Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, улар (Мадина халқи)нинг хурсандчилик қиладиган икки куни бор эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дарҳақиқат, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сизларга бу иккисидан яхшироғини алиштириб берди: Фитр (Рамазон ҳайити) ва Азҳо (Қурбон ҳайити) кунига” дедилар.
Мазҳаблар ҳайит намозининг вожиб ёки суннат эканлиги борасида ихтилоф қилишган. “Жомеъус-соғир” китобида зикр қилинишига кўра – суннатдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки байрам (Ҳайит ва жума) бир кунда жамланадиган бўлса, улардан биринчиси суннатдир, деганлар.
Имом Ҳасан (ибн Зиёд) раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоят қиладилар: “Ҳайит намози Жума намози унга вожиб бўлган кишига вожибдир”.
(Шамсул-аимма Сарахсий роҳимаҳуллоҳ “Мабсут” (13\71)да зикр қилганлар. Имом Кархий раҳимаҳуллоҳ бу гапни қўллаб-қувватлаганлар).
Ҳайит намозининг вожиблиги ва жоизлигининг шартларига келсак, Жума намозининг вожиблиги ва жоизлигининг барча шартлари икки ҳайит намозининг вожиб бўлиши ва жоизлигига шартдир: хутбадан бошқа, имом, шаҳар, жамоат ва вақт. Хутба намоздан кейин суннатдир. Уни тарк қилинса ҳам намоз дуруст бўлади.
Жума намози ҳақидаги бобда зикр қилинганидек, имом бизнинг мазҳабда шартдир. Шунингдек, шаҳар ҳам. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Жума, ташриқ, фитр ва азҳо фақатгина жоме бўлган шаҳардагина бўлади”.
Бу ерда фитр ва азҳонинг айни ўзини (садақа ва қурбонликни) назарда тутмадилар, зеро бу нарсалар ҳар жойда, ҳар маконда бўлаверади. Бу ерда у киши икки ҳайит намозини назарда тутдилар. Чунки, бу нарса аввал фақатгина шаҳарларда бўлганлиги қўлма-қўл бўлиб собит бўлган. Уни икки ўринда адо қилса бўлади, жума бобида бу зикр қилинган.
Жамоат ҳам шартдир: чунки, бу намоз фақатгина жамоат билан адо қилинган. Вақт ҳам шартдир: чунки бу намоз махсус вақтдагина адо қилинади. Шунингдек, эркаклик, ақлли бўлиш, балоғатга етган бўлиш, озод бўлиш, тананинг саломат бўлиши ва муқим бўлишлик шарт қилинади. Булар вожиб бўлиш шартларидир, худди жума намози учун шарт бўлганидек. Аёлларга, ёш болаларга, жинниларга, хўжайининиг изнисиз қулга, сурункали ва ётиб қолган касалларга ва мусофирларга вожиб бўлмайди. Бу зикр қилганларимиз жума намози борасида ҳам уларга тааллуқлидир. Бу узрлар фарзни (жума намозини) соқит қила олаётган экан, вожиб (ҳайит) намозини соқит қилиши авлороқдир”
(Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ “Бадоеъус-саноеъ фий тартибиш-шароеъ” (3\85)да зикр қилганлар).
Ҳайит намозининг жума намозига бўлган муносабати шундаки, у иккиси ҳам ёруғ пайти катта жамоат билан адо қилинади ва қироатни жаҳрий қилади. Хутбадан бошқа, бирига шарт қилингани бошқасига ҳам шарт қилинади. Таклиф борасида ҳам бир-бирига мувофиқдир. Жума кимга вожиб бўлса, ҳайит ҳам шунга вожиб бўлади. Жума ҳайитдан фарз эканлиги ва кўпроқ адо қилинганлиги сабабидан муқаддам зикр қилинди.
Айтадилар: ҳайит намози мусофирга, қулга, касалга жумада бўлганидек, вожиб бўлмайди. Жума бобида бу борада зикр қилинганидек.
(Акмалуддин Бобартий раҳимаҳуллоҳ “Ал-иноя шарҳул-ҳидоя” (2\419)да зикр қилганлар).
Ҳайит намозининг жума намозига бўлган муносабати шундаки, у иккиси ҳам катта жамоат билан адо қилинади ва унда жаҳрий тиловат қилинади. Бирига бўлган шарт иккинчисига ҳам шарт ҳисобланади. Фақатгина хутба бундан мустасно. Жума кимга вожиб бўлса, ҳайит намози ҳам унга вожиб бўлади. Жума ҳайитдан фарз эканлиги ва кўпроқ адо қилинганлиги сабабидан муқаддам зикр қилинди. Ҳайит намози жума кимга вожиб бўлмаса, унга ҳам вожиб бўлмайди. Бундан мустасно фақатгина хўжайинидан изн олган қулдир.
(Абу Бакр ал-Яманий ал-Ҳананфий раҳимаҳуллоҳ “Ал-жавҳаратун-наййиро шарҳу Мухтасарул-Қудурий” (1\289)да зикр қиладилар. Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул мухтор” (6\138)да ушбу китобдан иқтибос келтирадилар).
Юқорида айтилган сўзлардан хулоса қилиб шуни айта оламизки, жума намозига ҳам ийд намозларига ҳам жамоат шарт қилинган. Бугунги карантин шароитида жамоат ташкил қилиш мутлоқ манъ қилинган ишлардандир. Шунга кўра, ушбу узрли ҳолат фарзни (жума намозини) соқит қила олаётган экан, вожиб (ҳайит) намозини соқит қилиши авлороқдир.
Хайруллоҳ домла Саттаров,
Самарқанд вилояти бош имом-хатиб ўринбосари.
Май ойида саратон ҳаётимизга рухсатсиз кириб келди...
У отамнинг кўкрагида бошланди. Аллоҳ у кишини раҳматига олсин. Кейин касаллик суякларига ҳам тарқалди.
Майдан декабргача бўлган олти ой давомида ҳаётим бутунлай ўзгарди. Доимий текширувлар, шифокор қабули, касалхоналар, энг яхши мутахассисларни излаш ва турли дори-дармонлар...
Бу олти ой давомида бутун ҳаётим отамга ғамхўрлик қилиш атрофида айланди.
Мен отамнинг аста-секин кучсизланиб бораётганини кўрдим. Аввалига ҳасса билан юрарди. Кейин юриш мосламаси билан. Сўнгра ногиронлар аравачасига ўтирди. Охири эса тўшакка михланиб қолди.
Куч-қувват тимсоли бўлган отангизни шу аҳволда кўриш инсон учун энг оғир синовлардан бири экан.
Шу қийин кунларнинг бирида касалхонада мени ҳайратга солган воқеа юз берди.
Мен отамнинг олдига ҳар куни борардим. Баъзан ишдан кейин, гоҳида эса уйдан тўғри касалхонага келардим. Шунинг учун кийимларим ҳам ҳар хил бўларди: расмий ҳам, оддий ҳам.
Бир куни шиппакда бордим. Отам билан бироз ўтирдик. Кейин у киши қаҳва сўради. Мен ошхонага тушдим.
Навбатда турганимда орқамдаги бир йигит мени бошдан-оёқ кузатиб турди. Кейин:
— Сиз телевизорда чиқадиган одаммисиз? деб сўради.
— Баъзан, дедим.
У эса:
— Ростини айтсам, сиз ҳақингиздаги фикрим ўзгариб кетди. Мен сизни бошқачароқ тасаввур қилардим, — деди.
— Нега? — дедим.
— Касалхонага шиппак кийиб келибсиз-ку, — деди.
Ўша пайтда руҳий ҳолатим жуда оғир эди. Бир неча ойлик ташвишлардан чарчаган эдим.
Мен унга:
— Отам саратон билан курашяпти. Сиз эса менга пойабзал ҳақида гапиряпсизми? — дедим.
Ичимда ғазаб қайнарди. Кейин ўзимни босиб:
— Биродар, ҳар бир гапнинг ўз вақти ва жойи бўлади. Айниқса касалхонада. Бу ердаги ҳар бир инсоннинг ўз дарди бор, — дедим.
Воқеа тугади. Аммо менинг ичимда тугамади.
Қаҳвани олиб, отамнинг олдига қайтдим. Отам менинг асабийлигимни дарров сезди.
Ҳаммасини айтиб бердим.
Отам сўзларимни хотиржам тинглади ва бундай деди:
— Агар сен нотўғри иш қилмаганингга ишончинг комил бўлса, нега бир бегона одамнинг гапи сенинг руҳиятингга таъсир қилиши керак?
Мен:
— Лекин унинг гаплари мени қаттиқ ранжитди, — дедим.
Отам бироз сукут сақлаб:
— Нега унинг сен ҳақингдаги фикри сен учун шунчалик муҳим? Сен руҳиятингнинг калитини унинг қўлига топшириб қўйдинг. Одамларга руҳиятингнинг калитини берма. Агар берсанг, улар сени хоҳлаганича бошқаради, дедилар.
Сўнг қўшимча қилди:
— Энг муҳими, сен ўзингдан мамнун бўл.
Руҳиятингнинг калитини ўзингда сақла. Уни ҳеч кимга берма.
Биз қаҳвамизни ичишда давом этдик.
Мен унга:
— Қани энди мен ҳам сиздек хотиржам бўлишни ўргансам, — дедим.
У киши жилмайиб:
— Иншааллоҳ, ўғлим. Агар хоҳласанг, албатта ўрганасан, — дедилар.
Бутун бу ҳикоянинг хулосаси битта:
“Руҳиятингиз — уйингиздир. Унинг калитини ҳеч қачон бошқаларга берманг”.
Отам вафот этганларидан кейин яна бир ҳақиқатни англадим:
Бу дунёда ота ўрнини босадиган ҳеч нарса йўқ.
У ҳақда қанча шеър ёзманг, қанча сўз айтманг, барибир кам.
Отангиз тирик экан, уни қадрланг. Дуосини олинг. Чунки қабр устида тўкилган кўз ёшлар энди ҳеч нарсани ўзгартирмайди.
Даврон НУРМУҲАММАД