Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон ўқийдиган мўмин утружжага ўхшайди. Унинг ҳиди ёқимли, мазаси ширин. Қуръон ўқимайдиган мўмин эса хурмо кабидир. (Хурмо мевасининг) ҳиди йўқ, аммо мазаси ширин. Қуръон ўқийдиган мунофиқ райҳон каби хушбўй, бироқ мазаси тахир. Қуръон ўқимайдиган мунофиқ эса ҳанзала янглиғ ҳидсиз, таъми аччиқдир» деганлар.
Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Доримий, Аҳмад ривоят қилган.
Мазкур ҳадисда Қуръон тиловат қилиш, Каломуллоҳдан узоқ юриш қандай самара бериши ажойиб ўхшатиш орқали баён этилмоқда. Унда тўрт тоифа киши икки хил мева ҳамда икки хил ўсимликка ўхшатилмоқда: мўмин утружжага, хурмога, мунофиқ эса райҳонга, ҳанзалага менгзалмоқда. Бу билан мўмин банданинг шаъни нақадар улуғлиги, тилида мусулмонликни даъво қиладиган кимсанинг ҳолати нақадар ёмонлигини билиб оламиз. Қолаверса, ҳадисда Аллоҳнинг Каломи банданинг зоҳирига ҳам, ботинига ҳам таъсир қилиши таъкидланмоқда. Бандалар бу борада бир-биридан фарқ қилади. Ҳақиқий мўмин кўпроқ насибадор бўлади, кимдир озроқ. Қуръон баракасидан умуман бенасиб қоладиганлар ҳам йўқ эмас. Келинг, бу пурмаъно ҳадис шарҳи билан яқиндан танишиб чиқамиз:
“Қуръон ўқийдиган мўмин утружжага ўхшайди. Унинг ҳиди ёқимли, мазаси ширин”.
Утружжа – апельсинга ўхшаган мева. Унинг ҳажми ўртача, кўриниши чиройли, ранги сариқ-қизғиш. Утружжанинг ажойиб ранги киши эътиборини тортади. Унга қараган инсон кўнглида қувонч пайдо бўлади. Қолаверса, утружжанинг хушбўй ҳиди, тотли мазаси бор. Утружжа мевалар ичида энг зўри бўлгани учун ҳам мўмин киши мана шу мевага ўхшатилмоқда. Мўминнинг қалбида имони бор, нифоқ йўқ. У Қуръон ўқийди. Қуръон ўқиши шундоқ юз-кўзидан билиниб туради. Мўминнинг ташқи кўриниши гўзал, хулқи чиройли. Асосийси ички олами – қалби гўзал. Бундан чиқди, комил мўмин бўлиш учун ҳам сиртини, ҳам ичини тўғрилаш керак. Қалбни ислоҳ қилишда, етук мўмин бўлишда Қуръоннинг аҳамияти жуда катта. Қуръон ўқийдиган мўминнинг – худди утружжа каби – таъми мазали: қалбида имон мустаҳкам ўрнашган, ҳидиям хушбўй – одамлар унинг қироатини эшитиб роҳатланадилар, ажр-савоб оладилар, Қуръон ўқишни ўрганадилар. Эътиборли жиҳати шундаки, ҳадисда “Қуръон ўқийдиган” дейиш билан Қуръонни ойда-йилда бир эмас, доим ўқиш лозимлигига ишора қилинмоқда. Зеро, комил мўмин банда Аллоҳнинг Каломини токчаларда ғариб ҳолда қолдирмайди, муттасил ўқиб-ўрганади, илоҳий таълимотларга мувофиқ яшайди.
“Қуръон ўқимайдиган мўмин эса хурмо кабидир. (Хурмо мевасининг) ҳиди йўқ, аммо мазаси ширин”. Буям ажойиб ўхшатиш. Ҳар бир бандадан талаб этиладиган асосий нарса имондир. Мўмин банда имони билан қадрли. Лекин Аллоҳга, охират кунига ишонса-ю, Парвардигори Китобини ўқимаса, унинг қадри пасаяди. Шунинг учун бўлса керак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон ўқимайдиган мўминни хурмога ўхшатяптилар. Хурмонинг мазаси жуда ширин, лекин ҳидлаб кўрсангиз, ҳиди йўқлигига амин бўласиз. Бундан чиқди, Қуръон ўқимаслик, ўқишни ўрганишга ҳаракат қилмаслик мўмин банда учун айб саналади. Афсуски, ҳозирда кўп мусулмонлар Қуръон ўқимайди, маъносини тушунмайди. Оқибатда мусулмон бўлгани учун эмас, мусулмон бўла туриб Қуръонни ўқиб-ўрганмагани учун бошига ҳар хил савдолар тушади. Бугунги кундаги кўп ташвишлар айнан диндан бехабарлигимиз сабабли келиб чиқмоқда. Бундоқ олиб қарасак, ҳаммаси ёзиб қўйилган, қайси вазиятда нима қилиш кераклиги баён этилган. Бироқ Қуръон ўқилмайди, Аллоҳнинг ҳукми ўрганилмайди. Бундай нохуш вазиятдан чиқиб кетишнинг бирдан-бир чораси – Қуръонга қайтиш, Аллоҳнинг Каломини қунт билан ўқиб-ўрганиш. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз, мўмин банда Қуръон ўқимасаям, унинг асли пок. Чунки қалбида имон бор. Қуръон ўқимагани ёки ўқий олмагани билан унинг ботини гўзал, аммо зоҳири ислоҳталаб.
“Қуръон ўқийдиган мунофиқ райҳон каби хушбўй, бироқ мазаси тахир”. Қуръон ўқийдиган мунофиқнинг райҳонга ўхшатилишига сабаб мунофиқ дилида касаллик бор, тилида мусулмонликни даъво қилади. Лекин қалбида имон йўқ, ихлос йўқ. Одамлар – Қуръон ҳурматидан – риёкор қорини иззат-икром қилишлари мумкин. Бироқ нияти холис бўлмагани учун риёкор кимса Аллоҳ наздида ҳақиқий қорилик мақомига эришолмайди: унга савоб ҳам, юқори мартаба ҳам берилмайди. Маълумки, райҳоннинг ҳиди кўпчиликка ёқади. Аммо баргини чайнаган одамнинг кўнгли беҳузур бўлади. Мунофиқ ҳам шундай. Фақат Қуръон ўқигани учун унинг ҳиди хушбўй. Эътибор беринг: бу гап қалбида нифоқ иллати бор кимса ҳақида айтиляпти. Чинакам мўмин банда Қуръон ўқиш билан қанчалик юқори даражага кўтарилишини шундан ҳам билиб олса бўлади.
“Қуръон ўқимайдиган мунофиқ эса ҳанзала янглиғ ҳидсиз, таъми аччиқдир”. Ҳанзала – таъми, ҳиди ёқимсиз ўсимлик. Меваси апельсин катталигида бўлади. Қалбида нифоқ бор, Қуръондан узоқ банда ҳанзалага ўхшайди. Унинг таъми аччиқ, устига-устак ҳиди ҳам бадбўй. Бу – тўрт тоифа ичидаги – энг паст поғона эгасидир. Мунофиқлик тамғаси бандани жуда паст даражага тушириб юборади. Агар у Қуръондан йироқ бўлса, поғонаси баттар пасайиб кетади. Мунофиққа ибодат қилиш ҳам, Қуръон ўқиш ҳам оғирлик қилади. Шу маънода Абул Жавзо: “Мунофиқ учун Қуръон ўқишдан кўра зил-замбил тошларни кўтариб юриш осонроқ”, деган.
Абу Нуайм “Ҳилятул авлиѐ”да ривоят қилган
Мунофиқда имон, ихлос бўлмагани учун ибодатни хушуъ билан бажаролмайди, Қуръонни Аллоҳ розилиги учун эмас, одамлар мақтови учун қироат қилади, бор эътиборини фақат ташқи тарафга – моддиятга қаратади. Ҳадиснинг мана шу қисмидан хулоса чиқарадиган бўлсак, аввало нифоқдан узоқ юриш, сиртдан мусулмон бўлиб кўриниб, Исломга тескари ишлардан қилишдан эҳтиёт бўлиш керак. Қолаверса, Қуръонга эътиборимизни кучайтирайлик. Зотан, мўмин-мусулмон бўла туриб Қуръон ўқимаслик маъқул эмас. Чунки Аллоҳ Қуръонни ўқиб-ўрганишимиз, Каломуллоҳ одоби ила хулқланишимиз учун нозил қилган.
«Қуръон қалблар шифоси» китоби асосида тайёрланди
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати