ҚУРБОН ҲАЙИТИ 31 ИЮЛЬ КУНИ НИШОНЛАНАДИ
Ўзбекистонда Қурбон ҳайити 31 июль куни нишонланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорини имзолади. Унга кўра, 2020 йил муборак Қурбон ҳайитининг биринчи куни шу йил 31 июль кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари томонидан дунё уламолари ва йирик фатво марказларининг ҳижрий 1441 йил Зулҳижжа ойининг биринчи куни 2020 йилнинг 22 июль кунига тўғри келгани ҳамда 31 июль зулҳижжа ойининг 10-куни бўлиб, Қурбон ҳайитининг биринчи куни бўлиши тўғрисидаги маълумотларга таянган ҳолда 2020 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни шу йил 31 июль, жума кунига тўғри келиши ҳақида хулоса қилинган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрия тадбирлари давом этмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 9 август куни «Вақф» хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти филиали, ҳудуддаги масжидлар ходимлари ва саховатпеша ҳомийлар ҳамкорлигида эҳтиёжманд оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйлари ташкил этилди.
Тадбир доирасида тўйболаларнинг ҳар бирига 35 та велосипед, 35 тўплам ўқув қуроллари ҳамда янги костюм-шим, кўйлак ва оёқ кийимлар тўплами тантанали равишда топширилди.
Тантанали маросимда сўз олганлар болажонлар ва уларнинг ота-оналарига эзгу тилаклар билдириб, фарзандларни соғлом, баркамол ва дину диёнатли инсонлар этиб тарбиялаш, уларга муносиб таълим бериш энг муҳим вазифалардан бири эканини таъкидладилар.
Динимиз ва халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлган бу каби хайрли тадбирларни «Вақф» фонди томонидан изчил давом эттириш режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати