Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Ноябр, 2024   |   23 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:59
Қуёш
07:22
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
24 Ноябр, 2024, 23 Жумадул аввал, 1446

Муборак васиятлари: МУСО (АЛАЙҲИССАЛОМ)

16.07.2020   3328   12 min.
Муборак васиятлари: МУСО (АЛАЙҲИССАЛОМ)

Улуғ пайғамбарлардан яна бири Мусо (алайҳиссалом) китобида нималар борлигини сўраган Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) улуғ муаллим Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан жуда долзарб бўлган ўлим, дўзах, тақдир, молу дунё ва ҳисоб-китоб ҳақидаги мавзулар мавжудлигини билиб олди.

Мусо (алайҳиссалом) номи Қуръони каримнинг ўттиз тўрт сурасида 132 марта зикр қилинган. Каломуллоҳда зикр қилинган қиссаларнинг энг каттаси ва муфассал баён қилинганидан бири Мусо ва Ҳорун (алайҳимассалом) қиссалари десак, хато бўлмас.

Мусо (алайҳиссалом) насаби Яъқуб (алайҳиссалом) ўғилларидан бири Лово ибн Яъқубга бориб тақалади.

Ибн Касир “Пайғамбарлар қиссаси” китобида Мусо (алайҳиссалом) шажараларини “Мусо ибн Имрон ибн Қоҳис ибн Озир ибн Лово ибн Яъқуб ибн Исҳоҳ ибн Иброҳим” деб келтирган (“Қисасул анбиё”, Ибн Касир, 221-бет).

Қуръони каримда Мусо (алайҳиссалом) қиссаси, унинг эмизилиши, дарёга оқизилиши ва Фиръавн аёли Осиё қўлига бориб тушиши бундай баён этилади:

﴿وَأَوۡحَيۡنَآ إِلَىٰٓ أُمِّ مُوسَىٰٓ أَنۡ أَرۡضِعِيهِۖ فَإِذَا خِفۡتِ عَلَيۡهِ فَأَلۡقِيهِ فِي ٱلۡيَمِّ وَلَا تَخَافِي وَلَا تَحۡزَنِيٓۖ إِنَّا رَآدُّوهُ إِلَيۡكِ وَجَاعِلُوهُ مِنَ ٱلۡمُرۡسَلِينَ٧ فَٱلۡتَقَطَهُۥٓ ءَالُ فِرۡعَوۡنَ لِيَكُونَ لَهُمۡ عَدُوّٗا وَحَزَنًاۗ إِنَّ فِرۡعَوۡنَ وَهَٰمَٰنَ وَجُنُودَهُمَا كَانُواْ خَٰطِ‍ِٔينَ٨ وَقَالَتِ ٱمۡرَأَتُ فِرۡعَوۡنَ قُرَّتُ عَيۡنٖ لِّي وَلَكَۖ لَا تَقۡتُلُوهُ عَسَىٰٓ أَن يَنفَعَنَآ أَوۡ نَتَّخِذَهُۥ وَلَدٗا وَهُمۡ لَا يَشۡعُرُونَ٩ وَأَصۡبَحَ فُؤَادُ أُمِّ مُوسَىٰ فَٰرِغًاۖ إِن كَادَتۡ لَتُبۡدِي بِهِۦ لَوۡلَآ أَن رَّبَطۡنَا عَلَىٰ قَلۡبِهَا لِتَكُونَ مِنَ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ١٠ وَقَالَتۡ لِأُخۡتِهِۦ قُصِّيهِۖ فَبَصُرَتۡ بِهِۦ عَن جُنُبٖ وَهُمۡ لَا يَشۡعُرُونَ١١ ۞وَحَرَّمۡنَا عَلَيۡهِ ٱلۡمَرَاضِعَ مِن قَبۡلُ فَقَالَتۡ هَلۡ أَدُلُّكُمۡ عَلَىٰٓ أَهۡلِ بَيۡتٖ يَكۡفُلُونَهُۥ لَكُمۡ وَهُمۡ لَهُۥ نَٰصِحُونَ١٢ فَرَدَدۡنَٰهُ إِلَىٰٓ أُمِّهِۦ كَيۡ تَقَرَّ عَيۡنُهَا وَلَا تَحۡزَنَ وَلِتَعۡلَمَ أَنَّ وَعۡدَ ٱللَّهِ حَقّٞ وَلَٰكِنَّ أَكۡثَرَهُمۡ لَا يَعۡلَمُونَ١٣

«Биз Мусонинг онасига: “Уни эмизавер. Бас, агар (уни ўлдириб кетишларидан) қўрқсанг, уни дарёга ташлагин ва қўрқмагин ҳам, қайғурмагин ҳам. Зеро, Биз уни сенга қайтарувчи ва уни пайғамбарлардан қилувчимиз”, деб ваҳий қилдик. Бас, Фиръавннинг хонадон аҳли уни (ўсиб-улғайганида) ўзларига “душман ва ташвиш бўлиши учун” тутиб олди. Албатта, Фиръавн, Ҳомон ва уларнинг лашкарлари янглишган эди. Фиръавннинг хотини (унга): “(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирмангиз! Шоядки, бизларга нафи тегса ёки уни фарзанд қилиб олсак”, деди. Ваҳоланки, улар (ҳақиқатни) сезмас эди. Мусо онасининг қалби (ташвишдан) фориғ бўлди. Агар Биз (“Мусони ўзингга қайтарурмиз”, деган ваъдамиз)га ишонувчилардан бўлиши учун унинг кўнглини хотиржам қилмаганимизда, албатта, у (ўз ўғли экани)ни фош қилиб қўйган бўлур эди. (Она Мусонинг) опасига: “Унинг (ортидан) тушгин!” деди. Бас, у улар сезмаган ҳолларида (Мусони) бир четдан кузатиб турди. Биз олдиндан (Мусога барча) эмизувчи аёлларни тақиқладик (у ҳеч бир аёлни эммади), шунда (унинг опаси келиб): “Мен сизларга унга кафил бўлиб (эмизадиган) ва унга холис (доялик қиладиган) бир оилани кўрсатайми?” деди. Шундай қилиб, Биз (Мусонинг онасининг) кўзлари қувониши ва ғам чекмаслиги учун ҳамда Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун уни онасига қайтардик. Лекин кўпчилиги (бунинг ҳикматини) билмайди» (Қасас, 7–13).

Бир куни Фиръавн туш кўрди. Тушида бир ўт Байтул Муқаддасдан Мисргача ёниб келаётганди. Таъбирчиларнинг айтишича, Бани Исроилдан бир бола туғилиб, Фиръавннинг бор мулкини хароб қилади.

Фиръавн Бани Исроилда туғилган барча гўдакларни сўйишга қарор қилди. Одамлар подшоҳга: “Бир йил қатл қилдир, бир йил қолдир, бўлмаса, Бани Исроил қирилиб кетади”, деди. Подшоҳ кўнди. Кечирилган йили Ҳорун туғилди, қатл йили Мусо дунёга келди. Аллоҳ таоло болани сандиққа солиб, Нилга оқизишни онасига билдирди. Онаси худди шундай қилди. Сандиқ оқиб, Фиръавн қасрига яқин келди. Хотини Осиё сандиқни олдириб, очди, болани қўлига олди. Қалбига унинг муҳаббати тушди ва хурсанд бўлди. Бу боланинг муборак эканини англаб етди.

Фиръавн хотини Осиё бинти Музоҳим ҳақида турли фикрлар мавжуд. Суҳайлий фикрича, Осиё Мусонинг аммаси бўлган. Бошқалар эса, Осиё Мусо қабиласидан бўлган, дейди.

Ибн Жарир Табарийнинг айтишича, Осиё Юсуф (алайҳиссалом) замонидаги мусулмон фиръавннинг чевараси бўлган.

Фиръавннинг териси оқариб қолган эди. Осиё чақалоқ Мусонинг қўлчаси билан Фиръавн терисини силаб қўйган эди, Аллоҳнинг қудрати ила оқаргани кетди.

Орадан оз муддат ўтиб, подшоҳ аскарлари болани ўлдиришга фармон олганларини айтиб келди. Осиё: “Бу бола Бани Исроил эмас, бошқа ердан оқиб келди, ўзим бориб бу ҳақда подшоҳга арз қиламан”, деди ва болани кўтариб шоҳнинг олдига борди. Шоҳ ҳузурига кириб: “Бу сенинг ва менинг кўз қорачиғим-ку”, деди. Фиръавн: “Сенинг кўз қорачиғингдир, лекин менинг унга ҳожатим йўқ”, деди. Фиръавннинг хотини (унга): “(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, унинг бизларга нафи тегса ёки уни бола қилиб олсак”, деди. Улар (ўзларининг ҳалокатлари шу гўдак қўлида эканини) сезмаган ҳолларида (уни бола қилиб олишди)”.

Бир куни Осиё Мусо билан бирга Фиръавн олдига келди ва уни шоҳ ҳузурига ташлаб чиқиб кетди. У ерда мажлис бўлаётган эди. Мусо Фиръавн тиззасида ўтириб, соқолини юлиб олди. Ҳомон: “Шу бола сенинг мулкингни хароб қилади, сенга меросхўр бўлади, бунинг бобоси Иброҳим халилдир”, деб Мусони ёмонлади. Фиръавн жаллодларни чақирди. Бу хабар Осиёга етиб келди ва тезлик билан шоҳ ҳузурига югурди ҳамда: “Менга ҳадя қилган болани сўймоқчимисан?” деди. Фиръавн: «Соқолимни юлиб олди, мулозимларим: “Бу бола сенга меросхўр бўлади, қўлингдаги мулкингга эгалик қилади”, дейишди», деди. Осиё: “Сен уларнинг сўзига ишонма! Бу бола ҳали ёш, ҳеч нарсанинг фарқига бормайди. Мен буни сенга исбот қилиб беришим мумкин!” деди. Фиръавн: “Қандай қилиб?!” деди. Осиё: “Боланинг олдига чўғ билан гавҳар қўй. Агар гавҳарни олиб, чўғдан сақланса, билгинки, у ақл юритаётган бўлади. Агар чўғни олса, билгинки, ақлли кимса гавҳар турганда чўғни олмайди”, деди. Фиръавнга бу гап маъқул бўлди. Сарой хизматчиларидан иккитасини чақириб, биринииг қўлига чўғ, иккинчисиникига гавҳар берди ва уларни бола олдига юборди. Жаброил (алайҳиссалом) Мусонинг қўлидан ушлади ва чўғ устига қўйди, ҳатто у чўғни қўлида кўтариб оғзига солди, бундан тили куйди. Шу сабаб Мусо (алайҳиссалом) нутқи яхши, равон бўлмай қолган. Фиръавн буни кўриб: “Бу бола сўйилмасин”, деди. Осиё хурсанд бўлиб, болани олиб чиқиб кетди. Унга малика яхши тарбия берди, ёзиш ва ўқишни ўргатди. Мусо Осиёнинг фазилати билан худди подшоҳнинг ўғлидек ўсди. Аллоҳ уни шу ишларга сабабчи қилди.

﴿وَلَمَّا بَلَغَ أَشُدَّهُۥ وَٱسۡتَوَىٰٓ ءَاتَيۡنَٰهُ حُكۡمٗا وَعِلۡمٗاۚ وَكَذَٰلِكَ نَجۡزِي ٱلۡمُحۡسِنِينَ١٤

«Қачон, у вояга етиб, (ақли) тўлгач, Биз унга ҳикмат ва билим ато этдик. Биз чиройли амал қилгувчи кишиларни мана шундай мукофотлаймиз» (Қасас, 14).

Васиятда: Мусо (алайҳиссалом)га нозил қилинган нарса ибратлардан иборат эди, дейилди.

Ваҳб ибн Мунаббиҳ айтади: «Тавротда қуйидагилар ёзилган: “Ким дунёда охират тадоригини тайёрласа, қиёмат куни Аллоҳнинг дўсти бўлади. Ким ғазабини тарк қилса, Аллоҳнинг ёнида бўлади. Ким дунё лаззатларини тарк қилса, қиёмат куни Аллоҳнинг азобидан омонда бўлади. Ким ҳасадни тарк қилса, қиёмат куни халойиқ олдида мақтовга сазовор бўлади. Ким риёсатни тарк қилса, қиёмат куни Жаббор, Молик сифатли зот ҳузурида азиз бўлади. Ким дунёда ортиқча нарсаларни тарк қилса, яхшилар орасида неъматланади. Ким дунёда хусуматни тарк қилса, қиёмат куни нажот топганлардан бўлади. Ким дунёда бахилликни тарк қилса, қиёмат куни халойиқнинг бошида зикр қилинади. Ким дунёда роҳатни тарк қилса, қиёмат куни шод бўлади. Ким дунёда ҳаромни тарк қилса, қиёмат куни пайғамбарлар қўшниси бўлади. Ким дунёда ҳаром нарсаларга қарашни тарк қилса, қиёмат куни Аллоҳ унинг кўзини жаннатда шодлантиради. Ким дунёда бойликни тарк қилиб камбағалликни ихтиёр қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло валийлар ва набийлар билан бирга қайта тирилтиради. Ким дунёда инсонларнинг ҳожатларини чиқарувчи бўлса, Аллоҳ таоло дунё ва охиратда унинг ҳожатларини чиқаради. Ким қабрида ҳамроҳи бўлишини хоҳласа, кечаси қоронғида туриб намоз ўқисин. Ким Раҳмон Арши соясида бўлишни хоҳласа, зоҳид бўлсин. Ким ҳисоби енгил бўлишини хоҳласа, ўзига ва биродарига насиҳат қилсин. Ким фаришталар зиёрат қилишини хоҳласа, тақводор бўлсин. Ким жаннатда хурсанд бўлишни хоҳласа, кечаю кундуз Аллоҳни зикр қилсин. Ким жаннатга ҳисобсиз киришни хоҳласа, Аллоҳга насуҳ тавбасини қилсин. Ким бой бўлишни хоҳласа, Аллоҳ тақсимлаб қўйган нарсага рози бўлсин. Ким фақиҳ бўлишни хоҳласа, Аллоҳдан ҳамиша қўрқувда бўлсин. Ким ҳаким бўлишни хоҳласа, олим бўлсин. Ким инсонлардан саломат бўлишни хоҳласа, инсонларнинг фақат яхшиликларини зикр қилсин. Нимадан яратилдим ва нимадан хулқландим, деб ибратлансин. Ким дунё ва охиратда шарафни хоҳласа, дунё устига охиратни қўйсин. Ким Фирдавс жаннатини ва тугамас неъматни хоҳласа, умрини дунё фасодларига зое қилмасин. Ким дунё ва охиратда жаннатни хоҳласа, сахий бўлсин, чунки сахийлик ўз эгасини жаннатга яқин ва дўзахдан узоқ қилади. Ким қалбининг мукаммал нур билан мунаввар бўлишини хоҳласа, тафаккур ва ибратланишни лозим тутсин. Ким бадани сабрли, тили зокир, қалби хушули бўлишини хоҳласа, мўмин-мўминалар, муслим-муслималар ҳақига кўп истиғфор айтишни одат қилсин”».

Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ таолога жаннатда ўзига ким қўшни бўлишини билдиришни сўраб, кўп ёлворар эди. Бир куни бундай нидо келди: “Эй Мусо, фалон ерда яшовчи қассоб сенинг жаннатдаги дўстинг бўлади”. Мусо (алайҳиссалом) қизиқиб, қайси ибодати учун у бунга лойиқ бўлганини билиш ниятида йўлга чиқди. Мусо (алайҳиссалом) ўша одамни қидириб топди. Қассоб Мусо (алайҳиссалом)нинг ҳақ пайғамбар эканини билган, имон келтирган, лекин ўзини кўрмаган эди. Шунинг учун танимади. Кечқурун қассоб Мусо (алайҳиссалом)ни ўз уйига олиб кетди. Овқат тайёрлади. Дастурхон тузади. Овқат ейишдан олдин қассоб деворга осилган бир замбилни ерга туширди ва ундан ҳаракат қилишга сира мадори қолмаган бир кампирни чиқарди. Худди гўдакни овқатлантиргандек уни едирди, ичирди ва яна замбилга қўйиб, деворга осди. Шунда кампир нималардир деб шивирлади. Кекса аёлнинг нима деяётганини тушунмаган Мусо (алайҳисса­лом) қассобдан: “Ўғлим, бу кампир киминг бўлади?” деб сўради. Қассоб: “Бу аёл онам бўлади. Ўтириб-туришга, овқат ейишга ҳоллари йўқ. Шу боис ўзим едираман, ичираман ва тозалигига қарайман. Қўлимдан келганича хушнуд этишга ҳаракат қиламан”, деди. Мусо (алайҳиссалом): “Ҳозиргина у сенга гапиргандай бўлди, нималар деди?” деб сўради. Қассоб: «Онам: “Эй Раббим! Мен ўғлимдан хурсандман. Сен ҳам ундан рози бўл. Жаннатда уни Мусога қўшни қил”, деб дуо қилди», деди. Шунда Мусо (алайҳиссалом) ўзини танитадиган вақт келганини тушунди ва: “Мен Аллоҳнинг пайғамбари Мусо бўламан. Аллоҳдан жаннатдаги қўшним ким бўлишини билдиришни илтижо қилган эдим. Ҳақ таоло сени билдирди. Сенга хушхабар бўлсин. Онангга қилган хизматинг учун Аллоҳ сендан рози бўлди. Онангнинг дуосини қабул қилди. Аллоҳ сени жаннатда менга қўшни қилди”, деди.

Китобларда Мусо ва Ҳорун (алайҳимассалом) қиссаси батафсил ёритилганини инобатга олиб, ўқувчини зериктириб қўймаслик мақсадида, шу ерда Мусо (алайҳиссалом) мавзуига якун ясаймиз.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

ТАҚВО ҲАР ИШНИНГ БОШИДИР

ҚУРЪОНИ КАРИМ ТИЛОВАТИ ФАЗИЛАТИ

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аллоҳим ожизлигимизга назар сол

22.11.2024   3856   2 min.
Аллоҳим ожизлигимизга назар сол

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни илмий мажлисларида шундай дедилар: «Инсонга ҳаётда ғам, мусибат ва машаққатлар етади. Агар банда чуқурроқ ўйлаб кўрса, бу машаққат ва қийинчиликлар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини англайди. Масалан, беморлик ҳам бир неъмат. Фақирлик ва муҳтожлик ҳам неъмат. Қалб кўзи очиқ инсон бу нарсалар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини кўради. Ҳақиқатда, машаққат ва қийинчиликлар неъматдир. Аммо бизнинг қосир ақлимиз уларнинг неъмат эканини сиғдира олмайди».

Шу ўринда мусибат ва қийинчиликлар қандай қилиб неъмат бўлади? деган савол туғилади. Бу саволнинг жавоби ҳадиси шарифда келади. Унда айтилишича, Аллоҳ таоло охиратда машаққат ва мусибатларга сабр қилган бандаларига беҳисоб ажр-мукофотлар беради, ўшанда дунёда у қадар мусибатга учрамаган одамлар у бандаларни кўриб, кошки, ҳаёти дунёда бизга ҳам мусибат ва машаққатлар етганда эди, биз ҳам сабр қилган ва сабримизга мана шундай ажр-савоблар олган бўлар, бу кунда сабр қилувчилар билан бирга турар эдик, деб орзу қиладилар.

Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деб турганларида, мажлисга бир одам кириб келди. У ногирон бўлиб, турли хил дардларга мубтало эди. У келиб, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳга: «Менинг ҳаққимга дуо қилинг, Аллоҳ таоло менга бу машаққатлардан нажот берсин», деди.

Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Биз ўша мажлисда ҳозир эдик. Ўшанда ҳайрон бўлдик, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бутун мусибатлар ва қийинчиликларнинг неъмат эканини айтиб турибдилар. Бу ёқда эса бу одам ўзидан машаққат ва қийинчиликларнинг кетишини истаб дуо сўраяпти. Агар бу ногирон одамдан машаққатлар кетишини сўраб дуо қилсалар, у ҳолда неъматнинг зое бўлишини сўраган бўладилар-ку? Ҳожи Имдодуллох Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шу пайт қўлларини дуога кўтардилар ва: «Аллоҳим! Ҳақиқатда, барча мусибат ва машаққатлар неъматдир. Лекин, Аллоҳим, биз ожизмиз. Сен бизнинг ожизлигимизга назар сол ва бу машаққат неъматини саломатлик неъматига алмаштириб бер!» деб дуо қилдилар».

«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан

Мақолалар