Имон ва иқрор баёни
Имон чин кўнгил билан эътиқод қилмак, яъни, ишонмак ва инонмакдир. Бугун дунё ва оламни, ерда ва осмондаги барча махлуқотни яратган Аллоҳ таолонинг борлигига, бирлигига ва хамма сифатларига ва Муҳаммаднинг, алайҳиссалом, бандаларга Исломни етказиш учун Аллоҳ таоло тарафидан буюрилган ҳақ пайғамбар эканига, Қуръони карим Муҳаммадга, алайҳиссалом, Аллоҳ таоло юборган ҳақ китоб эканига Аллоҳ таолонинг амри бирла Муҳаммад, алайҳиссалом, баён қилган шариат ҳукмларининг ҳақ эканига имон келтирмак ва эътиқод қилмак лозимдир. Чинакам мўмин бўлмоқ учун фақат дилда ишонмоқ кифоя қилмайди, балки иқрор қилмоқ, яъни тил билан айтмак ҳам шарт. Тил билан иқрор қилмаган киши дилида ишонса ҳам, дунёда мўмин хисобланмайди, охиратда унинг имони мақбул ва ё мардудлиги Аллоҳ таолога ҳавола қилинади.
Тил билан иқрор қилиш шундай: "Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ".
Имон калимаси
Аманту биллаҳи ва малаикатаҳи ва кутубиҳи ва русулиҳи вал явмил ахири вал қодари хойриҳи ва шарриҳи миналлоҳи таъала вал баъси баъдал мавт.
Аллоҳ таолога имон келтириш
Аллоҳ таолонинг борлигига, бирлишга ва барча сифатларига имон келтирмоқ лозим. Аллоҳ таолони таниш Унинг исм ва сифатлари билан бўлади. Аллоҳ таолонинг 99 исми ва сифати бордир.
Фаришталар
Фаришталар ҳам бизлардек Аллоҳ таолонинг махлуқларидир. Улар доимо Аллоҳ таолога ибодат қилиб ва буюрилган барча хизматларни адо қилиб турадилар. Улар ҳеч гуноҳ иш қилмайдилар, еб-ичмайдилар, ухламайдилар. Уларда эркаклик ва хотинлик йўқдир.
Улар нурдан яратилган, жисмлари шамолдек латиф ва юмшоқдир. Бизларнинг кўзларимизга кўринмайдилар. Агар кўринишни хоҳласалар, ҳар турли суратларда кўринишга ҳам қодирдирлар.
Ҳар бир банданинг қилган амалларини ёзиб турадиган фаришталар бор. Улар бандаларнинг яхши ва ёмон амалларини номаи амалларига ёзадилар, қиёмат кунида хисоб учун шу дафтарлар тафтиш қилинади. Яна бандаларни Аллоҳ амри билан зарар ва зиёндан, офатлардан сақлаб юрадиган фаришталар ҳам бор.
Жаброил, Микоил, Азроил ва Исрофил, алайҳимуссалом, фаришталарнинг улуғларидандир. Ҳазрат Жаброил Аллоҳ таолодан пайғамбарларга ваҳий келтирадиган элчидир. Ҳазрат Микоил бандаларнинг ризқларини тайин қилмоқ учун ва булут ва ёмғирларга ҳукм қилмоқ учун масъулдир. Ҳазрат Азроил бандаларнинг жонларини оладиган фариштадир. Ҳазрат Исрофил бандаларнинг жонлари турадиган сурга муаккил фариштадир.
Пайғамбарлар
Пайғамбарлар ҳам бизлардек Аллоҳ таолонинг бандалари. Улар ҳам Одамнинг, алайҳиссалом, фарзандларидир. Лекин улар Аллоҳ таолога хос бандалари. Ёшликларидан ғоятда ақлли ва зийрак, тўғри, парҳезкор бўлганлар. Уларда ҳеч бир замонда нуқсон ва камчилик бўлмаган.
Энг биринчи пайғамбар Одам алайҳиссалом бўлиб, охиргиси Муҳаммад алайҳиссаломдир. Қиёмат кунигача энди ҳеч пайғамбар чиқмайди. Муҳаммад, алайҳиссалом, охирзамон пайғамбаридир. У зотнинг дини, яъни Ислом, то қиёмат кунигача боқийдир.
Муқаддас китоблар
Аллоҳ таоло дин ва шариат ҳукмларини қавмларига ўргатсинлар деб пайғамбарларга китоблар нозил қилган. Одам алайҳиссаломга ўн варақ, Шис алайҳиссаломга эллик варақ, Идрис алайҳиссаломга ўттиз варақ, Иброҳим алайҳиссаломга ўн варақ нозил бўлган. Мусо алайҳиссаломга Таврот, Довуд алайҳиссаломга Забур, Исо алайҳиссаломга Инжил, Муҳаммад алайҳиссаломга эса Қуръони карим нозил бўлган.
Қазо ва қадар
Тақдир оламда бўладиган барча нарсаларни ва ҳар бир қилинадиган ишларни Аллоҳ таолонинг азалда тайин ва муқаррар қилиб қўйишидир. Аллоҳ таолонинг оламда бўладиган нарсаларни тақдир қилинган ҳолатда халқ ва пайдо қилишидир. Ҳар бир нарса ва ҳар бир ишнинг қачон бўлиши ва нима сабаб билан бўлиши ҳамда қандай бўлиши баён этилиб, Лавҳул Маҳфузда ёзиб қўйилган.
Банданинг Лавҳул Маҳфузда ёзилган экан, тақдирда бор бўлса, шу иш рўёбга чиқмасдан қолмайди, деб дунёвий ишларни ва охират амалларини қилмасдан, коҳил бўлиб ётиши ҳамда гуноҳ ишларни қилиши асло дуруст эмас. Бандалар учун жидду жаҳд билан илм олиб, маърифат ҳосил қилиб, диний илм ўрганиш, ҳалол мол касб қилиш ва ихлос билан яхши амалларни бажариш, шунингдек, ҳар бир гуноҳ ишлардан сақланиш шартдир. Ўз ихтиёрида бўлган ишларни тақдирга ташлаб, ишёқмас бўлиб ётиш ниҳоятда аҳмоқ ва беҳиммат кишиларнинг ишидир.
Бандаларнинг феъллари
Бандалар ўз феълларини ўзлари касб ва ҳосил қиладилар. Аммо бўлдиргувчи ва яратувчи Аллоҳ таолодир. Бандаларнинг қилмоқчи бўлган феълларини Аллоҳ таоло қудрат ва қувват бериб, халқ қилмаса, бандалар фақат ўзлари ҳеч бир ишни қилмоқка қодир бўлмайдилар. Аллоҳ таоло бандаларга ирода ва ихтиёр, яъни хоҳиш учун кифоя қилгудек бир оз қувват беради, банда бир ишни қилмак учун ихтиёр билан ўша қувватни сарф қилади. Шундан сўнг Аллоҳ таоло банда хоҳлаган феълни хоҳишига мувофиқ халқ қилади. Демак, банда ўз феълини ўзи касб қилувчидир. Аллоҳ таоло эса яратувчидир. Масалан, банда юрмоқни ихтиёр қилади. Ўша ҳолда Аллоҳ таоло унга кувват беради ва юрмагини халқ қилади, банда юришни касб ва ҳосил қилади. Бас, Аллоҳ таолонинг халқ қилиши билан банда юришга қодир бўлади. Бандаларнинг яхши феълларига ҳам, ёмон феълларига ҳам Аллоҳ таоло холиқдир. Аммо бандалар ўз феълларига косибдирлар.
Банда қандай феълни касб қилмоқни ихтиёр қилса, Аллоҳ таоло ниятига кўра ўша феълни халқ қилади. Агар банда ихтиёри бирла яхши ва савоб феъл касб қилмоқчи бўлса, Аллоҳ таоло истаса, рози бўлиб халқ қилади. Аммо банда гуноҳ феълни касб қилмоқчи бўлса, Аллоҳ таоло истаса, рози бўлмай халқ қилади.
Бандалар қилган феъллари учун савобли ёки гуноҳли бўладилар. Агар банда ўз ихтиёри билан яхши феълни касб қилса, савоб олади ва агар ёмон феълни касб қилса, гуноҳкор бўлади.
Охирзамон
Охирзамон – бу дунёнинг охири ва тамом бўлган куни деган маънони билдиради. Охирзамонда бутун ер юзидаги одамлар ва ҳайвонлар ерда ва осмонда бўлган фаришталар ўлиб тамом бўлади. Охирзамоннинг қачон ва қайси кун бўлиши фақат Аллоҳ таолонинг ўзига маълумдир. Буни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди, ҳар кун ва ҳар замон охирзамон бўлиши эҳтимолдир.
Аллоҳ таолонинг ҳикмати билан офтобнинг юриши тескари бўлиб, мағриб тарафдан чиқади. Ушбу кун дунёнинг охирги куни аломатларидандир. Бутун ер юзини дуд-тутун босиб, барчани беҳуш қилади. Исрофил фаришта сур чалади. Шундан сўнг ер юзидаги жами жондор ўлиб, тамом бўлади.
Диёмат куни
Қиёмат куни Аллоҳ таоло одамларни қайтадан тирилтиради. Қабрларда ва бошқа ерларда чириган ва ҳар тарафга тарқалган жасадлар Аллоҳ таолонинг қудрати билан тириклик вақтидагидек бўлади. Аллоҳ таоло ҳаммадан илгари Исрофилни, алайҳиссалом, тирилтириб, унга иккинчи марта сур чалмоқни амр қилади. Сўнгра ҳар бир жасадга ўзининг жони киради. Шундан сўнг қабрларнинг усти очилиб, ҳамма гўё уйқудан уйғонандек бўлиб, тирилади. Қабрлардан ер устига чиқади. Ҳаммалари Маҳшар майдонига жам бўлади. Маҳшар майдони бандаларнинг дунёда қилган ишла-ри ҳисоб ва тафтиш қилинадиган жойдир. Ҳар бандага номаи аъмоллари берилиб, дунёда қилган амаллари ўзларига маълум қилинади. Ҳар кимнинг амаллари адолат ва тўғрилик мезони ва тарозуси билан ўлчаниб, ҳисоб қилинади.
Кимнинг жаннатга ва кимнинг дўзахга кириши тайин қилинади. Маҳшарда бандаларнинг амалларини Аллоҳ таоло тарафидан буюрилган фаришталар ҳисоб ва тафтиш қиладилар. Ҳамма жаҳаннам устига қурилган сирот кўпригидан жаннат тарафга ўтмоқни орзу қилади. Имонли, солиҳ кишилар ва гуноҳлари афв қилинган мўмин бандалар ғоятда осонлик билан ўтиб жаннатга кирадилар. Сирот кўпригидан ўтолмаган кишилар жаҳаннамга тушадилар.
Жаннат ва дўзах
Жаннат неъматларини тил билан айтиб ва қалам билан ёзиб тамом қилиб бўлмайди. Жаннатга тушган ҳар бир мўмин бандага энг катта бахт Аллоҳ таолони кўрмоқдир.
Аллоҳ таолонинг бандаларга қандай кўринмаги бизларга маълум эмас. Аммо Аллоҳ таолони жаннатда кўришга инонмоқ лозим ва вожибдир.
Жаҳаннам ғоятда қабоҳатли ва машаққатли ердир. Унга кирган одамлар ўт-олов билан ва бошқа ҳар хил нарсалар билан азобланади.
Гуноҳкор банда
Ислом динининг хақлигига ва мўминлар ишониши лозим бўлган масалаларга дил билан эътиқод қилган, лекин ўзини сақлаёлмай гуноҳ амаллар қилган киши мўминлик ва мусулмонликдан чиқмайди, аммо фосиқ ва гуноҳкор бўлади. Аллоҳ таоло хоҳласа, фазл айлаб ҳар гуноҳни афв қилиши мумкиш. Аммо золимнинг зулмини мазлум бўлган киши рози бўлса, хоҳласагина, Аллоҳ афв қилиши мумкин.
Аллоҳ таоло дунёда тавба мақбул бўладиган вақтда, чин ихлос билан тавба қилган кишининг гуноҳларини кечирмоқни ваъда қилган. Пайғамбаримизнинг, алайҳиссалом, ва бошқа солиҳ кишиларнинг шафоатлари сабаб бўлиб, кўп кишиларнинг гуноҳлари афв қилинмоғи ҳам эҳтимолдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад, алайҳиссалом, гуноҳларни шафоат қилувчидирлар.
Саҳобалар
Саҳобалар мўмин ва мусулмонлик ҳолида Пайғамбаримиз Муҳаммадни, алайҳиссалом, кўриб ва у кишига учрашиб мўминлик ҳолида вафот қилган кишилардир.
Саҳобаларнинг афзали аввал ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ, сўнг ҳазрат Умар ибн Хаттоб, сўнг ҳазрат Усмон ибн Аффон, кейин Ҳазрат Алидир, розийаллоҳу анҳум. Шунинг учун улар Расуллулоҳнинг, алайҳиссалом, чаҳорёрлари деб аталадилар.
Аҳли сунна вал-жамоа
Расулуллоҳнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, барча саҳобалари вафот этганларидан сўнг, Ислом аҳли эътиқодда 73 фирқага бўлинган. Аммо машҳурлари уч фирқадир.
Улар қуйидагалар: аҳли сунна вал-жамоа, шиъалар ва мўьтазила фирқаси.
Аҳли сунна вал-жамоанинг эътақоди ҳақдир. Бизлар аҳли сунна вал-жамоа эътиқодидамиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад, алайҳиссалом, ўзлари ва саҳобалари дин ва шариат ҳукмларига қандай эътиқод қилган бўлсалар, аҳли сунна вал-жамоа ҳам шундай эътиқод қиладилар.
Аҳкоми шариф
Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифдаги шариат ҳукмларининг баъзиларини арабчани комил билган кишигина билиши мумкин. Аммо шариатнинг барча ҳукмларини тўғри билиш учун мужтаҳид бўлиш керак. Мужтаҳид бўлмаган кишиларнинг оятлардан ва ҳадислардан ҳукмлар чиқаршлари мумкин эмас.
Мужтаҳид мазҳаб
Арабий тилнинг маъно ва сирларини чуқур билиб, ғоятда комил олим бўлиб, оят ва ҳадисларнинг ҳикмат ва сирларини яхши билгандан сўнг комил ижтиҳод билан дин масалаларининг ҳар қайсисини фикр ва андиша қилган киши мужтаҳид бўлади. Мужтахид бўлмаган ва мужтаҳидлик мартабасига етмаган кишилар маишатда ҳам, ибодатда ҳам бир мужтаҳиднинг мазҳабига тобе бўлади. Ҳар масалада шу мужтаҳиднинг мазҳаби билан амал қилади.
"Мазҳаб" сўзи истилоҳда мужтаҳид олимнинг шариат ҳукмларида оят ва ҳадислардан ижтиҳод билан фикр қилиб, англаган йўли деган маънони англатади. Машҳур мужтаҳидлар тўрт кишидир. Биринчиси, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит, раҳматуллоҳи алайҳ; иккинчиси, Имоми Шофеъий Муҳаммад ибн Идрис, раҳматуллоҳи алайҳ; учинчиси, Имоми Молик ибн Анас, раҳматуллоҳи алайҳ; тўртинчиси, Имоми Аҳмад ибн Ҳанбал, раҳматуллоҳи алайҳ. Ушбу мужтаҳидларнинг мазҳаблари кўп масалаларда бир-бирига мувофиқдир. Мухолиф бўлган суннатга оид масалалари ҳам бор, лекин кўп эмас.
Бизлар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ҳазратларининг мазҳабларидамиз. Маишат ва ибодат хукмларининг ҳар қайсисида шу мазҳабга кўра амал қиламиз. Мусулмонларнинг салкам ярми Имоми Аъзам Абу Ҳанифа мазҳабларида бўлса ҳам, қолган уч имомнинг мазҳабларида бўлган мусулмонлар ҳам бор.
Имоми Аъзамдан бошқа бу уч имомнинг мазҳабларида бўлганларнинг мусулмонликларида камлик йўқ. Ҳар мазҳаб аҳли иккинчи мазҳаб аҳлини ўзига дўст ва яқин тутмоғи лозим. Бир-бирларини душман тутмаклари асло дуруст эмас. Чунки мусулмонлар бир-бирларига қариндош ва биродардирлар.
«Ибодати исломия» китобидан қисқартириб олинди.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
НИКОҲ ВА ТАЛОҚҚА ОИД ҲУКМЛАР:
Уйланишнинг шаръий ҳукми;
Никоҳ маросими;
Уйланиш мумкин бўлмаган аёллар;
Уйланиш вақтинча мумкин бўлмаган аёллар;
Талоқ турлари.
ИМОМИ АЪЗАМ АБУ ҲАНИФА НЎЪМОН ИБН СОБИТ
العَظِيمُ
34. Ал-Аъзийм.
Ақл тасаввур қила олмайдиган даражада азаматли ва улуғ.
الغَفُورُ
35. Ал-Ғафур.
Кўп мағфират қилувчи.
الشَّكُورُ
36. Аш-Шакур.
Оз амал учун кўп савоб берувчи.
العَلِيُّ
37. Ал-Алий.
Мартабаси олийликда бениҳоя.
الكَبِيرُ
38. Ал-Кабийр.
Ҳар бир нарсадан улуғ.
االْحَافِظُ
39. Ал-Ҳафиз.
Ҳар бир нарсани муҳофаза қилувчи.
المُقِيتُ
40. Ал-Муқийт.
Барча моддий ва руҳий ризқларни яратувчи.
الحَسِيبُ
41. Ал-Ҳасийб.
Кифоя қилувчи. Қиёматда бандаларнинг ҳисобини қилувчи.
الجَلِيل
42. Ал-Жалийл.
Сифатлари улуғ зот.
الكَرِيمُ
43. Ал-Карийм.
Биров сўрамаса ҳам, ҳеч бир эваз олмасдан, нарсаларни кўплаб ато қилувчи.
الرَّقِيبُ
44. Ар-Рақийб.
Ҳеч бир заррани ҳам қўймай текшириб турувчи.
المُجِيبُ
45. Ал-Мужийб.
Дуоларни ижобат қилувчи.
الوَاسِعُ
46. Ал-Восиъ.
Ҳамма нарсани кенг илми ила иҳота қилган. Барчани кенг раҳмати ила қамраб олган.
الحَكِيمُ
47. Ал-Ҳакийм.
Ҳар бир нарсани ҳикмат ила қилувчи.
الوَدُودُ
48. Ал-Вадуд.
Барчага яхшиликни раво кўрувчи.
المَجِيدُ
49. Ал-Мажийд.
Шон-шарафи ва қадри беҳад юксак.
الباعث
50. Ал-Боъис.
Халқларга пайғамбарлар юборувчи. Кишиларга ҳиммат юборувчи. Ўликларни қайта тирилтирувчи.
الشَّهِيدُ
51. Аш-Шаҳийд.
Ҳар бир нарсага ҳозиру нозир. Барчага шоҳидлик берувчи.
الحَقُّ
52. Ал-Ҳақ.
Ўзгармас, собит зот. Ҳақни юзага чиқарувчи.
الوَكِيلُ
53. Ал-Вакийл.
Барчанинг иши унга топширилган зот.
القَوِيُ
54. Ал-Қовий.
Қувватли Зот.
المَتِينُ
55. Ал-Матийн.
Машаққат билмас, кучли Зот.
الوَلِيُ
56. Ал-Валий.
Муҳаббат қилувчи, нусрат берувчи ва халқининг ишини юритувчи зот.
الحَمِيدُ
57. Ал-Ҳамийд.
Барчага мақтовлар ила мақталган зот.
المُحْصِى
58. Ал-Муҳсий.
Барча нарсанинг ҳисобини олувчи зот.
المُبْدِئ
59. Ал-Мубдиъ.
Барча нарсаларни аввал бошдан бор қилган зот.
المُعِيد
60. Ал-Муъийд.
Йўқ бўлган нарсаларни яна қайтадан бор қилувчи.
المُحْيِى
61. Ал-Муҳйи.
Тирилтирувчи. У зот ўликларни тирилтирувчидир.
المُمِيت
62. Ал-Мумийт.
Ўлдирувчи. Барча жонзотларнинг жонини олувчи.
الحَيُّ
63. Ал-Ҳайй.
У ҳамиша тирикдир, У ўлмайди. Аллоҳнинг ҳаёти абадийдир, ўлим ила йўқ бўлмас. Аллоҳнинг ҳаёти азалий, олдин йўқ бўлган эмас.
القَيُّومُ
64. Ал-Қайюм.
Ҳар бир нарса устида турувчи ва ҳар бир турувчи нарса Унинг сабабидангина туради.
الوَاجِد
65. Ал-Вожид.
Хоҳлаган нарсасини топувчи. Бу ишда биров Уни тўса олмайди.
المَاجِد
66. Ал-Мажид.
Улуғлик ва шараф соҳиби.
Даврон НУРМУҲАММАД