Даврон НУРМУҲАММАД

 

 


[1] Ан-Наим ул-кабир. Арабча-ўзбекча луғат. “Наманган” нашриёти. Наманган–2014. Б.57.
[2] Д.Мақсудов. Абул Барокат ан-Насафий ва унинг Мадорик ат-Танзил ва Ҳақоиқ ат-таъвила асари. “Movarounnahr”, 2014. Б 118.
[3] А.Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири. –Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2004.
[4] Ўша манба.
[5] Таъвил-луғатда “изоҳлаш ёки бошқа маъносига қайтариш” маъносида келади. Истилоҳда олимнинг Қуръони каримдаги айрим оятларни ўз билими даражасида изоҳлаб тушунтириши “таъвил” дейилади. Қуръони каримда “таъвил” сўзи “тафсир ва таъйин, офият ва оқибат, башоратнинг амалга ошиши, туш маъноси, амалга оширилган иш сабаби” каби бир неча маъноларда ҳам келган. Қуръони каримдаги “муташобиҳ”, “муқаттоат” оятларининг маъносини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким аниқ билмайди. Аммо шунга қарамай, айрим ҳидоятдан оғганлар фитна қўзғаш учун ҳавойи нафсларига мослаб уларни таъвил этишга уринишган. Кейинги пайтларда “таъвил” сўзи умуман оятларни тафсирлаш, изоҳлаш, шарҳлаш каби маъноларда ҳам ишлатилмоқда.
[6] Каранг: Муаллифлар жамоаси. Ислом маърифати: аслият ва талқин (ўқув-услубий қўлланма). “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2011. – 93 б.
[8]А.Мансур.Муқаддас матнлар, фатволар ҳамда етакчи уламоларнинг асарларида ақидапарастлик ва зўравонликнинг қораланиши // Ислом маърифатида дунёвий ва диний қадриятлар уйғунлиги. –Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2011. Б. 9.
[9] Ибн Фарис, Муъжам мақайис ал-луға, Б.144, Ибн Манзур, Лисон ал-Араб, Б.14:75-78,
[10] Ибн Нужайм. ал-Баҳр ал-раъиқ. 5:150.
[11]А.Мансур Қуръони карим: маъноларнинг таржима ва тафсири.–Т.: Тошкент ислом университети нашриёти, 2006.
[12] Ал-Ҳаскафий. ал-Дурр ал-Мухтор. 4:261.
[13] Қаранг: Усмон ибн Али. Табйийнул-ҳақоиқ шарҳи канзуд-дақоиқ. II-жилд. Ливан, 2010. Б. 58.
[14] Абул-Баракот Насафий. Канзуд-дақоиқ фи фиқҳис-содатил-аҳнаф. Қоҳира, 2006. Б. 79.
[15]Тарих фанлари доктори А. Ҳасановнинг таъкидлашича қайси даврда бўлсин мавжуд ҳокимиятга қарши чиқувчилар “хорижийлар” деб аташ мумкин. Бу эса, “боғий” сўзи билан синоним деган маънога олиб келади.
[16] Илмий-таҳлилий ахборот. 2/2010. Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2010. Б.36.
[17] Ибн Ҳумам Фатҳ ал-Қадийр. 5:334.
[18] Ибн Нужайм. ал-Баҳр ал-раъиқ. 5:151.
[19] Ибн Обидин аш-Шомий. Радд ал-мухтор. 4:262; ад-Дасуқий. ал-Ҳошия. 4:261; Бадриддин ал-Айний. ал-Биноя шарҳ ал-Ҳидоя. 5:888.
[20] Ал-Касоний. Бадоъи ал-саноъи. 7:140
[21] Зуҳайлий М. Ал-фиқҳ ал-исломий ва адиллатуҳу. Дамашқ, Дорул фикр, 2-китоб. Б.481.

МАҚОЛА