Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Сентябр, 2026   |   4 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:43
Қуёш
06:03
Пешин
12:18
Аср
16:43
Шом
18:37
Хуфтон
19:52
Bismillah
15 Сентябр, 2026, 4 Рабиъус сони, 1448

ТАЪЗИЯ БИЛДИРАМИЗ

18.07.2020   7466   1 min.
ТАЪЗИЯ БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси диний соҳада кўп йиллар самарали хизмат қилган Бухоро вилоятининг собиқ бош имом-хатиби Мансур домла Нуруллаевнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Раҳматли Мансур домла Нуруллаев Мир Араб мадрасаси ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таълим олган, меҳнат фаолияти давомида Бухоро вилояти Когон тумани бош имом-хатиби, “Баҳоуддин Нақшбанд” жоме масжиди имом-хатиби ва Бухоро вилояти бош имом-хатиби вазифаларида фидокорона хизмат қилган.
Сўнгги йилларда ўзининг илмий салоҳиятини ошириш йўлида Татаристон Республикасидаги Булғор Ислом академиясини тамомлаган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси ушбу мусибатга чин қалбдан шерик эканини изҳор этади. Барчамизни Аллоҳ таоло яратган. Тақдирларимизни иҳота қилувчи ягона Зот ҳам фақатгина Роббимизнинг Ўзидир. Қуръони каримда: “…Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз…” (Бақара, 156) дейилган.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилаётган бу дин хизматчисини мағфиратига олсин, яқинларига сабру жамил бериб, қазои қадарини имон ила, розилик ила қарши олганлар қаторида ажру мукофотлар ато этсин.
Ҳадиси қудсийлардан бирида айтилади: “Эй Одам фарзанди! …Албатта, Мен сизларнинг суратингизга ҳам, чиройингизга ҳам қарамайман. Балки қалбингизга қарайман ва сизлардаги яхши хислатлардан рози бўламан”. Раҳматли Мансур домла Нуруллаев ҳам ана шундай яхши хислатлар эгаси эди.
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.

 

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тошкентда Ўзбекистон ва Қатар ҳамкорлигидаги нуфузли илмий конференция бўлиб ўтмоқда

08.09.2026   46044   1 min.
Тошкентда Ўзбекистон ва Қатар ҳамкорлигидаги нуфузли илмий конференция бўлиб ўтмоқда

Тошкент давлат шарқшунослик университетида Қатар Цивилизациялар альянси қўмитаси ҳамда Қатар университети ҳамкорлигида “Ўзбекистонда ислом маданий мероси ва унинг жаҳон илм-фанида тутган ўрни” мавзусида нуфузли халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда.


Форум Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги илмий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш, диёримиздан етишиб чиққан буюк мутафаккирларнинг бебаҳо меросини чуқур тадқиқ этиш ҳамда уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилди. Унда хорижлик таниқли олимлар, юртимиз диний соҳа вакиллари, тадқиқотчилар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.


Халқаро тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Дин ишлари бўйича қўмитанинг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов қатнашмоқда ва ўз маърузалари билан иштирок этмоқда.


Конференцияда юртимиз заминида шаклланган илмий мактабларнинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси алоҳида эътироф этилмоқда. Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Абу Али ибн Сино сингари буюк алломаларимиз илмий меросининг бугунги кундаги аҳамияти муҳокама қилинмоқда.


Шунингдек, сўнгги йилларда юртимизда маънавий-маърифий меросни тиклаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуасида яратилган замонавий шароитлар таништирилиб, хорижлик мутахассислар ўзаро ҳамкорликка даъват этилмоқда.


Маълумот ўрнида, мазкур нуфузли халқаро анжуман иши 8–9 сентябрь кунлари ҳам давом этади.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Тошкентда Ўзбекистон ва Қатар ҳамкорлигидаги нуфузли илмий конференция бўлиб ўтмоқда Тошкентда Ўзбекистон ва Қатар ҳамкорлигидаги нуфузли илмий конференция бўлиб ўтмоқда
Ўзбекистон янгиликлари