Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Август, 2026   |   18 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:25
Қуёш
05:48
Пешин
12:23
Аср
17:03
Шом
19:02
Хуфтон
20:21
Bismillah
31 Август, 2026, 18 Рабиъул аввал, 1448

Шошилинг, Ҳадис илми мактабида ўқиш имкониятини қўлдан бой берманг!

09.07.2020   6363   3 min.
Шошилинг, Ҳадис илми мактабида ўқиш имкониятини қўлдан бой берманг!

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 20 июнидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига 2020-2021 ўқув йили учун абитуриентларнинг ҳужжатларини qabul.muslim.uz портали орқали онлайн қабул қилиш жараёнлари бошланган эди.

Ҳадис илми мактаби олий диний таълим муассасасига ўқиш учун абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш 10 июль куни соат 20:00 га қадар давом этишини маълум қиламиз.

Ҳадис илми мактабининг ушбу ўқув йилдаги абитуриентлар учун қандай имкониятлар мавжуд?

Биринчидан, Ҳадис илми мактабига абитуриентларни ҳужжатларини қабул қилиш муддати бошқа олий диний таълим муассасалари (Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасаси)дан фарқли ўлароқ, 10 кун олдин якунланишини инобатга олиб, Мактаб абитуриентлари жорий йилнинг  15 июлига қадар барча қабул имтиҳонларига иштирок этишади.

Иккинчидан, Қабул имтиҳонлари натижалари имтиҳондан сўнг тезда эълон қилинишини инобатга олиб, Мактаб абитуриентлари имтиҳон натижаларидан кўра кириш учун етарли балл тўплай олмаган тақдирда, 20 июлга қадар бошқа олий диний таълим муассасаси (Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасаси)га ҳужжат топшириш ҳамда қабул имтиҳонларига қайта иштирок этиш имкониятига эга бўлишади.

Учинчидан, Ҳадис илми мактабига кириш учун етарли балл тўплаймаган абитуриентлар қабул имтиҳонларига қатнашиш орқали бошқа олий диний таълим муассасасига кириш учун қабул имтиҳонлари бўйича тажриба ҳосил қиладилар.

Демак, Ҳадис илми мактаби абитуриентлари бир йилда иккита олий диний таълим муассасасига ҳужжат топшириб, имтиҳон жараёнларига иштирок этиш имкониятига эга бўладилар. 

Ҳадис илми мактабига абитуриентлар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  1. Паспорт (электрон шакли);
  2. Ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлаганлик тўғрисидаги ҳужжат (диплом) электрон шаклда;
  3. 1 дона рангли фотосурат (3х4 ҳажмдаги) электрон шаклда.

Абитуриентлар ҳужжатларни масофавий тарзда qabul.muslim.uz портали орқали топширишади.

Ҳужжатларни қабул қилишнинг охирги муддати: 2020 йил 10 июл соат 20:00 га қадар. 

Ҳадис илми мактабига қабул имтиҳон фанлари:

  • “Ҳадис ва Мусталаҳул ҳадис” (ижодий имтиҳон) 93 балл;
  • “Араб тили” (ижодий имтиҳон) 63 балл;
  • “Ўзбекистон тарихи” (тест) 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 1.1 балл берилади, жами 33 балл. 

 

Ҳадис илми мактаби колл марказ телефон рақами: (+99866) 240 20 51 

Шунингдек, Ҳадис илми мактаби қабул жараёнлари тўғриисдаги тўлиқ маълумотни hadith.uz сайти ва унинг ижтимоий тармоғларидаги манзиллари орқали олишингиз мумкин.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

19.08.2026   41398   2 min.
18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.

Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.

Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.

1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.

1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.

Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.

2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари