Бу сарлавҳага ажабланманг, балки фахрланингки, чунки бунақа юксак унвон соҳиби фақат ва фақат бизнинг бобомиз Имом Бухорий рахматуллоҳи алайҳга берилган.
Чунки муҳаддис олимларнинг хизматлари гўёки – игна билан қудуқ қазишга ўхшайди. Шунинг учун улар олган унвон мана шундай машаққатли меҳнатнинг самарасидир.
Бобомизнинг бошқа унвонлари ҳам бор. Масалан: «Амирул мўминин фил ҳадис», ҳадис илмида мўъминларнинг амири. «Шайхул-ислом» – мусулмонларнинг устози, яъни дини ислом ғамида соч-соқоли оқарган устоз. Сарлавҳадаги каби «Имомуд дунё фил ҳадис», яъни дунёдаги барча мўъмин мусулмонларнинг имоми, бошлиғи деган маънодадир.
Асли исмлари – Мухаммад, «Ал-Бухорий» номи эса мусулмон оламидаги илмий тахаллусидир. Бу ном истеъдодлари яшнаб, гуркираб, улуғланган даврларидан бошлаб ислом маърифати ва маданияти билан чамбарчас боғланиб кетган ва Аллоҳ таоло у зотнинг номларини узоқ давр ҳусни зикр қилинмоқлигини насиб этиб, тенгсиз мартаба ато этган.
Бу зотга Аллоҳнинг кўрсатган яна бир марҳамати шулки, Бухорода бу зотдан кейин юз минглаб олимлар, “Ал-Бухорий” тахаллуси билан ижод қилган ва китоблар ёзган. Лекин “Ал-Бухорий” дейилса, ер юзидаги мўмин-мусулмонларнинг зеҳнига аввал Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий бобомиз келади. Ҳолбуки тарихшунос олимлар фикрига қараганда бир даврнинг ўзида Бухоро билан Тошкент оралиғида 20 000 дан зиёд муҳаддис яшаган экан. Шундай бўлсада, бу тахаллус бошқа олимларга эмас, у зотнинг ҳақиқий исмларидан ғолиб бўлиб кетди.
Айниқса, бу зотнинг исмини ҳадис мажмуалари борасида таълиқ қилинса, дарҳол маълум ва машҳур «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ», «ишонарли тўплам» китоби кўз олдимизга келади.
Ривоятларга кўра, у зотнинг фарзандлари бўлмасада, одамлар у зотга ҳурматан “Абу Адуллоҳ” деб чақиришган.
Асл исми Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброҳийм ибн Муғийра ибн Бардизба бўлиб, «Бардиз» – қадимий форсчада «бўстон», «бардизба» эса бухороликлар луғатида “Деҳқон”, “Экин экувчи” деган маъноларни англатган.
Аждодлари дастлаб, оташпарастлик динида бўлсаларда, аммо Муғира исмли бобоси аждолари орасида биринчи бўлиб қалбларига Аллоҳнинг нури тушган оталаридандир. Ўша даврда Хуросоннинг волийси бўлган Ал-Яман Ал-Жуъфийнинг қўлида ислом динини қабул қилган. Шунинг учун Муғирага ва кейинги зурриётларига ҳам Жуъфий нисбати диний лақаб сифатида нисбат берилган. «Ал-Бухорий» туғилган ватанларига нисбатан айтилса, «Ал-Жуфий» диний волийсига нисбатидир.
Отаси Исмоил ўз сулоласи илм нурига юз тутганларнинг аввалгиси бўлди. Ўз замонасининг маърифатли кишиларидан бўлиб, турли илмий мажлис ва анжуманларда иштирок этдилар.
Имом Бухорийнинг замонларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини тўплашдан кўра муҳимроқ хизмат йўқ эди. Оталари Исмоил ҳам умри давомида мана шу хизматга муваффақ бўлдилар. У киши ҳаёт йўлларини фақатгина шариат ва ҳадис илмига бағишлади. Тақво ва парҳезкорликда барчага ўрнак бўлди. У зотдан фақат мақтов айтилгувчи ва чиройли зикр қилингувчи ҳислатларидан бошқа холат сезилмаган.
Илми ва ҳаракати билан муҳаддис имомларнинг улуғларини йўқлаб сафар қилар ва улардан ҳадисларни ёд олишга уринар эди. Ҳатто эшитиш йўли билан Молик ибн Анас ва Ҳаммод ибн Зайддан ҳадис ривоят қилишга эришганлар. Шайх Ҳазрат Абдуллоҳ ибн Муборак билан ҳам суҳбатдош бўлганлар. Шунингдек, ироқлик муҳаддис олимлар, у кишидан ривоят қилишган, жумладан, Аҳмад ибн Ҳафс, ҳадис ривоят қилган. Ўғли Имом Бухорий рахматуллоҳи алайҳ ўзининг «Ат-Тарих Ал-Кабир» китобида оталарининг ҳадис илмида қилган меҳнатлари ҳақидаги маълумотларни киритиб ўтган.
Ибн Ҳиббон у кишини ишончли кишилардан деб топган ва «ас-Сиқот» китобида тўртинчи табақа ровийлари билан бирга у кишидан ҳам таржима қилган.
Исмоил қанчалик илм жамлашга эришган бўлсалар, ўшанчалик ҳалолдан мол – дунё тўплашга ҳам мушарраф бўлганлар. Шогирди Аҳмад ибн Ҳафс у кишининг ўлими олдидан айтган сўзларини бундоқ ривоят қилади: «Жамланган молу дунёмда шубҳали бирор нарса аралашганини билмайман»
Илм тўплашда қанчалик эҳтиёткорлик қилган бўлсалар молу-дунё тўплашда ҳам харомдан, шубҳадан ўшанчалик сақланганлар. Бу дунёдан кетишда ҳам охиратдаги ҳисоб – китобдан қалблари хотиржам бўлиб, нафси рози бўлган ҳолда кетдилар.
Во ажабо! Аллоҳ таоло ўз солиҳ бандаларига фазлу карамини нечоғли кенг қилган! Қарангки, у зотга охиратда бериладиган мукофотидан илгари шу дунёнинг ўзидаёқ тақдирламоғи хусусидаги розилик аломатини зоҳир қилди. У киши авлиёлар гап хос қилиб берадиган неъматини ато қилиб олижаноб ўғил берди. Вафотидан бироз олдин Аллоҳ ўғил фарзанд берди. Отаси Исмоил унга исм қўяр экан: “Мен бу ўғлимга Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг содиқ уммати, ҳамда исмдоши бўлсин дея “Муҳаммад” деб исм қўйдимки, қиёматда Аллоҳ Исмоил алайҳис саломни зурриёти Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам билан севинтириши каби мени ҳам шу Муҳаммад ўғлим билан кўзларимни қувонтирса” дедилар. Аллоҳ Исмоилни орзусига етказсин ва ундан рози бўлсин! Омин!
Муҳаммад ибн Исмоил ҳижрий 194 йили, шаввал ойининг 13 куни, мелодийда эса 810 йили июль ойининг 19 куни жума намози ўқилгандан сўнг, бобоси Муғира ислом динини қабул қилгандан кейин ватан тутган Бухоро шаҳрида, отаси Исмоил яшаган уйда таваллуд топдилар.
Замондоши Ал-Мустанир ибн Атиқ айтадики! Бунчалик аниқ туғилган куни ва санасини Имом Бухорийнинг ўзлари оталари Исмоил битиб қолдирган мактуб олиб ёзганлар. «Агар у киши ёзиб қолдирмаганда эди, биз бунинг бир куни тугул ҳатто санасини аниқ айтолмас эдик» деган экан.
Оталари Исмоил эса ўғли Мухаммаднинг гўдаклик чоғида вафот этган.
Лекин Аллоҳ таоло бу ёш гўдакка ҳаммадан кўра раҳмлироқ ва икромлироқ бўлди. Аллоҳ у зотга меҳрибон ва солиҳа онанинг меҳрини тақдир қилди.
Мушфиқ волида ўғлининг тарбиясида ва яхши улғайишида астойдил хизмат қилиб, узун тунлари бедор ўтказди.
Имом Бухорий ҳаётининг илк босқичидаёқ ақли тез ўсиб, илгарилаб кетди. Гўдаклигидаёқ ўзларидан катта ёшдаги ўқувчилар билан мактабга қатнаб, улар оладиган хилма хил дарсларни ўзлаштириб ола бошладилар. Чунки бу зот етук ва беқиёс заковат соҳиби бўлиб, юксак истеъдод билан илм йўлидаги қадамларни катта-катта ва тез-тез одимлар эди. Ақл-идрокининг пишиб етилиши ўз муборак ёшларига нисбатан жуда илгарилаб кетганди. Қисқа вақт ичида оммавий илмлардан тўла–тўкис олишга эришдилар. Илк мактаб ёшларидаёқ махсус мадрасаларда дарс олишга тайёр бўлдилар.У киши тўққиз ёшга етганларида Қуръони Каримни тўлалигича ёд оладилар. Ўн ёшга етар етмас ҳадис ёдлашга киришди. Вояга етгунларига қадар 10000 дан зиёд ҳадисни ёд билар эдилар.
Бу йиллар орасида Имом Бухорий ҳадис ривоятларидан тўплаб, катта миқдордаги ҳадис маълумотларини қалбига жойлаб олди.
Хомид ибн Исмоил айтадилар:»Муҳаммад ибн Исмоил билан дарс олардим. Биз ҳар бир ҳадисни ёзиб борардик. Муҳаммад эса ёзмас эди. Биз бир куни Мухаммад ибн Исмоилга: “Сен нега ёзмайсан?” деб сўрадик. У бизга: «Қани ёзган нарсаларингни кўрсатингларчи» деди. Биз кўрсатганимизда, биз ёзган ҳадисларни ва унга қўшиб яна 15000 та ҳадисни зиёда қилиб ёддан айтиб берди» деган экан.
Имом Бухорийнинг устозлари бу илмнинг қадр-қийматини яхши билишар эди. Уни илмига ишонишар, унга таянишар, кўнгилларида имом Бухорийга нисбатан ҳайбат ва салобатни ҳис қилар эди.
Хуллас! Мен Имом Бухорий ҳазратларининг ҳаётларини ва ижодларини икки бетлик мақола билан таърифлаб, тугатиб қўйиш у зотга нисбатан ҳурматсизлик деб ўйлайман. Фақатгина Имом Бухорий ҳақларида ёзилаётган бу мақолалар гўёки, катта кемага олиб борадиган кичик қайиқларга ўхшайди. Шояд! Шу мақолаларни ўқиб, ўқувчи имом Бухорийнинг ҳаётларига қизиқса ва асарларини ўқиса.
Демак биз авлодлар мана шу зотнинг қолдирган бой маънавий ҳаёт йўлини ўрганиб, у зотнинг маънавий ўгитларига қулоқ солиб, насиҳатларини ҳаётга тадбиқ қиладиган бўлсак, биз энг саодатли солиҳ ва боболарига содиқ фарзандлар бўла оламиз.
Баъзи инсонларнинг ўзидан аввал ҳиммати ўлиб қолаётган бу ёлғончи дунёда Имом Бухорийнинг ҳимматига у зотнинг умри камлик қилди десак муболаға бўлмайди. Чунки бутун умматга етарли даражада маънавий озуқани жамлаб, ғамлаб биз авлодлари қўлига топшириб кетган ягона зот – дунё имоми – Имом Бухорий бобомиздир.
Мен сўзимни Ибн Холдуннинг ушбу хитоблари билан якунлайман. Ибн Холдун: “Имом Бухорийнинг китобини шарҳлаш уммат уламолари зиммасидаги қарздир” деган экан.
А.Тошпўлатов,
Имом Бухорий номидаги
Тошкент ислом институти
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”
кафедраси мудири
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси