“Обуна – 2024”
Хайрли, савоб ишларнинг тури кўп. Ҳар бирининг ихлос ва самимиятга қараб ажри бор, савоби бор. Илло, маърифат улашишнинг, мўмин-мусулмонларнинг хонадонларига зиё олиб киришнинг савоби жуда катта.
Таҳлилларга кўра, бир дона босма нашрни бир кишидан ўн кишигача мутолаа қилар экан. Мисол учун, биргина “Ҳидоят” журнали бугунги кунда 86 минг нусхада чоп этилаётган бўлса, демак, уни 860 минг киши ўқийди дегани. Бу яхши, албатта. Бироқ аҳолисининг 95 фоиздан ортиғини мусулмонлар ташкил қиладиган юртимизда мазкур нашрнинг адади янада кўпайса, мақсадга мувофиқ бўлади, иншоаллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйининг “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига 2024 йил учун обуна мавсуми бошланди.
Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги мажлислар залида “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига 2023 йил учун обуна мавсумида фаоллик кўрсатган, мазкур нашрларга энг кўп обуна бўлган туманлар бош имом-хатиблари совғалар билан тақдирланди.
– Камтарона хизматимиз эътироф этилиб, мукофот билан тақдирланганимиз учун Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин, – дейди Норин тумани бош имом-хатиби Камолиддин домла Ҳамроқулов. – Иншоаллоҳ, келгуси йил учун ҳам обунани уюшқоқлик билан ташкил этамиз. Бу жараёнда туманимиздаги имомларнинг хизмати катта.
Шу билан бирга, йиғилишда мазкур нашрларга 2024 йил учун обуна мавсуми бошлангани, мўмин-мусулмонларнинг маърифатини янада юксалтириш, уларга муқаддас динимизнинг соф таълимотини етказишда “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасининг қимматли нашрлар экани айтиб ўтилди.
Тадбир сўнгида хайрли дуолар қилинди.
***
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги мажлислар залида ҳам худди шундай тадбир бўлиб ўтди. Нашрларимизга 2023 йил учун обуна мавсумида фаоллик кўрсатган, энг кўп обуна бўлган туманлар бош имом-хатибларига совғалар топширилди. Ушбу савобли юмушга ҳисса қўшганлари учун уларга миннатдорлик билдирилиб, бундан буён ҳам нашрларимиз билан яқин ҳамкорликда ишлашга даъват этилди. Албатта, одамларга зиё улашиш, илм-маърифатни тарғиб қилишнинг ажри ниҳоятда улуғ. Бу хайрли ишга бел боғлаган инсонларнинг хизмати боис халқимиз ўртасида илм-маърифат кенг ёйилади.
Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда имом-хатиблар, уламоларимиз масжидларда маърузалар қилиш билан бирга, “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетаси тарғиботига эътибор қаратишаётгани таҳсинга сазовор. Чунки маърузани эшитувчилар масжидга йиғилган намозхонлар билан чегараланса, нашрларимизнинг хонадонларга кириб бориши натижасида диний-маърифий билимлар одамлар орасида янада кенг тарқалади. Бу газета-журналларимиз ўқувчилари сонини ҳозиргидан-да оширишга эҳтиёж борлигини кўрсатади.
Тадбирда барчага Аллоҳнинг розилигига эриштирадиган амалларда бардавом бўлиш насиб этишини тилаб дуолар қилинди.
***
Халққа зиё тарқатиш – ғоят савобли иш. Бу борада диний-маърифий нашрларнинг ўрни алоҳида ҳисобланади. Бугунги “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетаси орқали омма ўртасида исломий маърифат кенг ёйилишида таҳририят ижодкорлари билан бирга, обуна ташкилотчиларининг ҳам хизмати катта бўлмоқда.
Андижон вилоятидаги “Имом Зуфар” жоме масжидида нашрларимизнинг бу йилги обунаси учун жонбозлик кўрсатган туманлар бош имом-хатиблари тақдирланди.
Самимий мулоқот руҳида кечган учрашув давомида нашрлар фаолиятига оид қимматли таклифлар билдирилди.
***
Сирдарё вилоятида “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасининг обуна ташкилотчилари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда келгуси йилда нашрларимиз ўқувчиларга етиб боришини таъминлаш хусусида атрофлича сўз юритилди. Шу билан бирга, газета ва журналларимизнинг 2023 йил учун обуна мавсумида фаоллик кўрсатган, мазкур нашрларга энг кўп обуна бўлган туманлар бош имом-хатиблари совғалар билан тақдирланди.
Халқимизнинг диний масалаларга қизиқиши кучли. Одамлар ушбу маънавий эҳтиёжини қондириш учун интернетдаги турли манбаларга мурожаат қилишади. Бу жараёнда шубҳали манбаларнинг таъсирида адашувлар, алданувлар ҳам юз бериши мумкин. Аслида “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасида муқаддас динимизнинг асл моҳияти, шаръий масалалар ечими батафсил ёритиб борилмоқда. Ўйлаймизки, агар ушбу нашрлар халқимиз орасида кўпроқ тарқалса, жамиятимизда маърифатли, диний тушунчаси кенг инсонлар сафи кенгаяди.
Тадбирда вилоят бўйича газета ва журналларимизга 2024 йил учун обунани юқори савияда ташкил этиш чоралари белгилаб олинди.
***
Бугунги кунда юртимизда диний маърифат тарғиботига кенг эътибор қаратилмоқда. Одамларимиз ҳам Ислом таълимоти ҳақида чуқурроқ билишни истайди. Шу маънода “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасида чоп этилаётган мақолалар халқимизни маърифатли қилишга маълум даражада ҳисса қўшиб келмоқда. Айни кунларда нашрларимиз учун бошланган обуна мавсумида ушбу хайрли ишларни янада кенгайтириш мўлжалланган.
Шу мақсадда Жиззах вилоятида “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига 2023 йил учун обуна мавсумида фаоллик кўрсатган, мазкур нашрларга энг кўп обуна бўлган туманлар бош имом-хатиблари совғалар билан тақдирланди.
Тадбирга хайрли дуолар билан якун ясалди.
***
“Тафсир” рукни остида Каломуллоҳ оятлари маъноларини ўқиб-уқишни, “Ҳадис шарҳи” орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак насиҳатларидан баҳраманд бўлишни, “Саҳобалар ҳаёти”ни мутолаа қилиб саодат асрига саёҳат қилишни, “Масала” рукнида долзарб ва муҳим савол-жавобларни ўрганишни, “Аслида қанақа?” рукнида ҳар бир воқеа-ҳодисанинг асл моҳиятини билишни, яна бошқа кўплаб мавзуларда энг ишончли маълумотларга эга бўлишни истасангиз, “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига обуна бўлишга шошилинг!

Луқмоннинг фарзандига айтган насиҳатларидаги буюк ҳикматлар
Баъзи сўзлар борки, орадан қанча асрлар ўтмасин, ўз қимматини йўқотмайди. Чунки улар инсон қалбига йўл топади, уни яхшиликка чорлайди ва ҳаётда тўғри йўлни танлашга ундайди.
«Эй ўғилгинам...»
Луқмоннинг фарзандига айтган бу мурожаатида чуқур меҳр, самимият ва улкан ҳаёт ҳикмати мужассам. Унинг насиҳатлари нафақат бир фарзандга, балки ҳар бир инсонга тегишли бўлган ибратли ўгитлардир.
Луқмон фарзандига аввало энг муҳим ҳақиқатни эслатади:
«Эй ўғилгинам! Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилма. Албатта, ширк катта зулмдир».
Инсон ҳаётидаги энг муҳим пойдевор — тўғри эътиқод. Дунёдаги бойлик, мансаб, обрў ва барча неъматлар вақтинчалик. Аммо инсоннинг Аллоҳ билан бўлган муносабати унинг бутун ҳаётига таъсир қилади. Шунинг учун фарзанд тарбияси, аввало, унинг қалбига иймон ва Аллоҳга бўлган муҳаббатни сингдиришдан бошланади.
Шундан сўнг Луқмон:
«Эй ўғилгинам! Намозни тўкис адо эт...»
деб насиҳат қилади.
Намоз — инсоннинг Роббиси билан боғланишидир. У қалбни поклайди, инсонни яхшиликка ундайди ва ҳаётига тартиб бағишлайди. Фарзандга намозни ўргатиш — унга фақат бир ибодатни эмас, балки масъулият, поклик ва маънавий тартибни ҳам ўргатишдир.
Луқмон фарзандини яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришга ҳам чақиради. Чунки ҳақиқий эзгулик фақат ўзимиз учун эмас, атрофимиздагилар учун ҳам манфаатли бўлиши керак. Баъзан бир оғиз яхши сўз инсоннинг кўнглини кўтарса, бир самимий насиҳат унинг ҳаётини ўзгартириши мумкин.
Аммо яхшилик йўли доимо осон эмас. Шунинг учун Луқмон:
«Бошингга тушган мусибатларга сабр қил», дейди.
Инсон ҳаётида турли синовлар учрайди. Баъзида режаларимиз амалга ошмайди, баъзида кутилмаган қийинчиликларга дуч келамиз. Ана шундай пайтларда сабр инсонга куч беради. Сабр — таслим бўлиш эмас, балки қийинчиликка қарамай тўғри йўлда давом этишдир.
Луқмоннинг яна бир муҳим насиҳати — кибрдан сақланиш:
«Кишилардан кибр билан юз ўгирма ва ер юзида манманлик билан юрма».
Инсонга берилган бойлик, илм ёки мартаба уни бошқалардан устун қилиб қўймайди. Аксинча, инсон қанчалик кўп неъматга эга бўлса, шунчалик камтар бўлиши лозим. Чунки ҳақиқий улуғлик — ўзини бошқалардан баланд қўйишда эмас, балки инсонларга ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлишдадир.
Насиҳатларда ҳатто инсоннинг юриши ва овозигача эътибор қаратилган:
«Юришингда ўртача бўл ва овозингни пасайтир. Албатта, овозларнинг энг ёқимсизи эшакларнинг овозидир». Бу бизга одобнинг катта ишлардагина эмас, балки кундалик одатларимизда ҳам намоён бўлишини кўрсатади. Вазминлик, мулойимлик, меъёр ва чиройли муомала инсонни безайди.
Бугун бизга ҳам керак бўлган насиҳатлар
Луқмоннинг фарзандига айтган ўгитлари асрлар олдин айтилган бўлса-да, бугунги кун учун ҳам ниҳоятда долзарб.
Бугун фарзандларимизга яхши касб эгаси бўлиш билан бирга, яхши инсон бўлишни ҳам ўргатишимиз керак. Уларнинг қалбига иймон, тилига яхши сўз, хулқига камтарлик, ҳаётига сабр ва меҳрни сингдиришимиз зарур.
Чунки фарзандга қолдириладиган энг қимматли мерос — мол-дунё эмас.
Энг буюк мерос — иймонли қалб, гўзал ахлоқ ва тўғри тарбиядир.
Шу боис Луқмоннинг:
«Эй ўғилгинам...» деб бошланган насиҳатлари ҳар биримиз учун ҳамон ўз аҳамиятини йўқотмаган. Уларни ўқишгина эмас, ҳаётимизга татбиқ этиш биз учун энг катта ибратдир.
Ҳумоюддин Ҳусниддин ўғли,
Масжидлар билан ишлаш бўлими
етакчи мутахассиси таржимаси