Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси диний соҳада кўп йиллар самарали хизмат қилган Бухоро вилоятининг собиқ бош имом-хатиби Мансур домла Нуруллаевнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Раҳматли Мансур домла Нуруллаев Мир Араб мадрасаси ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таълим олган, меҳнат фаолияти давомида Бухоро вилояти Когон тумани бош имом-хатиби, “Баҳоуддин Нақшбанд” жоме масжиди имом-хатиби ва Бухоро вилояти бош имом-хатиби вазифаларида фидокорона хизмат қилган.
Сўнгги йилларда ўзининг илмий салоҳиятини ошириш йўлида Татаристон Республикасидаги Булғор Ислом академиясини тамомлаган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси ушбу мусибатга чин қалбдан шерик эканини изҳор этади. Барчамизни Аллоҳ таоло яратган. Тақдирларимизни иҳота қилувчи ягона Зот ҳам фақатгина Роббимизнинг Ўзидир. Қуръони каримда: “…Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз…” (Бақара, 156) дейилган.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилаётган бу дин хизматчисини мағфиратига олсин, яқинларига сабру жамил бериб, қазои қадарини имон ила, розилик ила қарши олганлар қаторида ажру мукофотлар ато этсин.
Ҳадиси қудсийлардан бирида айтилади: “Эй Одам фарзанди! …Албатта, Мен сизларнинг суратингизга ҳам, чиройингизга ҳам қарамайман. Балки қалбингизга қарайман ва сизлардаги яхши хислатлардан рози бўламан”. Раҳматли Мансур домла Нуруллаев ҳам ана шундай яхши хислатлар эгаси эди.
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Жорий йилнинг 30 июнь куни Озарбайжон Республикасининг Шуша шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг дин масалалари бўйича масъул давлат органлари раҳбарларининг биринчи учрашуви доирасида Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқ Тошбоев Озарбайжон Республикаси Диний ташкилотлар билан ишлаш бўйича давлат қўмитаси раиси Рамин Маммадов билан учрашди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани, бу эса дин соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам замин яратаётгани таъкидланди.
Томонлар ҳар икки мамлакатда миллий ва маънавий қадриятларни асраш, соғлом диний-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш, аҳолининг диний-маърифий саводхонлигини юксалтириш ҳамда давлат ва дин муносабатларини янада такомиллаштириш устувор йўналишлардан бири эканини қайд этдилар.
Рамин Маммадов диний ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш, замонавий таҳдид ва чақириқларга мос институционал ҳамкорлик механизмларини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, Шушада ўтказилаётган учрашув Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг ваколатли органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун янги имкониятлар яратишини билдирди.
Содиқ Тошбоев томонлар ўртасида умумий маънавий қадриятларни асраш ва уларни келгуси авлодларга етказиш йўлида олиб борилаётган изчил сиёсат алоҳида аҳамият касб этаётганини қайд этди.
Шунингдек, томонлар ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлаб, ўзаро ташрифларни фаоллаштириш, мутахассислар ва экспертлар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда қўшма илмий-маърифий лойиҳаларни амалга ошириш икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди.
Шунингдек, Дин масалалари бўйича масъул давлат органлари раҳбарларининг биринчи учрашуви якунлари бўйича қабул қилинган Қўшма баёнот ушбу йўналишдаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар қўшма маърифий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзаро манфаатли бошқа масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати