Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси диний соҳада кўп йиллар самарали хизмат қилган Бухоро вилоятининг собиқ бош имом-хатиби Мансур домла Нуруллаевнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Раҳматли Мансур домла Нуруллаев Мир Араб мадрасаси ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таълим олган, меҳнат фаолияти давомида Бухоро вилояти Когон тумани бош имом-хатиби, “Баҳоуддин Нақшбанд” жоме масжиди имом-хатиби ва Бухоро вилояти бош имом-хатиби вазифаларида фидокорона хизмат қилган.
Сўнгги йилларда ўзининг илмий салоҳиятини ошириш йўлида Татаристон Республикасидаги Булғор Ислом академиясини тамомлаган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси ушбу мусибатга чин қалбдан шерик эканини изҳор этади. Барчамизни Аллоҳ таоло яратган. Тақдирларимизни иҳота қилувчи ягона Зот ҳам фақатгина Роббимизнинг Ўзидир. Қуръони каримда: “…Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз…” (Бақара, 156) дейилган.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилаётган бу дин хизматчисини мағфиратига олсин, яқинларига сабру жамил бериб, қазои қадарини имон ила, розилик ила қарши олганлар қаторида ажру мукофотлар ато этсин.
Ҳадиси қудсийлардан бирида айтилади: “Эй Одам фарзанди! …Албатта, Мен сизларнинг суратингизга ҳам, чиройингизга ҳам қарамайман. Балки қалбингизга қарайман ва сизлардаги яхши хислатлардан рози бўламан”. Раҳматли Мансур домла Нуруллаев ҳам ана шундай яхши хислатлар эгаси эди.
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан аҳоли билан ўтказилаётган очиқ мулоқотлар фуқаролар муаммоларини жойида ва ижобий ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.
Хусусан, бугун, 5 август куни Диний идора раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, диний таълим, хайрия, ишга жойлашиш, оилавий, уй-жой ва моддий ёрдам каби масалалардаги мурожаатларни кўриб чиқди.
Мазкур жараёнда оилавий масалаларда шаръий ечим ва зарур маслаҳатлар берилди, моддий кўмак сўраганларга эса белгиланган тартибда амалий ёрдам кўрсатилди.
Эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлган юртдошларимиз Диний раҳбариятига миннатдорлик билдиришди. Имом Бухорийдан ривоят қилинган "... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади", деган ҳадиси шарифга мувофиқ хайрли дуолар қилишди.
Таъкидлаш жоизки, бу каби юзма-юз мулоқот ва қабул жараёнлари ҳар ҳафтанинг чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг барча ҳудудий вакилликлари ҳамда жоме масжидларида имом-домлалар томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати