Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси диний соҳада кўп йиллар самарали хизмат қилган Бухоро вилоятининг собиқ бош имом-хатиби Мансур домла Нуруллаевнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Раҳматли Мансур домла Нуруллаев Мир Араб мадрасаси ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таълим олган, меҳнат фаолияти давомида Бухоро вилояти Когон тумани бош имом-хатиби, “Баҳоуддин Нақшбанд” жоме масжиди имом-хатиби ва Бухоро вилояти бош имом-хатиби вазифаларида фидокорона хизмат қилган.
Сўнгги йилларда ўзининг илмий салоҳиятини ошириш йўлида Татаристон Республикасидаги Булғор Ислом академиясини тамомлаган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси ушбу мусибатга чин қалбдан шерик эканини изҳор этади. Барчамизни Аллоҳ таоло яратган. Тақдирларимизни иҳота қилувчи ягона Зот ҳам фақатгина Роббимизнинг Ўзидир. Қуръони каримда: “…Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз…” (Бақара, 156) дейилган.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилаётган бу дин хизматчисини мағфиратига олсин, яқинларига сабру жамил бериб, қазои қадарини имон ила, розилик ила қарши олганлар қаторида ажру мукофотлар ато этсин.
Ҳадиси қудсийлардан бирида айтилади: “Эй Одам фарзанди! …Албатта, Мен сизларнинг суратингизга ҳам, чиройингизга ҳам қарамайман. Балки қалбингизга қарайман ва сизлардаги яхши хислатлардан рози бўламан”. Раҳматли Мансур домла Нуруллаев ҳам ана шундай яхши хислатлар эгаси эди.
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказида «Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли» мавзусидаги I Халқаро ислом цивилизацияси форумининг тантанали очилиш маросими ўз ниҳоясига етди.
Тадбирнинг расмий қисмида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг анжуман қатнашчиларига йўллаган тарихий мурожаати Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов томонидан ўқиб эшиттирилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти бошлиғи Музаффар Камилов, ICESCO Бош директори доктор Салим ал-Малик, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ислом олами уюшмаси Бош котиби Муҳаммад ал-Исо (видеотабрик), Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари маслаҳатчиси Шайх Муҳаммад Дувайний, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода жаноблари ва бошқа мартабали уламолар сўзга чиқиб, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳоладилар.
Тантанали очилиш маросими якунлангач, халқаро анжуман ўз кун тартибидаги асосий илмий ва амалий қисмга ўтди. Форум режасига мувофиқ, айни дамда Ислом цивилизацияси марказида белгиланган 11 та ялпи мажлиснинг дастлабки шўъба йиғилишлари ҳамда кенг қамровли медиа тақдимотлар бошланди.
Уларда дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан келган 300 нафарга яқин уламолар, академиклар ва соҳа мутахассислари бой илмий меросни асраб-авайлаш, қўлёзмаларни рақамлаштириш ҳамда маърифий ислом ғояларини кенг ёйиш масалаларини атрофлича муҳокама қилмоқдалар.
Халқаро форумнинг Тошкентдаги тадбирлари қизғин давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати