Фотиҳа сураси, 5–7 оятлар.
ٱهۡدِنَا ٱلصِّرَٰطَ ٱلۡمُسۡتَقِيمَ
"Тўғри йўл" – Аллоҳнинг ҳидоят йўли, Унинг ризосига эришиш йўлидир. Мазкур суранинг хулосаси шуки, Ислом дини учун асос бўлган ақида учтадир: биринчиси – тавҳид, яъни Аллоҳни зот ва сифатда яккаю ягона билиш; иккинчиси – рисолат, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақ пайғамбар деб билиш; учинчиси – Қиёматга имон келтириш. Аксари маккий сураларда ушбу уч ақида борасида сўз боради. Аллоҳнинг ҳидоят йўли фақат Унинг Ўзига имон келтириш, Унга қуллик қилиш, Унинг тоат-ибодатида қоим бўлишдир. Фақат Парвардигорнинг Ўзига юкуниш, барча ишларни Унга ҳавола этиш, Унинг Ўзидангина умидвор бўлиш, Ундан қўрқиш, мағфирати ва раҳматини умид қилиш энг тўғри йўлдир. Аллоҳ таоло инсонни Ўзига ибодат қилиши, амр-фармонларини бажариши учунгина халқ қилган. Бунга даъват қилиш учун расулларини юборган, китоблар нозил қилган. Унинг ҳақ йўлини тутганлар, Унга ибодат қилганлар, амр-фармонларини бажариб, қайтарган ишларидан чекинганлар ҳидоят топишган. Охиратда ажр-мукофотларга (жаннатга) эришиш хушхабари билан муждаланишган. Аллоҳнинг буйруқларини инкор этган, расулларига итоатда бўлмаган, залолатга кетиб, куфр ва ширк йўлини танлаган кимсаларга эса охиратда аламли азоблар, дўзах қийноқлари борлиги хабари берилган.
صِرَٰطَ ٱلَّذِينَ أَنۡعَمۡتَ عَلَيۡهِمۡ
Аллоҳнинг инъомига (ҳидоятига) сазовор бўлган, Аллоҳ севган зотлар пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ-яхши кишилардир. Масалан, пайғамбарлар Аллоҳ таоло инсонлар орасидан саралаб олган зотлар бўлиб, улар мўминларга дунё ва охират хушхабарларини етказишади, кофир ва мушрик кимсаларни дунё ва охиратда шиддатли азоблар борлигидан огоҳлантиришади. Сиддиқлар эса Аллоҳнинг мавжудлиги ва ягоналигига, Унинг пайғамбарлари, фаришталари, китобларига ҳеч қандай тараддудсиз, шубҳа-гумонсиз ишонган ростгўй ва имонли кишилардир. Шаҳидлар эса Аллоҳ динини ғолиб қилиш, Унинг шариати Ер юзида жорий бўлиши йўлида жон фидо қилган саодатманд мўминлардир. Аллоҳ бандаларини Ўзига ибодат қилишлари учун азиз ва мукаррам, Ердаги Ўзининг халифаси қилиб яратиш билан бирга уларни имтиҳон ҳам қилиш учун уларга икки йўлни – имон ва ҳидоят йўли билан куфр ва залолат йўлини рўпара қилиб қўйган. Биринчи йўлни танлаганлар Аллоҳга бўйсунишади, Ундан қўрқишади, Аллоҳ кўрсатганидай фақат солиҳ, эзгу амаллар қилиб ўтишади. Буларнинг эвазига абадий роҳат-фароғат маскани бўлмиш жаннат билан мукофотланишади. Иккинчи йўлни танлаганлар эса Аллоҳга ширк келтирган, шайтон васвасасига, нафс алдовига учиб, умрини гуноҳ ва қабиҳ ишлар билан ўтказган, елга совурганлардир. Улар чексиз азоб-уқубат ўчоғи бўлмиш жаҳаннамда абадий азоб чекиш билан жазоланадилар. Шунинг учун мусулмонлар ҳар намозларида Аллоҳ таолога ёлбориб, Парвардигор инъомига сазовор бўлган солиҳ инсонлар сафида этиб қўйишини сўрашади.
غَيۡرِ ٱلۡمَغۡضُوبِ عَلَيۡهِمۡ وَلَا ٱلضَّآلِّينَ
Унинг ғазабига учраганлар яҳудийлар, йўлдан озган-адашганлар эса насронийлардир. Дарҳақиқат, инсоният тарихига назар ташлайдиган бўлсангиз, Қуръони каримнинг бу ҳақиқати ва ҳикматига тўла ишонч ҳосил қиласиз. Яҳудийлар энг қадимий, Аллоҳ азиз қилган, улкан салоҳият, илму ҳикмат ато этган улуғ қавм, халқ бўлган. Деярли барча пайғамбарлар ҳам шу миллатдан танлаб олинган. Аллоҳ таоло бу халққа жуда кўп марҳаматлар қилган, неъматлар ато этган, уларнинг мартабасини кўтарган. Аммо айнан яҳудийларгина ҳамиша Аллоҳнинг ваҳийларига осийлик қилишган, у юборган пайғамбарларни хўрлашган, ҳатто жисмонан йўқотишгача боришган. Ана шундай осийликлари учун улар Аллоҳ таолонинг ғазабига гирифтор бўлишган, неча марта улар бошига турли офат-балолар, ҳалокатлар келган. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: "Уларга хорлик-муҳтожлик туширилди ва Аллоҳ таолонинг ғазабига гирифтор бўлишди. Бу, Аллоҳ таолонинг ҳукмларига куфр келтиришгани, пайғамбарларни ноҳақ ўлдиришгани учундир. Бу, итоатсизлик қилиб, ҳаддан ошишгани учундир!" (Бақара, 61).
Насронийлар эса, дин ва шариатларидан чалғиб-адашиб кетишган, Исо Масиҳни Аллоҳнинг ўғли, ҳатто Худо дейишгача боришган, "Муқаддас Учлик" (Худо, Унинг аёли Марям ва Худонинг "ўғли" Исо ёки Худо, Унинг "ўғли" Исо ва Жаброил) деган бемаъни эътиқодни ўйлаб топишган, ўзларига нозил қилинган Инжилга беҳисоб тузатиш-ўзгартиришлар киритиб, унинг илоҳий моҳиятига нуқсон етказишган. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларни Ўз Каломида "йўлдан адашганлар" деб зикр этяпти. Гоҳо айримларнинг мана бундай "доно"ликларига дуч келамиз: "Яҳудий ва насронийлар ҳам ягона Аллоҳга ибодат қилишади, мусулмонлар уларнинг пайғамбарлари Мусо ва Исо алайҳимассаломни Аллоҳнинг пайғамбарлари, деб ишонишади. Шундай бўлгач, учала илоҳий дин ўртасидаги ихтилофларга чек қўйиш учун уларни бирлаштириб, ягона бир динга эътиқод қилса бўлмайдими?" Динлар тарихидан мутлақо бехабар кимсаларнинг бу "кашфиёт"лари мисрлик дин ислоҳотчиси Муҳаммад Абдуънинг "Ислом ва насронийлик" китобидаги мана бу жумлаларга ниҳоятда ҳамоҳанг ва ўхшаш бўлиб кўринади: "Барча динлар ягонадир. Улар ташқи кўринишлари билан фарқланади, холос. Мен хоҳлардимки, яҳудийлар, насронийлар ва мусулмонлар бир-бирларини қўллаб-қувватласалар (Олимнинг фикри шу ергача мантиқан тўғри – муаллиф). Мен айтаманки, дунёнинг икки улуғ дини бўлган Ислом ва насронийлик бир-бирига қўлини чўзиб қучоқлашади. Ўшанда Таврот, Инжил ва Қуръон бир-бирини қувватлайдиган китоблар бўлади, ҳамма ерда ўқилади ва ҳар бир миллат томонидан эъзозланади". Муҳаммад Абдуъ мусулмонлар Таврот ва Инжил ўқийдиган бўлишларини кутаётганини ёзган.
Бу масалада ҳақиқат ким томонида? Агар юқоридаги фикрларда асос бўлса, унда Аллоҳ таоло нега бутун инсониятга охирги ҳақ дин деб Исломни танлаган? Унда нега Аллоҳ бутун кишилик жамиятига охирги пайғамбар қилиб Муҳаммад алайҳиссаломни юборган? Ана шу саволларга аниқ жавобни эса Қуръони карим оятларидан топамиз: "Аллоҳ наздидаги мақбул дин Исломдир. Аҳли китоблар билиб туришса ҳам ўзаро ҳасад туфайли тортишувга боришди". (Оли Имрон, 19); "Бугун динингизни мукаммал қилдим, неъматларимни бенуқсон, тўлиқ қилиб бердим ва сизларга Исломни дин деб рози бўлдим". (Моида, 3); "У Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан, уни барча динлардан устун қилиш учун юборган Зотдир". (Фатҳ, 28).
Фотиҳа сурасининг аввалги қисмида Аллоҳ таолога ҳамду сано ва иккинчи қисмида дуо таълими бор. Сурани ўқиб тугатгач, "Омин!" ("Аллоҳим, ижобат қил" маъносида) дейиш суннатдир. Чунки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар имом "...ғойрил мағзуби ъалайҳим валаддолийн" деса, "Омин!" денглар, кимнинг "омин!" дегани фаришталарнинг "омин"ига тўғри келиб қолса, олдинги гуноҳлари мағфират қилинади", деганлар (Бухорий ривояти). Мазҳабимизда "Омин!" лафзи махфий (овоз чиқармай) айтилади.
СУРАНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ
Аллоҳ таоло айтади: "(Эй Муҳаммад), дарҳақиқат, Биз сизга “етти такрорланувчи”ни ва улуғ Қуръонни бердик" (Ҳижр сураси, 87-оят). Мазкур оятдаги "етти такрорланувчи" Фотиҳа сурасидир.
Мазкур суранинг фазилатлари ҳақида жаноби Пайғамбаримиздан кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Абу Саъид ибн Муалло айтади: "Мен намоз ўқиётган эдим, Пайғамбар алайҳиссалом чақириб қолдилар... Борсам: "Масжиддан чиқиб кетмасингдан олдин сенга Қуръоннинг энг улуғ сурасини ўргатайми?" дедилар-да қўлимдан тутдилар. Сўнг масжиддан чиқмоқчи бўлганимизда: "Эй Аллоҳнинг Расули, сиз менга Қуръоннинг энг улуғ сурасини ўргатайми?" деган эдингиз, дея эслатдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Етти оятдан иборат Фотиҳа сураси бўлиб, менга берилган улуғ Қуръон шудир!" дедилар (Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло айтади: "Фотиҳа сурасини Ўзим билан бандам орасида иккига тақсимлаганман, бандам нимани сўраса бераман".
Агар банда: "Алҳамду лиллаҳи Роббил оламин" деса, Аллоҳ: "Бандам менга мақтов ва шукр айтди", дейди.
Банда: "ар-Роҳманир Роҳийм" деса, Аллоҳ: "Бандам менга сано айтди", дейди.
Банда: "Малики явмиддин" деса, Аллоҳ: "Бандам мени улуғлади", дейди.
Банда: "Иййака наъбуду ва иййака настаъин" деса, Аллоҳ: "Бу Мен ва бандам орасидаги нарса, у нимани сўраса бераман", дейди.
Банда: "Иҳдинас сиротол мустақийм, сиротоллазина анъамта алайҳим ғойрил мағзуби ъалайҳим валаз-золлин" деса, Аллоҳ: "Бу бандамга хос, сўраганини бердим", дейди (Насоий ривояти).
Бугуннинг гапи
“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
“Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.
Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.
Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!
Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.
Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.
Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.
Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.
Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.
Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.
Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.
Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.
Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.
Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:
Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.
Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.
Толибжон НИЗОМ