Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Сентябр, 2026   |   19 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:26
Қуёш
05:49
Пешин
12:23
Аср
17:01
Шом
19:00
Хуфтон
20:19
Bismillah
01 Сентябр, 2026, 19 Рабиъул аввал, 1448

Кириб келди ойлар шоҳи Рамазон! (Шеър)

19.05.2018   54220   1 min.
Кириб келди ойлар шоҳи Рамазон! (Шеър)

Яратганнинг бандаларга раҳмати,
Мағфиратдур мўминга ҳар заҳмати,
Тўсиб нордан рўзадорни шафқати,
Кириб келди ойлар шоҳи Рамазон,
Қутлуғ бўлсин элга моҳи Рамазон.

 

Дил покланар кундузлари сиямдан,
Чексиз роҳат ёғар тунлар қиямдан,
Шукроналар қилгил бундай ниамдан,
Кириб келди ойлар шоҳи Рамазон,
Қутлуғ бўлсин элга моҳи Рамазон.

 

Ҳар лаҳзаси чорлаб хайру сахога,
Тенглик бўлар бунда шоҳу гадога,
Ҳар ён тўлиб қуръоний хуш садога,
Кириб келди ойлар шоҳи Рамазон,
Қутлуғ бўлсин элга моҳи Рамазон.

 

Қувиб ўздан лаин иблис шайтонни,
Бой бермагай оқил бундай имконни,
Дўст тутмагай асло беғам нодонни,
Кириб келди ойлар шоҳи Рамазон,
Қутлуғ бўлсин элга моҳи Рамазон.

 

Ғаниматдур бу кунларга бўл толиб,
Саодатли дамларидан баҳр олиб,
Нафсинг билан жангда бўлгил сен ғолиб,
Кириб келди ойлар шоҳи Рамазон,
Қутлуғ бўлсин элга моҳи Рамазон.

Толибжон Рўзибоев

 

Рамазон-2018
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Диний таълимда янги босқич: Тошкентда нуфузли анжуман бўлиб ўтмоқда

20.08.2026   52071   2 min.
Диний таълимда янги босқич: Тошкентда нуфузли анжуман бўлиб ўтмоқда

Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказининг Катта мажлислар залида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» мавзусидаги I илмий-амалий анжумани бошланди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу нуфузли тадбирда Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, шунингдек, диний таълим муассасалари раҳбарлари, бош имом-хатиблар ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда.  Анжуманга жами 700 нафарга яқин педагог ва соҳа вакиллари жалб этилган бўлиб, уларнинг 300 нафари бевосита залда, 400 нафари эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашмоқда.

Сўзга чиққан нотиқлар сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий соҳани такомиллаштириш ва замонавий кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга тўхталиб ўтмоқда. Таъкидланганидек, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ислом институти ва мадрасаси ҳамда 4 та халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши илм аҳлига кенг имкониятлар эшигини очди. Тошкент ислом институтида магистратура очилди, тизимдаги 510 нафар педагогнинг 50 нафардан ортиғи PhD ва DSc илмий даражаларига эга бўлди. 

Шунингдек, юртимиздаги диний таълим муассасаларига Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси устозлари жалб этилди. 90 та фан дастури ва янги авлод дарсликлари яратилди. Мир Араб, Хадичаи Кубро, Ҳидоя ва Кўкалдош мадрасалари замонавий биноларга эга бўлиб, Иордания, Миср ва Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликлар ривожланмоқда.

Ушбу нуфузли анжумандан кўзланган мақсад ҳам профессор-ўқитувчилар учун илмий-амалий мулоқот майдонини яратиш, педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, таълим жараёнига рақамли ва инновацион усулларни кенг жорий этишдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари