Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Апрел, 2026   |   27 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:19
Қуёш
05:42
Пешин
12:28
Аср
17:06
Шом
19:08
Хуфтон
20:25
Bismillah
16 Апрел, 2026, 27 Шаввол, 1447

Бисмиллаҳ...

27.07.2020   5311   10 min.
Бисмиллаҳ...

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм». Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг номи билан бошлайман.

Мусулмон одам деярли ҳар бир иш олдидан шу сўзларни пичирлайди. Бошқачароқ қилиб айтганда, у ҳар бир ишни Аллоҳнинг номи билан бошлайди. Бир қараганингизда, бу иш сал ғалатироқ туюлиши мумкин. Ҳар бир ишга Аллоҳни аралаштиравериш шартмикан. Бошқа тарафдан қараганингизда эса... Келинг, яхшиси бу ишга ўша «бошқа тараф»дан бир қараб кўрайлик.

Коинотдаги инсон ақли сиғдира олиши мумкин бўлган ҳар бир мавжудот, шу жумладан коинотнинг ўзи ҳам (инсон ақли доирасидаги қисми, албатта) замон ва макондан иборатдир. Шундай деймиз-у, лекин замон ва маконнинг нималигини билмаймиз. Унинг моҳиятини билиш инсонга ато этилмаган. Зеро, инсонга ўз инсоний бурчини адо қилиши учун бу билимнинг кераги йўқ.

Ҳикматидин воқиф эрмастур киши Бўлмади бу иш кишининг чун иши.

(Алишер Навоий)

Бир мулоҳаза юритиб кўринг. Миллиард йилга нисбатан бир сонияни қиёслаш мумкин, аммо абадийлик ва азалийликка нисбатан инсон умрини таққослаб бўлмайди. Чунки сониялар йиғиндиси миллиард йилларни ташкил қилар, аммо инсонга ато этилган 50-100 йилларнинг ҳар қанча миллиард-миллиардларини қўшиб чиқинг, абадийлик ва азалийлик ҳосил бўлмайди. Демак, абадийлик қаршисидаги инсон умри миллиард йил қаршисидаги бир сонияга нисбатан ҳам ақл бовар қилмас даражада оз экан. Ҳа, замоннинг моҳиятини бизнинг ақлимиз кўтаролмайди. Биз замоннинг на у чегарасини ва на бу чегарасини аниқлай оламиз. Аввалию охири йўқ вақтни, таъбир жоиз бўлса, энг катта вақтни тасаввур қила олмаслигимиз қанчалик аниқ бўлса, энг кичик вақтни тасаввур қила олмаслигимиз ҳам шунчалик аниқ. Бизнинг тасаввуримизда энг кичик вақт сониядир. Аслида эса, эҳтимол шу сониянинг миллиарддан бирида қайсидир махлуқотнинг бутун бошли бир авлоди яшаб ўтар, у ёғини билолмаймиз...

Макон хусусида ҳам айнан шундай мулоҳазаларга бериламиз. Улкан бир тоғ, тоғ эмас, инсон англай оладиган коинотга нисбатан бир қум заррасини таққослаш мумкин, аммо олти тарафи йўқ — чексиз маконга нисбатан одам гавдасини менгзаб бўлмайди. Чунки қум зарралари йиғилиб улкан тоғни ёки макон эътибори билан бутун борлиқни ташкил қилиши мумкин, аммо инсон гавдаси микдоридаги маконнинг ҳар қанчасини йиғиб чиқинг, чексиз мутлақ макон ҳосил бўлмайди. Бизнинг онгимиз олти тарафи йўқ чексиз маконни, таъбир жоиз бўлса, энг катта маконни англай олиши қанчалар муҳол бўлса, энг кичик маконни англаши ҳам шунчалар муҳолдир. Инсон кашф қилган энг кичик зарра эҳтимол яна миллиард-миллиард зарраларга бўлинар, у ёғини билолмаймиз.

Хуллас, замон ва макон қаршисида инсон ҳеч нарса! Не-не улуғ мутафаккирлар, файласуфлар бу ҳақиқатни бежизга аччиқ алам билан қайд қилиб ўтмаганлар. Фаранг файласуфи Блез Паскалга қулоқ беринг:

«Менгача бўлган ва мендан кейин ҳам мавжуд мангуликка чўмган тириклигимнинг ўткинчилиги, мен кўрмаган ва мендан бехабар чексиз маконлар олдида мен эгаллаган ва кўриб турган маконнинг майдалигини ўйлаганимда, қўрқувдан даҳшатга тушаман ва сўроқлай бошлайман: нега мен бошқа жойда эмас, айнан шу жойдаман, ахир у ерда эмас, бу ерда бўлишимга, аввал ёки кейин эмас, ҳозир яшаётганимга, бирор-бир сабаб йўқ. Кимнинг буйруғи, кимнинг иродаси менга шу замонни ва шу ерни раво кўрди?»

«Бу кенгликларнинг абадий жимлиги мени хавотирга солади».

«Қанча салтанатлар менинг борлигимни ҳатто хаёлига ҳам келтирмайди!»

«Нега менинг билимим чегараланган? Нега бўйим паст? Умрим нега юз йил, нега минг йил эмас? Нега табиат айнан шунча вақт берди, ахир истаганча бериши мумкин эди, айнан шунча беришга бирон-бир асоси йўқ эди?»

«...макон ва замон олдида биз ҳеч нарсамиз!»

Умар Ҳайём айтади:

Эй онгсиз, билмайсан, бу олам ҳечдир, Негизинг шамолдир, бир тутам ҳечдир. Икки йўқлик аро қолмиш борлигинг, Атрофинг йўқлигу ўрта ҳам ҳечдир.

Ибн Сино айтади:

Кераклигим билсам, яшасам шодон,

Бўлмаса, юз кўздан ёш тўксам нолон.

Энди Мопассан қаҳрамонларидан бирининг фарёдини эшитинг:

«Нимага суянса бўлади? Кимга ҳасратларингни ёзсанг бўлади? Нимага ишонсак бўлади?..»

«...Ёлғиз ўлим ҳақ».

«Нега биз бунчалар азоб чекиб яшаймиз? Бу эҳтимол шунинг учундирки, биз оламга руҳимиз эҳтиёжларини қондиргали эмас, танимизнинг талабларини бажо этгали келамиз. Бироқ биз тафаккур қобилиятига эгамиз ва бизнинг тобора камол топиб борадиган онгимиз тирикликнинг турган-битгани рўё эканлиги билан сира чиқиша олмайди».

Табиийки, бу ҳақиқатни англаш инсонлик даражасига кўтарила олган одамларгагина насиб этади. Фақат тирикчилик қорин ғамидагина юрган ожизлар эса, бу неъматдан бенасибдирлар. Яна бир фаранг файласуфи Франсуа де Ларошфуко шундай деган эди: «Фалсафа ўтмиш ва келажак кулфатлари устидан тантана қилади, лекин бугуннинг қайғуси фалсафанинг устидан тантана қилади». Менга қолса, бу гапни бошқачароқ қилиб айтган бўлардим. Фикрлаш қобилиятига эга бўлган онгли одамлар замон ва макон қаршисида ўзларининг ҳеч нарса эмаслигини, ўтмиш ва келажак муаммолари олдида уларнинг кундалик ташвишлари ўта арзимас, майда ишлигини англайдилар, бинобарин, уларга моддий етишмовчиликлар таъсир қила олмайди. Бурнининг остидан нарини кўрмайдиган, яхши еб, яхши кийиб, яхши юриш учунгина яшайдиганлар эса, бугуннинг қайғуси аталмиш гирдобга ғарқ бўладилар ва шу гирдобга ўралаша-ўралаша ўлиб кетадилар. Демоқчиманки, бугуннинг қайғуси зоҳирда фалсафа устидан тантана қилгандек кўринса-да, аслида, моҳиятда асло ундай эмас...

Модомики. бу ҳақиқатни англаш инсонни қийналишга, изтироб чекишга олиб борар экан, у ҳолда уни англамасликнинг ўзи бир бахт эмасми? Бўлиши мумкин. Фақат, уни инсоний бахт дейилмайди. Лўндагина, қўполгина қилиб айтганда, уни ҳайвоний бахт дейилади. Ҳолбуки, инсон учун ҳайвонликни қабул қилишдан кўра мудҳишроқ бахтсизлик йўқ. «Одми одамларга қаранг: улар бошларига бир бахтсизлик тушмагунча ўз тақдирларидан ғоятда мамнун яшайдилар, улар дунёнинг ғамини чекиб ўтирмайдилар. Махлуқотлар ҳам шундай қайғуни билмайдилар» (Мопассаннинг «Азизим» романидан).

Ундан ташқари бу изтироб инсонни изланишга ундайди. «Нега менинг билимим чегараланган? Нега бўйим паст? Умрим нега юз йил, нега минг йил эмас? Нега мен бошқа жойда эмас, айнан шу жойдаман... Кимнинг буйруғи, кимнинг иродаси менга шу замонни ва шу ерни раво кўрди?» (Блез Паскаль).

Изланиш эса, ўз навбатида, ҳақиқатни топишга олиб боради. «Тушунаман, мен будунёда бўлмаслигим ҳам мумкин эди; мендаги «мен» фикрлай олишимда, аммо агар онамни мени туғишдан олдин ўлдиришганда, фикрловчи мен дунёга келмас ҳам эдим. Демак, мен мангу ва чексиз бўлмаганим каби, ўзи дунёда унчалик шарт ҳам эмас эканман. Аммо ҳамма нарса менга табиатда зарур, мангу ва чексиз нимадир борлигидан дарак беради» (Блез Паскаль).

Ҳа, ўзининг мангулик ва чексизлик қаршисида ҳеч нарса эмаслигини англаш одамни ана шу зарур, мангу ва чексиз зотни излашга ундайди. Зеро, «Ким ўзини таниса, Парвардигорини танийди» (Ҳадис). Аслида ҳаётнинг моҳияти ҳам шу — Яратувчини излаб топиш ва Унинг олдидаги бурчни адо этиш.

«Мен инсу жинни фақат менга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт, 56).

Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар, деганларидек, айниқса, бу борада устозсиз қуруқ ақлнинг ўзи билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Чунки инсонга ҳақиқатни бевосита ўзи топиб олиш даражасида илм берилмаган.

«Сизларга илмдан фақат озгинасигина берилган» (Исро, 85).

Шунинг учун ҳам меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ устозлар — Пайғамбарлар юбориб бизга тўғри йўлни кўрсатди. Инсон билими ана шу устознинг сохта ёки ҳақиқийлигини ажратиб олишгагина етади, холос...

Алалхусус, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», дер экан, мусулмон киши ўзининг ҳеч нарса эмаслигини, шунинг учун ҳам зарур, мангу ва чексиз Зотга шу сўзлар орқали таянаётганини ич-ичидан ҳис қилади. У шу Зотнинг ёрдамисиз бир гугурт донасини ҳам кўтара олмаслигини биладида, каттаю кичик ҳар бир ишда Унга таянади.

«Аллоҳ номи билан». Аллоҳ аввалдир, охирдир, зоҳирдир, ботиндир, ҳар бир ишни билгувчидир. Шундай Зотга таяниш одамни ўзининг ҳеч нарса эмаслигини ўйлаб, изтироб чекишидан халос этади. Зеро, у чексизлик билан туташади.

«Роҳманир роҳийм» (меҳрибон ва раҳмли) сўзлари эса, бу алоқани янада мустаҳкамлайди. Чунки буюк Аллоҳ аслида инсонга меҳрибон ва раҳмли. Тўғри, Аллоҳнинг Қаҳҳор, Жаббор каби исмлари ҳам бор. Аммо улар инсон ҳаддини билмасдан, исён кўчасига кирганидан кейингина қўлланилади.

Банданинг дуосидан Аллоҳнинг қанчалар хурсанд бўлиши хусусидаги ҳадисни бир эсланг!

«Биз унга ўқтомиридан ҳам яқинроқмиз» (Қоф, 16), ояти хусусида бир озгина тааммул қилинг! Ё Аллоҳ, шу қадар зарур, мангу, чексиз, улуғ, буюк Зот биздек арзимас, фақир, ҳақир бандаларга шунчалар меҳрибон бўлса-я! Бахтнинг бундан ҳам юқори пиллапояси бормикин?! Бир мамлакатнинг подшоҳи билан яқинлик қилишнинг ўзи инсонга қанчалар сурур бағишлайди-ю, бутун коинотнинг эгаси билан бевосита, ҳеч қандай тўсиқсиз, алоқачисиз туташиш, муаммоларни Унга айтиш, уларга ечимлар сўраш, Ундан мадад кутиш одамни қувонтирмайдими?!

«Бисмиллаҳ» хусусидаги гаплар бир неча жилдлик асар бўлса, биз унинг «бисмилло»сини ҳам ҳали айтиб бўлганимиз йўқ, албатта. 

ЎМИ матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Энг кўп салавот айтганлар

14.04.2026   4449   5 min.
Энг кўп салавот айтганлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Мўмин киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлишни, У зотга яқинлаштирувчи амалларни бажаришни кўзлаб яшайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Аҳзоб сураси, 56-оятида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қурбат ҳосил қилишнинг бош омили дея салавот ва салом йўллаш эканини айтиб ўтган:

 

إِنَّ ٱللَّهَ وَمَلَـٰۤىِٕكَتَهُۥ یُصَلُّونَ عَلَى ٱلنَّبِیِّۚ یَـٰۤأَیُّهَا ٱلَّذِینَ ءَامَنُوا۟ صَلُّوا۟ عَلَیۡهِ وَسَلِّمُوا۟ تَسۡلِیمًا

“Албатта Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг!”.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ алайҳи васаллам: “Менга жума куни ва жума кечаси салавот айтишни кўпайтиринглар. Ким менга бир салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот айтади, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Набий алайҳи васалламга салавот айтиш Қуръон орқали ҳам, ҳадислар билан ҳам буюрилган амалдир. Набий ссллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло, фаришталар ва пайғамбарлар ҳам салавот айтишади. Биз мўминлар ҳам салавот айтишга буюрилганмиз. Бу, нафақат Аллоҳ олдидаги бандалик вазифамиз, балки икки олам саодатини кўрсатган икки олам Сарвари олдидаги умматлик ташаккуримиздир!

Яъни, салавот тилимиз осон айтадиган, енгил қараладиган оддий калима эмас, аксинча, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга миннатдорчилик билдиришимиз, раҳмат айтишимиз ҳамда Аллоҳ ҳузурида янада даражалари кўтарилишини сўраб берган дуоимиздир.

Салавот сўзи – дуо, раҳмат, улуғлаш ва мақташ маъноларини англатади.

Салавот кимдан ҳосил бўлишига кўра турли маъноларни ифода этади. Салавот Аллоҳ таолодан бўлса раҳмат, фаришталардан бўлса истиғфор, инсонлардан эса дуо ва улуғлашдир. Демак, биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаққиларига салавот ила дуо қилган, шаъни обрўларини янада улуғлаган бўламиз. Салавотни кўпайтирган сари, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашиб борамиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш махсус вақт, кун ёки маконга хосланмайди. Бироқ, қуйидаги ҳолатларда салавот айтишга янада диққатли бўлиш талаб қилинади:

Дуонинг аввалида, ўртасида ва охирида;
Масжидга кираётганда ва чиқаётганда;
Мусулмон биродарлари билан кўришганда;
Бир мажлис ва йиғилишга тўпланганда;
Хайрли сўзларни гапиришдан аввал;
Эрталаб ва кеч кирганда;
Уйқуга кетишдан аввал ва уйғонганда;
Қулоққа ғувуллаган овоз эшитилганда;
Бирор нарсани унутиб қўйганда;
Ғам, қайғу қийинчилик вақтида.

Бундан бошқа ўринларда ҳам салавот зикр сифатида айтилаверади. Кўп салавот айтишнинг фойдаси улкан бўлиб, фойдаларнинг энг улуғи қиёмат куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан яқин бўлиш ва у зотнинг шафоатларига эришишдир.

Ибн Масуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни менга энг яқин одамлар менга кўп салавот айтганларидир, деганлар.

Шунингдек, салавот айтиш нифоқдан пок бўлиш ва дўзахдан нажот топишга сабаб бўладиган улуғ амалдир. Ва яна дунё-ю охиратда ҳожатлар равон бўлишининг сабаби ҳамдир.

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга ҳар куни 100 марта салавот айтса, Аллоҳ таоло унинг 100 та ҳожатини равон қилади. 70 таси охиратда, 30 таси эса дунёда”, дедилар.

Салавот айтган кишига яхшилик эшиклари очилади фақирлик эшиклари эса ёпилади, гуноҳ ва хатолари кечирилишига сабаб бўлади.

Салавот айтишнинг бу дунёда фойдалари санаб саноғига етиб бўлмайдиган даражада кўп бўлса, охиратда ҳам худди шундай. Масалан, салавот соҳиби учун қиёмат куни сиротдан ўтишда нур, қиёматнинг дахшатли ҳолатларидан нажот ва омонлик бўлади.

Шу билан бирга, сиротдан ўтишни ҳам енгиллаштиради. Ҳаттоки салавот айтган киши жаннат хушхабарини олмагунча вафот этмайди.

Бунинг далили Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ “Жилаул афҳам”да Анас ибн Моликдан ривоят қилган ҳадис бўлиб, Расулуллоҳ алайҳи васаллам: “Ким бир кунда минг марта салавот айтса, жаннатдаги ўрнини билмай туриб ўлмайди” (Заиф ҳадис).

Салавот айтиш ва унинг фазилатлари ҳақида кўплаб мақбул ва мардуд, заиф ҳадислар мавжуд. Уларнинг умумий мазмунидан хулоса қилинса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар куни салавот айтиш имон ва ихлос тақазосидир. Олимлар энг кўп адад сифатида бир кунда 300 та салавот айтишни тавсия қиладилар.

Салавот лафзининг энг афзали ҳар намоз ичида айтиладиган машҳур салавотдир. Асосийси, саноқ ёхуд адад эмас – ихлос ва муҳаббат ила айтилган салавотдир!


Абдуллоҳ Сирожиддиннинг “Набий алайҳи васалламга салавот айтиш” китоби асосида
“Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси катта ўқитувчиси
Н.Саидакбарова ва 2-курс талабаси М.Нигматова тайёрлади

Мақолалар