Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Ислом дини пайдо бўлибдики унга туҳмат тоши отувчилар бор. Ана шундай туҳматлардан бири Исломда одамларни, хусусан, аёлларни ўлдиришга буюрилади, деган гапдир.
Аслида муқаддас динимизда бегуноҳ инсонни қонини тўкиш, жонига қасд қилиш, ҳатто, ўз жонига қасд қилиш ҳам гуноҳи кабира саналади. Исломда битта одамни ноҳақ ўлдириш ҳамма одамларни ўлдириш билан баробардир. Қуръони каримда шундай дейилади:
مَنْ قَتَلَ نَفْسًا بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الْأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعًا وَمَنْ أَحْيَاهَا فَكَأَنَّمَا أَحْيَا النَّاسَ جَمِيعًا
яъни: “...Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир” (Моида сураси 32-оят).
Айниқса, кексалар, аёллар ва болаларни ҳаётига тажаввуз қилишга ҳаттоки жангларда ҳам рухсат берилмайди. Бу ҳақда бир қанча ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Қуйида шундай ҳадислардан баъзиларини ўрганиб чиқамиз. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо шундай дейдилар:
وجدت امرأة مقتولة في بعض مغازي رسول الله صلى الله عليه وسلم فنهى رسول الله صلى الله عليه وسلم عن قتل النساء والصبيان
(رواه الامام البخاري و الامام مسلم عن ابن عمر رضي الله عنهما)
яъни: “Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазот (Расулуллоҳ ўзлари қатнашган жанг)ларининг бирида бехосдан ўлдирилган аёл топилди ва шундан кейин Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар ва болаларни ўлдиришдан қайтардилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қўшинни кузата туриб шундай деганлар:
انطلقوا باسم الله وبالله وعلى ملة رسول الله ولا تقتلوا شيخا فانيا ولا طفلا ولا صغيرا ولا امرأة
(رواه الامام أبو داود عن أنس بن مالك رضي الله عنه)
яъни: “Аллоҳнинг исми ила, Расулуллоҳ миллати (уммати, дини, одати)га кўра ҳаракат қилинг ва ёши улуғ кексаларни, ўсмирларни, ғўдаклар ва аёлларни ўлдирманглар”(Имом Абу Довуд ривоятлари).
Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом 14 аср аввал урушдаги асосий қоидалардан бирини умматларига буюрмоқдалар. Бу инсонпарвар қоида: агарчи душманларнинг ёш болалари, қариялари ва аёллари бўлса ҳам, урушга алоқаси бўлмаса, уларни ўлдирилмайди, уларнинг жони дахлсиз қолади. Агар ҳозирда дунёда бўлаётган уруш ҳаракатларида Пайғамбаримиз алайҳиссаломни биргина мана шу буйруқларига амал қилинса, юз минглаб болалар ва аёлларнинг жони сақлаб қолинган бўларди.
Бундай ҳадисларни кўплаб келтириш мумкин. Аммо, соғлом ақл, соф ақида ва теран фикрли инсон учун мана шу ривоятларнинг ўзи ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон аёлларни, болаларни ва ожиз кексаларни ўлдиришга буюрмаганликларини англаб етади.
Ислом динимизга нисбатан қалбида душманлиги бўлган ғаразли кимсалар Пайғамбаримиз алайҳиссаломга туҳмат ўлароқ қуйидаги ҳадисни келтирадилар, ҳадиснинг тўлиқ матни қуйидагича:
قال ابن إسحاق : وحدثني شعبة بن الحجاج عن عبد الملك بن عمير ، عن عطية القرظي ، قال كان رسول الله صلى الله عليه وسلم قد أمر أن يقتل من بني قريظة كل من أنبت منهم وكنت غـــلاماً ، فوجدوني لم أنبت فخلوا سبيلي .
яъни: “Ибн Исҳоқ раҳимаҳуллоҳ: “Шуъба ибн ал Ҳажжож менга Абдул Малик ибн Умайрдан, у киши эса Атия ал Қурозий разияллоҳу анҳудан бир ҳадис айтиб берди. Унда жумладан: “Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам (Ҳандақ жангидан кейин) Бану Қурайза (Мадинада яшайдиган, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам билан тинчлик битимини тузган, аммо, кейинчалик аҳдларига вафо қилмай, Пайғамбаримиз ва мусулмонларга хиёнат қилган яҳудий қавм)дан ҳар бир вояга етган кишиларни ўлдиришни буюрдилар. Мен ёш бола эдим, мени қўйиб юборишди”, – дейилади.
Бу ҳолат Ислом тарихида “Хандақ ғазоти” номи билан машҳур бўлган жангдан кейин содир бўлади. Жанг жуда оғир шароитда кечган, бутун мушриклар бирлашиб, мусулмонларни охиригача қириб юборишга аҳд қилишади, Мадина шаҳрини қамал қилишади. Мусулмонлар билан тинчлик битими тузиб, қўшни бўлиб яшаётган яҳудий қавмлар хиёнатга қўл уриб, орқа томондан ҳужум қила бошлайдилар. Шунда Аллоҳнинг нусрати ва марҳамати ила қаттиқ шамол, изғирин совуқ ва мушрикларнинг ўзаро бир-бирларига ишончсизликлари сабаб душман келган жойига қуруқ қўл билан қайтиб кетади. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом орқали Аллоҳ таолодан буйруқ бўлади ва бу хиёнаткор яҳудий қавм ўз хиёнатлари сабабли жазоланадилар. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:
وَأَنْزَلَ الَّذِينَ ظَاهَرُوهُمْ مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ مِنْ صَيَاصِيهِمْ وَقَذَفَ فِي قُلُوبِهِمُ الرُّعْبَ فَرِيقًا تَقْتُلُونَ وَتَأْسِرُونَ فَرِيقًا
(سورة الاحزاب الاية – 27)
яъни: “У (фирқаларга) ёрдам берган, аҳли китобдан иборат кимсаларни (Аллоҳ) ўз қалъаларидан туширди ва дилларига қўрқув солди. (Улардан) бир гуруҳни ўлдирурсиз, бир гуруҳни асир олурсиз ( Аҳзоб сураси 27 – оят).
Расул алайҳиссалом Хандақ жангидан қайтиб, Фотима разияллоҳу анҳо ҳузурида турганларида Жаброил алайҳиссалом келиб, Бани Қурайза кофирларига қарши жангга чиқишлари тўғрисида Аллоҳнинг амрини етказади. Уларга мадад бериш учун осмондан тушган фаришталар ҳам уруш қуролларини ечмай мунтазир бўлиб туришгани ҳақида ҳам хабар беради. Расул алайҳиссалом дарҳол мусулмонларга тезлик билан Бани Қурайза сари равона бўлишга, то у ерга етиб бормагунларича аср намозини ўқимасликка буюрадилар. Ҳазрат Али разияллоҳу анҳу байроқни кўтариб, олдинда боради. Бани Қурайзага Шом вақти кирганда етиб борадилар. Баъзи саҳобалар кун ботишдан олдинроқ, яъни йўлда аср намозини ўқийдилар. Бошқалари ҳадиснинг зоҳирига амал қилиб, Бани Қурайзага етиб боргач, шомдан кейин қазо қилиб ўқийдилар. Кейин бу ҳақда Расул алайҳиссаломдан сўрашганда ҳар икки тоифа ҳам тўғри қилибдилар, деб жавоб берадилар. Шу гапларидан келиб чиқиб, мужтаҳид ўз ижтиҳодида хато қилса ҳам ажр олаверади, дейилган[1] Бани Қурайза кофирлари ўз қалъаларида йигирма беш кун қамалда турганларидан кейин таслим бўлиб, Саъд ибн Муоз разияллоҳу анҳунинг ҳакам бўлишига рози бўлишади. Унинг ҳукмига асосан ёвнинг 600 аскари қириб ташланиб, аёл ва болалари асирга олинади ва бойликлари ўлжа сифатида мусулмонларга тақсим қилиб берилади[2] . (Қуръони карим маънолари таржимаси. Шайх Абдулазиз Мансур Тошкент. 2001.)
Демак, Бани Қурайза қавмига юриш қилиш Аллоҳ таолонинг буйруғи билан бўлган ва урушда ғолиб бўлганларидан кейин ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом юксак инсоний фазилатни намоён этдилар. Қуллари устун бўлиб турганда яҳудийларга охирги имкониятни бериб, сизлар тўғрингизда ким ҳукм чиқаришини хоҳлайсиз, деб сўрадилар. Ана шунда улар ҳеч қандай босимсиз ўзининг аввалги битимдоши бўлган Саъд ибн Муоз разияллоҳу анҳунинг ҳакам бўлишига рози бўлишади.Улар бу билан ўзларига енгиллик бўлишини умид қилишганди. Энг қизиғи Пайғамбаримиз алайҳиссалом Саъд разияллоҳу анҳуга қандай ҳукм қилиш тўғрисида бирор кўрсатма бермадилар, нима деса, шу бўлишини айтдилар, холос. Уруш пайтида оғир хиёнат қилган қавмнинг ўлимига Саъд ибн Муоз разияллоҳу анҳу ҳукм чиқардилар.
Хулоса шуки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон аёлларни ноҳақ ўлдиришга буюрмаганлар. Ахир, ўз номи билан тинчлик дини бўлган Ислом динимиз нафақат аёллар, балки, бирор инсонни, ҳатто, у бошқа дин вакили бўлса ҳам, уни ноҳақ ўлдиришга буюрмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга тош отаётганлар эса, аслида муқаддас динимизга бўҳтон уюштирмоқдалар ва билмайдиларки, Аллоҳ таолонинг нурини ўчиришга уларнинг ҳеч ҳам кучлари етмайди. Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
يُرِيدُونَ لِيُطْفِئُوا نُورَ اللَّهِ بِأَفْوَاهِهِمْ وَاللَّهُ مُتِمُّ نُورِهِ وَلَوْ كَرِهَ الْكَافِرُونَ
(سورة الصف الاية - 8)
яъни: “Улар Аллоҳнинг нурини (Исломни) оғизлари (беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса-да, Ўз нурини (динини) камолга етказувчидир”, – деб марҳамат қилган (Саф сураси 8 - оят).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
[1] (Баҳрул-улум тафсири. Муфассир: Абул-лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Самарқандий (вафоти 375 ҳ.й.). Байрут нашри. 1993 й.)
[2] («Мадорикут-танзил ва ҳақоиқут-таъвил» номли тафсир. Муфассир: Абул-баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд ан-Насафий ал-Ҳанафий (вафоти 701 ҳ.й.). Истанбул нашри. 1324 ҳ.й.)
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси