Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси диний соҳада кўп йиллар самарали хизмат қилган Бухоро вилоятининг собиқ бош имом-хатиби Мансур домла Нуруллаевнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Раҳматли Мансур домла Нуруллаев Мир Араб мадрасаси ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таълим олган, меҳнат фаолияти давомида Бухоро вилояти Когон тумани бош имом-хатиби, “Баҳоуддин Нақшбанд” жоме масжиди имом-хатиби ва Бухоро вилояти бош имом-хатиби вазифаларида фидокорона хизмат қилган.
Сўнгги йилларда ўзининг илмий салоҳиятини ошириш йўлида Татаристон Республикасидаги Булғор Ислом академиясини тамомлаган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси ушбу мусибатга чин қалбдан шерик эканини изҳор этади. Барчамизни Аллоҳ таоло яратган. Тақдирларимизни иҳота қилувчи ягона Зот ҳам фақатгина Роббимизнинг Ўзидир. Қуръони каримда: “…Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз…” (Бақара, 156) дейилган.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилаётган бу дин хизматчисини мағфиратига олсин, яқинларига сабру жамил бериб, қазои қадарини имон ила, розилик ила қарши олганлар қаторида ажру мукофотлар ато этсин.
Ҳадиси қудсийлардан бирида айтилади: “Эй Одам фарзанди! …Албатта, Мен сизларнинг суратингизга ҳам, чиройингизга ҳам қарамайман. Балки қалбингизга қарайман ва сизлардаги яхши хислатлардан рози бўламан”. Раҳматли Мансур домла Нуруллаев ҳам ана шундай яхши хислатлар эгаси эди.
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Мамлакатимизда мустақиллик байрамининг 35 йиллиги муносабати билан “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” ҳамда “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари доирасида ҳудудларда кенг кўламли тарғибот-ташвиқот, ободонлаштириш, хайрия ва меҳр-оқибат ишлари амалга оширилмоқда.
Мазкур жараён билан яқиндан танишиш мақсадида 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги мутасаддилар Тошкент шаҳри Сергели туманидаги “Нўғайқўрғон”, “Қумариқ” ва “Иттифоқ” маҳаллаларида бўлишди.
Ташриф давомида соҳа раҳбарлари маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, хайрия ва саховат ишларини кенгайтириш, ободонлаштириш ҳамда бунёдкорлик ишларининг бориши билан танишди. Шунингдек, маҳаллий ҳокимият вакиллари, “маҳалла еттилиги”, нуронийлар ҳамда диний соҳа ходимлари иштирокида ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Маҳаллаларда ўтказилган сайёр йиғинларда “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш”, оилаларда тотувликни мустаҳкамлаш, ёшларни илм-маърифатга йўналтириш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, фарзанд тарбияси ҳамда аҳоли муаммоларини ҳал этишда ҳамжиҳатликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, хонадонлар атрофи, кўчалар, ариқлар ва қабристонларни обод қилиш, уларнинг озодалигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳам тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганларидек, амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, энг аввало, маҳаллалар ҳаётида яққол намоён бўлиши ва аҳоли кайфиятида ўз аксини топиши лозим. Шу маънода, жорий йил якунида мамлакатимиз бўйлаб “Энг ораста хонадон”, “Энг файзли ҳовли”, “Энг обод кўча” ва “Энг намунали маҳалла” номинациялари бўйича ғолибларнинг аниқланиши мазкур эзгу ташаббусларнинг мантиқий давоми бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати