Дунё мамлакатларида устозлар куни қандай нишонланади?
Ўқитувчилар куни- бу ҳар бир инсоннинг ҳаётида бемисл аҳамият касб этадиган кишилар- педагогларга ҳурматнинг рамзий кўринишидир. Уларнинг сабри, меҳнати ва иродаси сабаб, болаларда илмга интилиш, қизиқишлар рўёбга чиқади, янги талант ва иқтидорлар юзага келади.
-Францияда Ўқитувчилар куни 5 октябрда нишонланади. Бирон совға бериш урфда эмас. Мактаб маъмурияти ўз ихтиёрига кўра зиёфат столи уюштиради. Бу орқали ўқитувчи ва ўқувчилар эркин мулоқот қилишлари учун имконият бўлади. Ширинликлар ва стол безатиш ота-оналар томонидан ташкил этилади.
-Германияда Устозлар кунида ўқитувчиларга совға бериш одати йўқ. Агар ўқувчи устозини ҳурмат қилиб, ёқтирадиган бўлса, ўз қўли билан бирон нима ясаб совға қилиши ёки табрикнома ёзиб, ҳадя қилиши мумкин.
-АҚШда Миллий ўқитувчи куни май ойининг биринчи ҳафтасида нишонланади. Бу ҳафта ўқитувчиларга миннатдорлик ҳафтаси дея номланади. Хоҳишларига кўра ўқувчилар устозларига гуллар ва конфетлар совға қилишади.
-Польша ушбу санани 14 октябрда нишонлайди. Бу кунда ўқитувчиларга гуллар, ширинликлар совға қилиш бор, унда ҳам ҳар бир ўқувчи эмас, бутун синф номидан. Қимматбаҳо совғалар ҳадя қилиш мумкин эмас. Шу билан бирга ўқувчилар фақатгина синф раҳбарларини табриклашлари мумкин.
-Хитойда устозлар куни 14 октябрда байрам қилинади. Унинг байрам сифатида тайин қилиниши ўқитувчиларинг нуфузи ва аҳамиятини ошириш мақсадида бўлган. Бу кунда мактабларга кўплаб собиқ ўқувчилар ҳам ташриф буюриб, устозларини зиёрат қиладилар, илиқ тилаклар билдирадилар.
-Аргентинада ушбу сана 11 сентябр куни байрам қилинади. Расмий дам олиш куни эълон қилинади, устозлар табрикланади.
-Ҳиндистонда Устозлар куни 5 сентябрда ўтказилади. У куни анъанага кўра, устозлар билан ўқувчилар ўрин алишиб, дарсларни ўқувчилар олиб боришади.
-Англияда ушбу байрамда чой совға қилиш аъанаси бор. “Билимларни мактабда китоб ила, уйда бўлса чой билан жамлагин”, дейилади, инглиз мақолларидан бирида.
Дунёнинг қаерида ва қайси санада бўлмасин, Устозлар куни – ўқитувчи ва педагогларга ҳурмат ва эътибор кўрсатишнинг бир рамзи бўлиб, уларнинг фидокорона меҳнатларига миннатдорлик билдиришдир.
Бобур Аҳмад тайёрлади.
Ўзбекистон ва ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси котибияти вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатимизнинг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилган мулоқотда маҳалла билан боғлиқ маданий анъана ва урф-одатлар, уларни халқаро даражада тарғиб қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси котиби Фумико Охината ва Осиё-Тинч океани минтақаси учун масъул дастур мутахассиси Николас Тан мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.
Ўзбекистон томонидан Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси вакиллари маҳалланинг кўп асрлик тарихи, унинг жамият ҳаётидаги алоҳида ўрни ва миллий анъаналарни сақлашдаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Учрашувда маҳалла Ўзбекистон халқи турмуш тарзининг ажралмас қисми экани таъкидланди. У инсонларни яхши қўшничилик, ўзаро ёрдам, ҳамжиҳатлик ва катта авлод вакилларига ҳурмат тамойиллари асосида бирлаштиради.
ЮНЕСКО Котибияти вакиллари тақдим этилган материалларга катта қизиқиш билдирди. Улар Ўзбекистонда маҳалла билан боғлиқ шаклланган жамоат ҳаёти тартибининг ўзига хос хусусиятларини эътироф этди.
Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг номоддий маданий меросни тарғиб қилишдаги роли алоҳида қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, ўзбек маҳалла тизими тажрибаси ЮНЕСКО Котибияти мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати