Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон ўқийдиган мўмин утружжага ўхшайди. Унинг ҳиди ёқимли, мазаси ширин. Қуръон ўқимайдиган мўмин эса хурмо кабидир. (Хурмо мевасининг) ҳиди йўқ, аммо мазаси ширин. Қуръон ўқийдиган мунофиқ райҳон каби хушбўй, бироқ мазаси тахир. Қуръон ўқимайдиган мунофиқ эса ҳанзала янглиғ ҳидсиз, таъми аччиқдир» деганлар.
Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Доримий, Аҳмад ривоят қилган.
Мазкур ҳадисда Қуръон тиловат қилиш, Каломуллоҳдан узоқ юриш қандай самара бериши ажойиб ўхшатиш орқали баён этилмоқда. Унда тўрт тоифа киши икки хил мева ҳамда икки хил ўсимликка ўхшатилмоқда: мўмин утружжага, хурмога, мунофиқ эса райҳонга, ҳанзалага менгзалмоқда. Бу билан мўмин банданинг шаъни нақадар улуғлиги, тилида мусулмонликни даъво қиладиган кимсанинг ҳолати нақадар ёмонлигини билиб оламиз. Қолаверса, ҳадисда Аллоҳнинг Каломи банданинг зоҳирига ҳам, ботинига ҳам таъсир қилиши таъкидланмоқда. Бандалар бу борада бир-биридан фарқ қилади. Ҳақиқий мўмин кўпроқ насибадор бўлади, кимдир озроқ. Қуръон баракасидан умуман бенасиб қоладиганлар ҳам йўқ эмас. Келинг, бу пурмаъно ҳадис шарҳи билан яқиндан танишиб чиқамиз:
“Қуръон ўқийдиган мўмин утружжага ўхшайди. Унинг ҳиди ёқимли, мазаси ширин”.
Утружжа – апельсинга ўхшаган мева. Унинг ҳажми ўртача, кўриниши чиройли, ранги сариқ-қизғиш. Утружжанинг ажойиб ранги киши эътиборини тортади. Унга қараган инсон кўнглида қувонч пайдо бўлади. Қолаверса, утружжанинг хушбўй ҳиди, тотли мазаси бор. Утружжа мевалар ичида энг зўри бўлгани учун ҳам мўмин киши мана шу мевага ўхшатилмоқда. Мўминнинг қалбида имони бор, нифоқ йўқ. У Қуръон ўқийди. Қуръон ўқиши шундоқ юз-кўзидан билиниб туради. Мўминнинг ташқи кўриниши гўзал, хулқи чиройли. Асосийси ички олами – қалби гўзал. Бундан чиқди, комил мўмин бўлиш учун ҳам сиртини, ҳам ичини тўғрилаш керак. Қалбни ислоҳ қилишда, етук мўмин бўлишда Қуръоннинг аҳамияти жуда катта. Қуръон ўқийдиган мўминнинг – худди утружжа каби – таъми мазали: қалбида имон мустаҳкам ўрнашган, ҳидиям хушбўй – одамлар унинг қироатини эшитиб роҳатланадилар, ажр-савоб оладилар, Қуръон ўқишни ўрганадилар. Эътиборли жиҳати шундаки, ҳадисда “Қуръон ўқийдиган” дейиш билан Қуръонни ойда-йилда бир эмас, доим ўқиш лозимлигига ишора қилинмоқда. Зеро, комил мўмин банда Аллоҳнинг Каломини токчаларда ғариб ҳолда қолдирмайди, муттасил ўқиб-ўрганади, илоҳий таълимотларга мувофиқ яшайди.
“Қуръон ўқимайдиган мўмин эса хурмо кабидир. (Хурмо мевасининг) ҳиди йўқ, аммо мазаси ширин”. Буям ажойиб ўхшатиш. Ҳар бир бандадан талаб этиладиган асосий нарса имондир. Мўмин банда имони билан қадрли. Лекин Аллоҳга, охират кунига ишонса-ю, Парвардигори Китобини ўқимаса, унинг қадри пасаяди. Шунинг учун бўлса керак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон ўқимайдиган мўминни хурмога ўхшатяптилар. Хурмонинг мазаси жуда ширин, лекин ҳидлаб кўрсангиз, ҳиди йўқлигига амин бўласиз. Бундан чиқди, Қуръон ўқимаслик, ўқишни ўрганишга ҳаракат қилмаслик мўмин банда учун айб саналади. Афсуски, ҳозирда кўп мусулмонлар Қуръон ўқимайди, маъносини тушунмайди. Оқибатда мусулмон бўлгани учун эмас, мусулмон бўла туриб Қуръонни ўқиб-ўрганмагани учун бошига ҳар хил савдолар тушади. Бугунги кундаги кўп ташвишлар айнан диндан бехабарлигимиз сабабли келиб чиқмоқда. Бундоқ олиб қарасак, ҳаммаси ёзиб қўйилган, қайси вазиятда нима қилиш кераклиги баён этилган. Бироқ Қуръон ўқилмайди, Аллоҳнинг ҳукми ўрганилмайди. Бундай нохуш вазиятдан чиқиб кетишнинг бирдан-бир чораси – Қуръонга қайтиш, Аллоҳнинг Каломини қунт билан ўқиб-ўрганиш. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз, мўмин банда Қуръон ўқимасаям, унинг асли пок. Чунки қалбида имон бор. Қуръон ўқимагани ёки ўқий олмагани билан унинг ботини гўзал, аммо зоҳири ислоҳталаб.
“Қуръон ўқийдиган мунофиқ райҳон каби хушбўй, бироқ мазаси тахир”. Қуръон ўқийдиган мунофиқнинг райҳонга ўхшатилишига сабаб мунофиқ дилида касаллик бор, тилида мусулмонликни даъво қилади. Лекин қалбида имон йўқ, ихлос йўқ. Одамлар – Қуръон ҳурматидан – риёкор қорини иззат-икром қилишлари мумкин. Бироқ нияти холис бўлмагани учун риёкор кимса Аллоҳ наздида ҳақиқий қорилик мақомига эришолмайди: унга савоб ҳам, юқори мартаба ҳам берилмайди. Маълумки, райҳоннинг ҳиди кўпчиликка ёқади. Аммо баргини чайнаган одамнинг кўнгли беҳузур бўлади. Мунофиқ ҳам шундай. Фақат Қуръон ўқигани учун унинг ҳиди хушбўй. Эътибор беринг: бу гап қалбида нифоқ иллати бор кимса ҳақида айтиляпти. Чинакам мўмин банда Қуръон ўқиш билан қанчалик юқори даражага кўтарилишини шундан ҳам билиб олса бўлади.
“Қуръон ўқимайдиган мунофиқ эса ҳанзала янглиғ ҳидсиз, таъми аччиқдир”. Ҳанзала – таъми, ҳиди ёқимсиз ўсимлик. Меваси апельсин катталигида бўлади. Қалбида нифоқ бор, Қуръондан узоқ банда ҳанзалага ўхшайди. Унинг таъми аччиқ, устига-устак ҳиди ҳам бадбўй. Бу – тўрт тоифа ичидаги – энг паст поғона эгасидир. Мунофиқлик тамғаси бандани жуда паст даражага тушириб юборади. Агар у Қуръондан йироқ бўлса, поғонаси баттар пасайиб кетади. Мунофиққа ибодат қилиш ҳам, Қуръон ўқиш ҳам оғирлик қилади. Шу маънода Абул Жавзо: “Мунофиқ учун Қуръон ўқишдан кўра зил-замбил тошларни кўтариб юриш осонроқ”, деган.
Абу Нуайм “Ҳилятул авлиѐ”да ривоят қилган
Мунофиқда имон, ихлос бўлмагани учун ибодатни хушуъ билан бажаролмайди, Қуръонни Аллоҳ розилиги учун эмас, одамлар мақтови учун қироат қилади, бор эътиборини фақат ташқи тарафга – моддиятга қаратади. Ҳадиснинг мана шу қисмидан хулоса чиқарадиган бўлсак, аввало нифоқдан узоқ юриш, сиртдан мусулмон бўлиб кўриниб, Исломга тескари ишлардан қилишдан эҳтиёт бўлиш керак. Қолаверса, Қуръонга эътиборимизни кучайтирайлик. Зотан, мўмин-мусулмон бўла туриб Қуръон ўқимаслик маъқул эмас. Чунки Аллоҳ Қуръонни ўқиб-ўрганишимиз, Каломуллоҳ одоби ила хулқланишимиз учун нозил қилган.
«Қуръон қалблар шифоси» китоби асосида тайёрланди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Болалар орасида адолат қилиш ҳам ота‑онанинг вазифаси ва болаларнинг ҳаққидир.
Ислом адолат динидир. У доимо барча нарсада, барча ерда, барча учун адолат бўлишининг тарафдоридир. Айниқса, ёш болалар учун. Шунинг учун ҳам ота‑оналардан болалари орасида адолатли бўлишлари талаб қилинган. Бу болаларнинг тарбиясига ҳам, шахсиятига ҳам катта таъсир кўрсатади.
عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: انْطَلَقَ بِي أَبِي يَحْمِلُنِي إِلَى رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم ، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، اشْهَدْ أَنِّي قَدْ نَحَلْتُ النُّعْمَانَ كَذَا وَكَذَا مِنْ مَالِي، فَقَالَ: أَكُلَّ بَنِيكَ قَدْ نَحَلْتَ مِثْلَ هَذَا؟ قَالَ: لَا، قَالَ: فَأَشْهِدْ عَلَى هَذَا غَيْرِي، ثُمَّ قَالَ: أَيَسُرُّكَ أَنْ يَكُونُوا إِلَيْكَ فِي الْبِرِّ سَوَاءً؟ قَالَ: بَلَى، قَالَ: فَلَا إِذًا. وَفِي رِوَايَةٍ: اتَّقُوا اللهَ وَاعْدِلُوا فِي أَوْلَادِكُمْ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Отам мени кўтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордилар ва:
«Аллоҳнинг Расули, гувоҳ бўлинг, мен Нуъмонга ўз молимдан буни, буни бердим», деди.
«Ҳамма ўғилларингга шунга ўхшаш бердингми?» дедилар у зот.
«Йўқ», деди.
«Бунга мендан бошқани гувоҳ қил, – дедилар ва сўнгра: – Уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилиши сени хурсанд қиладими?» дедилар.
«Ҳа», деди.
«Ундай бўлса, йўқ!» дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар», дейилган.
Бешовлари ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадисга биноан, мусулмон инсон молиявий масалаларда ўз фарзандларининг барчасини баробар кўриши керак бўлади. Агар тенг имкониятли фарзандларнинг бирига мол бериб, бошқасига бермаса ёки бирига оз, иккинчисига кўп берса, адолатсизлик бўлади. Болалари орасида ҳиқду ҳасад, фитна кучаяди.
Агар шаръий сабаб бўлса, ота‑она ўз болаларидан бирига кўпроқ, бошқасига озроқ мол берса, бўлади.
Мисол учун, бири бемор, иккинчиси соғ, бири камбағал, иккинчиси бой, бирининг болалари кўп, иккинчисиники оз.
عَنْ إِبْرَاهِيمَ قَالَ: كَانُوا يَسْتَحِبُّونَ أَنْ يَعْدِلُوا بَيْنَ أَوْلَادِهِمْ حَتَّى فِي الْقُبْلَةِ. رَوَاهُ حُسَيْنٌ الْمَرْوَزِيُّ.
Иброҳимдан ривоят қилинади:
«Одамлар болалари орасида, ҳатто ўпишда бўлса ҳам, адолат қилишни яхши кўрар эдилар».
Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.
Ўтган солиҳлар ҳатто болаларини ўпишда ҳам бир хил ўпишга ҳаракат қилишар эди. Адолатсизлик бўлиб қолмасин, биттасини кўпроқ ёки яхшироқ ўпиб қўйиб, иккинчисининг кўнгли синмасин, деган маънода ота‑оналар болаларига ниҳоятда эътиёткорлик билан муомала қилар эдилар.
Саҳобалар ва тобеъинларнинг одатлари шундай бўлган экан. Болаларга нисбатан адолатли, ҳаммаларига бир хил муносабатда бўлиш, ҳаммаларини бир хил кўриш зарурлигини яхши англаган мусулмонларнинг дастлабки авлодлари, ҳаттоки, болаларини ўпишда ҳам адолат бўлиши учун ҳаракат қилишар экан.
عَنِ الْحَسَنِ قَالَ: كَانَ رَجُلٌ عِنْدَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم فَجَاءَ ابْنٌ لَهُ فَأَقْعَدَهُ عَلَى فَخِذِهِ الْيُمْنَى، ثُمَّ جَاءَ ابْنٌ لَهُ آخَرُ أَوْ ابْنَةٌ لَهُ، فَأَقْعَدَهُ عَلَى الْأَرْضِ، فَقَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: لَوْ كُنْتَ سَوَّيْتَ بَيْنَهُمَا. فَأَقْعَدَهُ عَلَى فَخِذِهِ. رَوَاهُ حُسَيْنٌ الْمَرْوَزِيُّ.
Ҳасандан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтирган эди. Унинг бир ўғли келди ва у уни ўнг сонига ўтирғизди. Кейин бошқа ўғли ёки қизи келди, уни ерга ўтирғизди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икковига тенг муомала қилганингда эди», – дедилар.
У унисини ҳам сонига ўтирғизди».
Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.
Болаларнинг муомаласидаги адолат қанчалик бўлиши кераклиги ушбу ривоятда очиқ кўриниб турибди.
Болаларидан бирини қучоғига олиб, бошқасини ерга ўтқазиш адолат бузилганининг аломати эканидан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам отага насиҳат қилдилар. Саҳобий розияллоҳу анҳу дарҳол ана шу амрни бажо келтириб, иккинчи болани ҳам қучоғига олди.
Мана бу ҳақиқатларни ҳам жуда яхши англаб олишимиз керак. Болаларимизга қиладиган катта-кичик муомалаларимизда адолатли бўлишимиз, ҳаттоки, уларни ўпиш ёки қучоғимизга олишда ҳам бу ҳақиқатни унутмаслигимиз лозим.
عَنِ الْحَسَنِ قَالَ: بَيْنَمَا النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم جَالِسٌ إِذْ جَاءَ صَبِيٌّ حَتَّى انْتَهَى إِلَى أَبِيهِ فِي نَاحِيَةِ الْقَوْمِ فَمَسَحَ بِرَأْسِهِ وَأَقْعَدَهُ عَلَى فَخِذِهِ الْيُمْنَى، فَلَبِثَ سَاعَةً ثُمَّ جَاءَتْ ابْنَةٌ لَهُ حَتَّى انْتَهَتْ إِلَيْهِ فَمَسَحَ بِرَأْسِهَا وَأَقْعَدَهَا بِالْأَرْضِ، فَقَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: فَهَلَّا عَلَى فَخِذِكَ الْأُخْرَى. فَأَقْعَدَهَا عَلَى فَخِذِهِ الْأُخْرَى، فَقَالَ: الْآنَ. رَوَاهُ حُسَيْنٌ الْمَرْوَزِيُّ.
Ҳасандан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган эдилар. Бир болача келди ва қавмнинг бир чеккасида ўтирган отасининг олдига борди. Ота унинг бошини силади ва ўнг сонига ўтирғизди. Бир муддат ўтди ва унинг қизчаси келиб, олдига борди. У унинг бошини силаб, ерга ўтирғизди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни нариги сонингга ўтқазганингда эди», дедилар.
Бас, у қизни бошқа сонига ўтирғизди. Ул зот:
«Энди яхши бўлди», – дедилар».
Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.
Бу ҳадис аввалги ривоятнинг бир оз кенгроқ баёни экан. Бу ерда ота ўз ҳузурига келган иккала фарзандининг ҳам бошини силагани ҳақида сўз кетмоқда, яъни иккисига бир хил меҳр кўрсатган. Фақат уларни ўтқазишда орада фарқ содир бўлган. Ана ўша нарса ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эътиборларидан четда қолмаган.
«Бахтиёр оила» китобидан